Руслан Чагаев бугун Жаҳон чемпионлиги камари учун яна рингга тушади

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Профессионал рингдаги илк мағлубиятидан икки йил ўтиб, WBA йўналиши бўйича энг оғир вазн тоифасида собиқ Жаҳон чемпиони, ўзбекистонлик донгдор боксчи Руслан Чагаев чемпионлик камарини қайтариб олиш учун бугун россиялик рақиби Александр Поветкинга қарши рингга тушади. Жанг Олмониянинг Эрфурт шаҳрида бўлиб ўтади. Ҳар икки боксчи ҳам турли оммавий-ахборот воситаларига берган суҳбатларида ўзларининг бўлажак жангга шай эканликларини баён этишганди. Жумладан, Руслан Чагаев жанг арафасида Би-би-си Ўзбек Хизматига берган интервьюсида кимнинг ким экани фақат рингда билиниши, ўзининг фақат ғалаба илинжида эканини айтганди. 2005 йилда профессионал боксга ўтган Александр Поветкин эса, бундан аввал энг оғир вазн тоифасида Жаҳон чемпионлиги учун жанг олиб бормаган. Аммо у ҳам чемпионлик иштиёқида ёнаётганини баралла баён этиб келмоқда. Александр Поветкиннинг ҳаваскор боксда Олимпия ва Жаҳон чемпионлиги қўлга киритганига унча кўп бўлмаган. Аммо бокс оламида Руслан Чагаевнинг профессионал жангдаги тажрибаси ва чапақайлигига алоҳида диққат қилаётганлар ҳам талайгина. Бўлажак рақибларнинг ёши, бўйи ва оғирликлари деярли фарқ этмаслигини назарда тутиб, икковлоннинг имкониятларини бир хил чамалаётганлар-да йўқ эмас. Мен бўлажак жанг арафасида Руслан Чагаевнинг мураббийларидан бири, ўзбекистонлик донгдор боксчи Артур Григорян билан боғланиб, унинг жангга қанчалик шай экани билан қизиқдим:

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Жаҳон бокси "қироли" Артур Григорян Русланга ишонишини айтмоқда

Артур Григорян: Жанг олдидан ҳеч қачон қуруқ ёки жимжимадор гаплар билан катта кетиб бўлмайди. Лекин гапнинг ростини айтадиган бўлсам, Русланнинг тайёргарлиги таҳсинга лойиқ. Мен ҳали Русланнинг бирор бир жангга бунчалик ҳозирлик кўрганига гувоҳ бўлганим йўқ: Жангга ташна, стратегияси аниқ, шиддатли, қатъиятли...Қаерда, қачон, қандай зарба беришни билади. Яхши стратег. Русланнинг жангга руҳат қанчалик тайёрлиги мени ҳам қувонтиради, ҳам ҳайратга солади. Илоҳим, энди буёғига яхши жанг ўтказиб, уни ўз фойдасига ҳал қилиб, қўли баланд келсин, деб қоламан, холос.

Би-би-си: Артур ака, сизга яхши маълумки, жанг Руслан шуғулланиб, шунча вақт рингга тушиб келган Олмониянинг Гамбург эмас, Эрфурт шаҳрида бўлиб ўтади. Бунинг бўлажак жанг тақдирига, Русланнинг ғолиб чиқиш имкониятларига қандайдир таъсири бўлиши мумкинми?

Артур Григорян: Бу саволга профессионал маънода, яъни бизнесменлар тилида жавоб берсам тўғрироқ бўлади. Иккита менежер жангни қаерда ўтказиш масаласини муҳокама этишади. Бирови у ерда дейди, бошқаси эса, бу ерда, дейди. Бири у ерда ўтса, шунча пул тўлайман, дейди, бошқаси эса, мунча,... Шундан сўнг, пулни каттароқ тиккани улоқни илиб кетади. Бизга эса, бунинг фарқи йўқ. Жангни истаган ерларида ўтказишавермайдими. Чунки рингда буларнинг барчаси ҳеч нарса қилиб бера олмайди. Чунки жангнинг тақдири фақат яккама-якка курашда ҳал бўлади. Руслан жанговар боксчи. Биз Николай Валуевни ҳам худди шундай шароитда енганмиз. Ўша пайтда ҳам ҳозирги менежерга рўбарў келгандик. Биз бу гал ҳам улардан кучлироқ эканимизни кўрсатиб қўямиз.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Би-би-си: Сиз ҳаваскор боксда ҳам, профессионал боксда ҳам ном чиқарган боксчисиз. Русланнинг бўлажак рақиби Александр Поветкинга қандай баҳо берасиз? Айниқса, унинг ҳаваскор боксда Олимпиада ва Жаҳон чемпиони экани назарда тутилса?

