Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Ўзбек телевидениесининг аёл журналистларига очиқча кийиниш тақиқланди

Image caption Ўзбек телевидениесида қўшиқчиларнинг очиқ кийиниши ва "кўз сузиш"и ҳам қораланади

Хабарларга кура, Ўзбекистон давлат телевидениесида аёл журналистларнинг калта юбка, кўкрак қисми очиқ кўйлак ва ҳарир либосларда ишга келишлари тақиқланган.

Харакат.нет мустакил хабар агентлиги кийиниш борасида телевидениеда махсус низом қабул қилингани ва журналистларга эълон қилингани ҳақида хабар тарқатган.

Телевидениедаги манба Би-би-сига низом қабул қилинганини рад этди, аммо кийиниш масаласи жамоат шартномасига киритилганини тасдиқлади.

Ўтган йили раҳбариятни танқид қилиши ортидан ишдан бўшатилган Ўзбекистон телевидениесининг журналисти Малоҳат Эшонқулованинг айтишича, ҳар ёз мавсумида журналистлар аёлларнинг қандай кийиниши масаласи камида бир марта кўтарилган.

Бироқ, ҳозирда бу каби кўрсатма қаттиққўллик билан тадбиқ этилаётганига ишоралар бор.

"Ёшлар" телеканалидан бир ҳамкасбим кўргани келди мени, уйда суҳбатлаштириб ўтирганимизда шу ҳамкасбимнинг оғзидан эшитиб қолдим, у "жуда катта йиғилиш бўлди душанба куни, бутун телевидение ходимларини йиғиб, аёлларнинг кийинишига бағишланган катта тадбир ўтказилди. Сизларга очиқ-сочиқ, ярим-яланғоч, калта юбка кийиш, енгиз (кўйлак) кийиш мумкин эмас, сочини сариққа бўяш мумкин эмас," деди," дейди Эшонқулова хоним.

Ўзбекистон телевидениесида сочи сариққа бўялган аёл журналистлар, диктор ва бошловчиларни эфирга чиқариш тақиқлангани аввалдан айтиб келинган.

Айни дамда, Ўзбекистонда жамоат жойларида ҳижоб ё Исломий рўмоллар тақиқлан бир вақтда, Ўзбекистон телевидениесида кузатилаётган бу каби анъанадорлик баъзиларни ажаблантирмоқда.

Шу йил баҳорида Ўзбекистон телевидениеси аёл қўшиқчиларнинг ўз клипларида "кўз сузишлари" ва замонавий кийимларда чиқиб, томоша кўрсатишларини қораловчи давра суҳбатини ўтказганди.

Тажрибали тележурналист Малоҳат Эшонқулова бу каби кўрсатмаларнинг "тепадан", хусусан Ўзбекистон Президент девонидан келишини тасаввур қила олмаслигини, бу қарорлар телевидение раҳбарияти истаги билан қабул қилинаётган бўлиши мумкинлигига ишонади.