Эрон президенти: Исроил учун Яқин Шарқда ўрин бўлмайди

Президент Аҳмадинежод
Image caption Эрон президенти Исроил давлатига қарши кескин фикрлари билан танилган

Эрон Президенти Маҳмуд Аҳмадинежоднинг баён қилишича, Фаластин давлати барпо этилгач, Исроил учун Яқин Шарқда ўрин бўлмайди.

Теҳронда Фаластин халқини қўллаб-қувватлаш мақсадида намойишга йиғилган ўн минглаб инсонлар ўнгида чиқиш қилган Президент Аҳмадинежод Фаластин давлатининг барпо этилиши барча фаластин тупроқларини озод этиш йўлидагии илк қадам бўлишини айтган.

Ўн минглаб инсонлар"Исроилга ўлим!" ва "Америкага ўлим!" деган шиорларни айтиб ҳайқирганлар.

ҳар йили Фаластин халқига бирдамлик изҳор этиш учун Эрон пойтахти бўйлаб юриш қилишади.

Эрон ҳукумати ташаббуси билан ўтказиладиган ушбу марш "Қудс куни" номини олган.

Фаластин раҳбари шу йил сентябрида Фаластин мухторияти мустақиллигини тан олишни сўраб, БМТга ариза топшириши кутилмоқда.

"Мустақил Фаластин ҳукуматини эътироф этиш ниҳоий мақсад эмас... (балки) Фаластин заминини тўлиқ озод этиш йўлидаги бир қадамдир," деди Эрон президенти Теҳрон Университетида ўтказилган жума намозига тўпланганларга.

"Сионист режими вируслар ва саратон ҳужайралари уяасидир. Агар Фаластин тупроғининг озгинаси қолса, улар яна ҳаракат қилишади... ва барчага зиён етказади" , деди Эрон президенти телевидение орқали намойиш этилган йиғинда гапирар экан.

Жаноб Аҳмадинежод шунингдек Исроилни огоҳлантириб, унга Яқин Шарқда "ўрин йўқ"лигини айтди.

"Замонингиз ўтди. Ўз уйларингизга қайтиш сизларнинг манфаатингиздадир... Сизга бизнинг минтақамиз ва минтақамиз халқлари орасида ўрин йўқ," деди Маҳмуд Аҳмадинежод.

Эрон президенти ўзининг аксил-Исроил чиқишлари билан танилган.

Бир неча йил муқаддам Маҳмуд Аҳмадинежод "исроил ер харитасида бўлмаслиги керак," дегани учун ғарб давлатларининг кескин танқидларига учраганди.