Тошкентда хавфсизлик чоралари ЎИҲ жангарилари боис кучайтирилдими?

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Ўзбекистон мустақиллиги байрами нишонланадиган кунларда барча куч тизимлари фавқулодда хизмат тартибига ўтказилади

Пойтахт Тошкентда хавфсизлик чоралари олдинги йиллардагидан ҳам кўпроқ кучайтирилди, Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик хизмати ходимларига кўра, Афғон-Ўзбек чегарасида ва Тошкентга кираверишда шубҳали шахслар қўлга олинган.

Бу ҳақда Ўзбекистондаги 12.uz Интернет-портали хабар тарқатган.

12.uz хабарида айтилишича, Ўзбекистон мустақиллигининг 20 йиллиги байрами нишонланиши, мусулмонлар учун муқаддас Рамазон ойининг якунланиши ва янги ўқув йилининг бошланиши бир вақтга тўғри келгани пойтахт Тошкентда, Фарғонада ва Афғонистон билан чегарада хавфсизлик чораларининг кучайтирилишига сабаб бўлган.

Ўзбекистон расмий идоралари мавқеини ёритадиган Интернет-Ахборот портали Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик хизматининг Камрон Б деб таништирилган таҳлилчиси сўзларини келтиради.

"Бизда Афғонистон билан чегарада, шунингдек, Тошкентга кираверишда бир неча шубҳали шахслар қўлга олингани фактлари бор. Бундан ташқари, маълумки йирик санада тартибсизликларни келтириб чиқариш Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг режасига кириши мумкин", деб айтган МХХ таҳлилчиси.

Ўзбекистон пойтахтида мустақиллик байрамига тайёргарлик бир неча ой илгари бошланган, Тошкент олий ўқув юртларида таҳсил олаётган талабаларнинг ҳар доимгидан эрта имтиҳон ва синовларни топшириш талаб этилгани ана шу тайёргарлик билан тушунтирилган.

Тошкент шаҳри ва вилоятлардаги масжидларнинг масъуллари мусулмонларнинг Рамазон ойи мобайнида адо этадиган Эътикоф намозлари учун масжидларда қолишларига рухсат бермаганлар.

Бу Рамазон ойининг учинчи ўн кунлиги август ойининг охирги ўн кунлигига тўғри келгани ва хавфсизликни таъминлаш мақсадидаги тақиқ деб изоҳланган.

31 август куни эрталаб Ўзбекистон масжидларида Рамазон Ҳайити намозлари ўқилган.

31 август Ўзбекистонда Қатағон қурбонларини хотирлаш куни сифатида нишонланади, эрталаб мамлакат раҳбарлари Тошкентдаги "Шаҳидлар хотираси" хиёбони ва Мустақиллик майдонидаги "Мустақиллик ва Эзгулик монументи" деб номланган ёдгорликни зиёрат қилганлар.

Кечқурун Алишер Навоий боғида мустақиллик байрамининг асосий тантаналари нишонланган.