'Атрофидагиларини қўрқитиб қўйиш мақсадида одамларни ғойиб этадилар'

Image caption Таниқли имом Абдували қори Мирзаев 1995 йил 29 августида ғойиб бўлган

30 август - Халқаро бедарак кетган инсонларни хотирлаш куни муносабати билан дунё бўйлаб дараксиз кетган минглаб инсонларнинг тақдири ва улардан бир хабар кутиб, кўзлари тўрт бўлган оилаларга эътибор қаратиш сўралаган.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти мазкур ҳолатларни ва айрим мамлакатларда қарама-қаршиликлар пайти қандайдир келишувлар учун одам ўғирлаш амалларини қоралаган.

Одамларнинг ғойиб бўлиши ҳоллари Марказий Осиё мамлакатларида ҳам кузатилади.

Ўзбекистон мустақилликка эришганидан кейин қатор таниқли инсонларнинг тақдирлари халқаро ҳамжамият эътиборига тушган.

Ўзбекистонда илк исломий партия ташкил этган "Ўзбекистон Ислом Уйғониш партияси"нинг раҳбари бўлган Абдулла Ўтаев 1992 йилда ғойиб бўлган.

Андижонлик таниқли имом Абдували қори Мирзаевнинг яқинлари унинг 1995 йил 29 августида Москвадаги анжуманга йўл олгани, сўнгги марта уни Тошкент аэропортида текширувдан ўтаётганини кўришганини айтишган.

1999 йилги Тошкентдаги портлашлардан кейин Абдували қори Мирзаевга қидирув эълон этилган.

Image caption "Ўзбекистон Ислом Уйғониш партияси"нинг асосчи Абдулла Ўтаевнинг тақдири 1992 йилдан буён ҳеч нарса маълум эмас

Муҳожиротда яшайдиган ўзбекистонлик таниқли имом Обидхон қори Назаров ўғли Ҳусниддин Назаровни топишда кўмаклашишни сўраб халқаро ташкилотларга мурожаат этган.

Яқинларига кўра, Ҳусниддин Назаров 2004 йил 16 май кечга яқин уйидан чиқиб кетганидан сўнг бедарак кетган.

2004 йил ёзида хорижда диний таҳсил олиб қайтган яна бир неча ёш йигитлар ғойиб бўлганлар, яқинлари ушбу инсонларнинг йўқолишида Ўзбекистон махсус хизматларини айблаганлар.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва мухолифат фаоллари Ўзбекистонда яна кўплаб инсонларнинг бедарак кетишида Ўзбекистон ҳукуматини масъул кўрадилар.

Би-би-си БМТнинг Бедарак кетганлар бўйича Ишчи гуруҳи раҳбари Жереми Саркин билан Марказий Осиёда инсонларнинг ғойиб бўлиши кўлами ҳақида суҳбатлашди.

Жереми Саркин: Биз жаҳон бўйлаб охирги 30 йил мобайнида 55 минг инсон бедарак кетгани ҳақидаги маълумотга эгамиз. Марказий Осиё мамлакатларида бу рақам у қадар катта эмас, ҳар бир давлатда тахминан 5-15 киши ғойиб бўлгани айтилади. Лекин бу амалдаги вазиятни акс эттирмайди. Ғойиб бўлганлар билан боғлиқ энг катта муаммо, бу улар ҳақида хабар берилмаслигидир. Оила аъзоларига бу ҳақда гапирмаслик айтилади, уларни тазйиқ остига олиб, пўписа қиладилар. Лекин бизнинг гуруҳимиз минтақадаги бу ҳолатларни жиддий қабул қилади ва келажакда минтақадаги баъзи давлатларга бориб вазиятни ўрганиш режаларимиз бор.

Image caption 2004 йил ёзида Тошкентда Ҳусниддин Назаров ва яна бир неча ёш йигит ғойиб бўлганлар

Би-би-си: Марказий Осиё давлатларида кўпда турли айблов ва баҳоналар билан маҳкамага тортиб қамоқ жазоси белгилаш кенг тарқалган ҳолат. Балки бу билан расмийлар халқаро ҳамжамият ўнгида ўзлари тутаётган йўлнинг қонунийлигини кўрсатиб қўймоқчидилар? Улар бунга эришаяпдилар деб ўйлайсизми ва агарда шундай қилиш мумкин бўлаётган бўлса, нима учун одамларни ўғирлаб, ғойиб қилиш практикасини ҳануз қўллайдилар?

Жереми Саркин: Одамларни ўғирлаб, ғойиб қилиш муайян сабаблар туфайли давлат томонидан қўлланади. Бу амал ҳамиша ҳам инсоннинг шуғулланаётган фаолиятини тўхтатиш учунгина эмас, бу одам атрофидагиларини қўрқитиб қўйиш учун қилинади. Яъни уларга агарда сизлар ҳам шу каби фаолият билан шуғуллансангиз, сиз ҳам ғойиб бўласиз, деган огоҳни бериб қўйиш учун қилинади. Оила аъзоларига бедарак кетган шахснинг ўлиги ё тириклиги ҳақида айтилмайди. Одам ўғирлашлар асосан ана шу сабабдан рўй беради. Одамларни ўғирлаш баъзи давлатлар томонидан мухолифат аъзоларини тазйиқ остига олиш ва улар атрофидагиларга ҳам таъсир ўтказиш воситаси сифатида фойдаланилади.