Артур Григорян: Тўғри, Александр Поветкин ҳаваскор бокснинг энг оғир вазн тоифасида Олимпия чемпиони. Биз буни ҳурмат қиламиз, инобатга оламиз, тушунамиз. Аммо профессионал боксда ҳаммаси бошқача. Сен ҳаваскор боксда Олимпия ёки Жаҳон чемпиони бўлмайсанми, профессионал боксда профессионал маҳоратингни кўрсатишинг лозим бўлади. Яна Русланни мақтаяпти, деб ўйламанг. Аммо Руслан профессионал боксчи сифатида ўз ўрнига эга, зарбалари аниқ, рингда сезгир, шароитга қараб тезда мослашиб кетади. Лекин шунда ҳам жанг осон бўлади, демоқчи эмасман. Чунки гап энг оғир вазн тоифаси ҳақида кетаяпти. Бу каби ҳолатда ҳаммасини аниқ ва тезкор берилган битта зарба ҳал қилиши ёки жанг 12 раундга қадар чўзилиб кетиши мумкин. Шунинг учун ҳам биз Поветкиннинг ҳам кучли ва ҳам ожиз жиҳатларини инобатга олаяпмиз. Эй, битта Поветкин бўлса, бурнини ерга ишқаб қўямиз, деб катта кетаётганимиз йўқ. Чунки ҳаваскор боксда Александрнинг техникаси яхши шаклланган.Бу каби рақибга қарши туриш учун ҳам оёғинг, ҳама тананг ва қўлинг шиддат билан ишлаши керак. Устма-уст енгил зарбалар бериб, очко тўплашинг лозим. Етарлича очко тўплаб олганингда кейин эса, рақибингни нокаутга ҳам йўллашинг мумкин. Чунки унга ортиқ енгил зарбалар бериб ўтиришингга ҳожат қолмайди. Битта аниқ ва кучли зарба билан ҳаммасини ҳал қила оласан.

Би-би-си: Агар гапнинг дангалини айтадиган бўлсак, ҳам мураббийси ва ҳам профессионал боксчи сифатида Русланнинг бўлажак жангда ғолиб чиқиш имкониятларини қандай баҳолайсиз?

Артур Григорян: Мен 70 фоиз, деб баҳолаган бўлардим. Боксчи нуқтаи назаридан келиб чиқиб элликка эллик, деб айтолмайман. Аммо 70 га 30 десам тўғрироқ бўлади. Мен Руслан қадрдоним бўлгани учун бундай деяётганим йўқ. Унинг жангга қанчалик ҳозирлигини кўриб, келган хулосам шу. Чунки Руслан Николай Валуевга қарши жанггидагидан кўра ҳам жанговар руҳда. Ўз ўрнида Александр Поветкин Николай Валуевга қараганда кучлироқ боксчи эканини ҳам инкор этмайман. Аммо Руслан техникасини янада яхшилаган, қаторасига зарба бериш санъатини пухта эгаллаган. Яқин ва ўрта масофада шиддатли бокс намойиш этишга ўтган. Русланга ишончим комил. "Агар ҳозир рингда кўрсатаётган санъатингни бўлажак жангда ҳам намойиш этсанг, ғалаба қозонишинг учун шунинг ўзи кифоя қилади", деб Русланнинг ўзига ҳам айтаман. Чунки машғулотлар чоғида Руслан ўзидан бир неча баробар келадиган учта спарринг шеригини уриб ташлади. Иккитасини нокаутга учратди. Шунинг учун бўлажак жанг бизнинг - Русланнинг фойдасига бўлишига умид қилиб қоламиз.

Би-би-си: Эслатиб ўтамиз, Руслан Чагаев 2007 йилда бошқа бир россиялик боксчи Николай Валуевни енгиб, илк бор Жаҳон чемпионлигини қўлга киритган ва орадан бир йил ўтиб, британиялик рақиби Матт Скелтонга қарши жангда ўз мавқеини яна бир бор ҳимоя қилишга муваффақ бўлган. Аммо бундан икки йил аввал украиналик боксчи Владимир Кличкодан мағлубиятга учраб, энг оғир вазн тоифасида чемпионлик камаридан буткул мосуво бўлганди. Руслан ўтган йил май ойида австралиялик рақиби Кали Мианни енгиб, яна чемпионлик камарига даъвогарлик қилиш ҳуқуқини қўлга киритган. Руслан Чагаев профессионал кареьерасида 27 та жанг ўтказган, шундан 25 тасида ғалаба қозонган, биттасини дуранг ва бошқасини мағлубият билан якунлаган. Россиялик рақиби ўтган 6 йил ичида 21 бор рингга тушган бўлса, ҳаммасида ғалаба қозонган. Аммо 2008 йилдан буён кўзга кўринган бирор бир боксчи билан жанг олиб бормаган. Александр Поветкин WBA йўналишида Русландан кейин 2-ўринни эгаллаб турибди. Айни ўринда шуни таъкидлаш жоизки, россиялик боксчи бундан 3 йил бурун америкалик рақиби Крис Бердни айнан Эрфурт шаҳрида мағлубиятга учратган. Шу йил июл ойида Жаҳоннинг супер чемпионлиги учун жангда украиналик донгдор боксчи Владимир Кличконинг британиялик рақиби Девид Ҳейни енгиши ортидан, WBA йўналиши бўйича энг оғир вазн тоифасида Жаҳон чемпионлиги ваканцияси бўшаган ва бугунги жанг янги чемпионни аниқлаб беради.