Касодга учраган Зеромаксдан 100дан ошиқ ширкат қарзларини қайтариб ола биладими?

Image caption Алишер Таксанов ўзбекистонлик собиқ дипломат ва иқтисодчи

Бу ҳафта Швейцарияда ўтган май ойида касодга учрагани эълон қилинган Зеромакс ўзбек-швейцар ширкатининг кредиторлари илк йиғинларини ўтказганлар.

Зеромакс билан келишувларга қўшилиб иш олиб борган 100дан ошиқ халқаро ширкатлар энди 5 миллиард доллар миқдоридаги пулни қайтариб беришни талаб қилишмоқда.

Улар орасида Тошкентдаги "Форумлар саройи" қурилишига жалб этилган олмон ширкати, украин миллиардери ва "Газпром Германия" каби ширкатлар бор.

Ўзбекистон иқтисодида чексиз имкониятлардан баҳраманд бўлиб келган Зеромакс ўзбек президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримовага алоқадорлиги айтиб келинган.

Би-би-си Швейцарияда яшовчи иқтисодий таҳлилчи Алишер Таксановдан аввало ғарблик кредиторларнинг Зеромаксдан пул ундириб олиши қанчалар имконли экани ҳақида сўради.

Таксанов: Мен бунинг имконлари минимал деб ўйлайман, чунки Зеромакс бошиданоқ фирибгарлик ширкати сифатида барпо этилди. Яъни у яширин усуллар билан капитални хорижга олиб чиқишга ихтисослашган идора эди. Ундан бирон нарсани ундириб олиш имкониятлари деярли нолга тенг. Балки ўзбек ҳукумати энг кўп жанжалга сабаб бўлаётган қарзларни тўлаш мажбуриятини ўз бўйнига олар, лекин 5 миллиард долларни қайтариш бу имконсиз. Немислар ҳам, бошқа кредиторлар ҳам, бу ширкатга қарз беришаётганларида билишарди Зеромакс қандай ташкилот эканини ва ўйин қойидаларини. Ундан ташқари, бу кредиторлар шарқона бир қоидани англаб етгандилар, у ҳам бўлса шартномага ким имзо чеккани муҳим эмас, балки унинг ортида ким тургани муҳимроқ. Улар Зеромакс аслида Ислом Каримов оиласининг ширкати экани билишарди ва бундан фойда кўришга интилганлар. Айниқса немислар прагматик халқ, улар кимдан қандай фойда кўришни билишади. Лекин, афсуски Зеромакс ўзига керагини ундирдию, ғойиб бўлди, ва ундан энди ҳеч нима қайтариб олиб бўлмайди. Бу шарқона айёрлик ва шарқона шафқатсизлик дегани.

Би-би-си: Демак, сиз Зеромакс тузилганидаёқ унинг касодга учраши аввалдан режаланган деб ўйлайсиз, шундайми?

Таксанов: Албатта, албатта. Тасаввур қилинг, 20 минг швейцар франк низом жамғармасига эга ва аввал ҳеч қачон ҳеч қайси мамлакатнинг иқтисодида ўзини кўрсатмаган бир ширкат тўсатдан Ўзбекистондаги барча нефт ва газ соҳасидаги назорат пакетларига эга бўлди. Нефт ва газдан ташқари, олтин ва қурувчилик соҳасидаги шартномаларни қўшинг. Бу ширкат ўзбек иқтисодининг деярли ярмига эгалик қила бошлади. Уни бир жуфтлик тузган дейилди, лекин агар уларнинг ортида реал шахслар турмаганида, бунинг имкони бўлмасди. Реал шахслар эса бу Каримов ва унинг оиласи.

Би-би-си: Лекин, бу даъво, холос, бу ҳеч қаерда исботланмаган. Сиз нимага асосланиб қилаяпсиз бу даъвони?

