Ўзбекистон Жанубий Корея билан йирик газ шартномасини имзолади

Жанубий Корея ва Ўзбекистон президентлари

Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасида Орол денгизи яқинидаги Сургил газ конини ўзлаштириш ҳамда Устюрт газ ва кимё заводини қуриш бўйича қиймати 4,1 миллиард АҚШ долларига тенг шартномалар имзоланди.

Шартномага Жанубий Корея Президенти Ли Мён Бакнинг Ўзбекистонга икки кунлик ташрифи пайтида эришилди.

Жанубий Кореянинг Ёнҳап Ахборот Агентлиги тарқатган хабарда айтилишича, бу 1992 йилда ўзаро муносабатларни тиклаган икки мамлакат ўртасидаги энг йирик ҳамкорлик шартномасидир.

Хабарларга кўра, Корея ширкатлари газ ва кимё заводини қуриш ишларини 2012 йилда бошлашади.

Устюртдаги газ ва кимё комлекси ишга тушган пайти у Сургил конидан йилига 3 миллиард кубометр табиий газ билан таъминланиши режалаштирилган.

Газ ва кимё заводига шунингдек Устюрт минтақасидаги бошқа газ конларидан 1,5 миллиард кубометр газ етказиб берилади.

Бундан беш йил муқаддам очилган Сургил конидаги газ заҳиралари 130 млрд кубометр экани тахмин қилинади.

Ассошиэйтд Пресс Ахборот Агентлигининг маълум қилишича, қўшма лойиҳаларни Кореянинг GS Engineering & Construction Corp., Samsung Engineering Co., Hyundai Engineering Co. каби ширкатлари ва "Узбекнефтегаз" Миллий Холдинг Компанияси амалга оширишади.

"Газ ва кимёвий комплекси Ўзбекистон тарихини ўзгартириб юбориши мумкин," деб айтган Жанубий Корея Президенти Ли Мён Бак Ёнҳап Ахборот Агентлигига.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг маълум қилишича, Устюрт газ ва кимё заводини қуриб битказиш учун 2,6 миллиард долларлик сармоя керак бўлади.

Жанубий Корея президентининг Ўзбекистонга сафари чоғида энергия, муҳандислик ва қурилиш соҳалари дохил, ҳаммаси бўлиб, 20 дан ортиқ шартнома имзоланган.

Трансаренси Интернейшнлнинг сўнгги индексига кўра, коррупиция даражаси бўйича 178 мамлакат орасида 172 ўринда турадиган Ўзбекистон Ғарб сармоядорларини жалб этишга қийналиб келади.

Аммо Ўзбекистон Осиё мамлакатлари билан яхши ҳамкорликни йўлга қўйишга муваффақ бўлган.

Шу йил аввалроқ Хитой Ўзбекистонга қиймати 5 миллиардга тенг сармоя киритишга қарор қилди.

Жанубий Корея ширкатлари ҳам Ўзбекистонга йирик сармоялар ётқизганлар.

Икки мамлакат ўртасидаги савдо айланмаси 2010 йилда тахминан бир ярим миллиард долларга етган.

Ўзбекистонда собиқ Совет Иттифоқи ҳудудида энг йирик корейс жамоаси яшайди. Сталин даврида Ўзбекистонга бадарға қилинган корейслар сони тахминан 200 минг экани хабар қилинади.