Таксанов: Ўйлаб кўринг, яширин схема тузилганда, ипнинг учи буткул яшириб қўйилади, яъни ҳеч ким ҳеч нарсани исботлай олмаслиги учун. Шунинг учун буни билвосита исботлаш мумкин - яъни қандай қилиб нефт ва газга сармоя киритадиган ширкат тўсатдан Тошкентдаги "Форумлар Саройи"нинг қурилишини ўз қўлига олди? Зеромакс газ қазиб чиқариш ва телекоммуникация кабелларини ётқизишга ихтисослашган дейилган бўлса, қандай қилиб у бирданига фуқаролик иншоотларини қура бошлади? Бу лойиҳанинг бюджети ҳам ноаниқ эди, энди эса у 1 миллиард доллар бўлгани қалқиб чиқмоқда. Бу бино кимга ва нимага керак эди? Унинг рентабеллиги йўқ. Масалан, ёдгорликлар қурилганда, давлат унинг рентабиллиги йўқлигини билади ва бу борадаги мажбуриятларни ўз бўйнига олади. Бюджети 100 миллион доллардан ошадиган бинолар омма орасида муҳокама этилиши керак. У ўзи халққа керакми, йўқми...

Би-би-си: Нимага уни қуришди деб ўйлайсиз?

Таксанов: Бу пул ювиш учун қурилган. Катта миқдорда пул киритилган, Зеромакс Ғарб қурувчилари ва сармояларни жалб қилган, тинчгина ўз каналлари орқали ҳаммасини қонунийлаштирган ва пулнинг барчаси офшор ҳудудлардаги ва Ғарб банкларидаги ҳисобларга қўйилган. Ҳозир аудит ўтказиш жуда қийин бўлади, чунки асосий ҳужжатлар, яъни пуллар қаерга ва қандай сарфлангани борасидаги ҳисоб-китоб Ўзбекистонда сақланади. Масъул шахс деб кўрилган Миродил Жалолов ғойиб бўлган. Балки уни қамоққа олишгандир. Зеромакс эгаси сифатида унга даъволар қилинганда, Ўзбекистон оддийгина қилиб, "кечирасиз, у иқтисодий жиноят содир этди, 20 йилга қамалган. 20 йилдан сўнг даъволарингизни кўриб чиқамиз," дейиши мумкин. 20 йилдан кейин эса, Насриддин Афанди айтганидек, ё эшак ўлади ё подшоҳ...

Би-би-си: Баъзи таҳлилчилар Зеромакс касодга учраши билан ва унга қарши кредиторлар маҳкамага шикоят қилиши билан Ўзбекистоннинг халқаро бозордаги имиджига шикаст етди дейишаяпти. Лекин бу имидж авввал ҳам яхши бўлмаган, шундай эмасми? Сармоядорлар кўп марта қопқонга тушганлар. Бироқ, шунга қарамай улар келишда давом этишаяпти ва ўзбек қонунларига биноан ўйнашаяпти. Буёғига ҳам бу давом этса керак?

Таксанов: Ўзбекистоннинг имиджи аввалданоқ маълум. Барча халқаро ташкилотлар рейтингида Ўзбекистон энг охирги ўринларни эгаллаб келади. У ерда ҳукуматнинг ёки сармоядорларнинг фаолиятини кузатувчи Халқаро Валюта Жамғармасининг ваколатхонаси йўқ. Жаҳон банки лойиҳалари чекланган. Оврўпо Тараққиёт ва Тикланиш Банки ҳам шундай аҳволда. Яъни халқаро ҳамжамият Ўзбекистон сармоя учун яхши жой эмаслигини билади. У ерда ишламоқчи бўлган хорижий ширкатлар эса бошиданоқ коррупцион келишувлар ҳақида жуда яхши билишади. Зеромакс билан ишлаган ташкилотлар ҳам бундан огоҳ эдилар. Афсуски, уларнинг оғзи куйиб қолди ва энди кўп нарса талаб қила олишмайди, чунки бошидан шу яширин коррупцион схемага ўзлари қўшилганлар.