"Еленанинг иши экстремистик фаолият дея баҳоланиши мумкин" - Чегара билмас мухбирлар

Image caption Мустақил журналист Елена Бондарга Тошкент аэропортида божхона қоғозини тўлдиришга изн берилмаган.

Журналистлар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи Чегара билмас мухбирлар халқаро ташкилоти баёнот чиқариб Ўзбекистонда мустақил журналист Елена Бондарь юзасидан ўтказилаётган текширув жараёнидан хавотир билдирди.

Елена Бондарь 22 август куни Бишкекдаги трейнингдан қайтган вақти қисқа муддат ушлаб турилиб, ёнидаги видео ва аидио кассеталар, шунингдек, рақамли маълумот сақловчи USB ускунаси олиб қўйилган.

Унга нисбатан ҳозирда бу ашёларни божхона декларациясида қайд қилмаганлик айби илгари сурилмоқда.

Би-би-си Чегара билмас мухбирлар ташкилотидан Йоханнес Бийр билан боғланиб, уларни хавотирга солаётган омиллар ҳақида сўради:

Бийр: Елена Бондарнинг айтишича, уни учиб келиши биланоқ қўлга олишган ва ҳатто божхона нуқтасига бориб, божхона қоғозини тўлдиришга ҳам қўймаганлар. Уни ушлашлари билан юки текширилиб, электрон ахборот сақловчи ускуналари мусодара қилинган, уларни божхона қайдидан ўтказишга имкони бўлмаган. Икки кундан кейин унга маъмурий айблов асосида текширув жараёни ўтказилаётгани ҳақида маълум қилишган. Бизни энг кўп хавотирга солаётган нарса эса унинг маъмурий жазога юз тутиши мумкинлиги эмас, ундан мусодара қилинган электрон ускуналарнинг ахборот ва оммавий ахборот воситалари фаолиятини мониторинг қилиш бўйича янги тузилган комиссияга топширилганидир. Бу комиссия бизнинг назаримизда ўзбек расмийлари қўлида интернетни назорат қилишнинг янги бир қуролидир. Бу қадам ўзбек расмийларининг интернет устидан қатъий назоратни қўлга олиш йўлида қўяётган қадамларидир. Бундан аввалроқ ўзбек расмийлари мамлакатга қарши информацион уруш кетаётгани ва мамлакат хавфсизлиги билан барқарорлигини ҳимоя қилиш эҳтиёжи ҳақидаги баёнотлар билан чиққандилар. Мана шу манзарада эндиликда бу янги тузилган комиссия Елена Бондарь ёнида бўлган маълумотларни кўриб чиқиб, инқилобга даъватлар, қўпорувчи маълумотлар, диний экстремистик ташвиқот борми йўқлиги ҳақида хулоса бериши керак.

Би-би-си: Агарда Бондарнинг ёнида бўлган маълумотларда бу каби ташвиқот ва тарғиботлар мавжуд бўлмаса, комиссиянинг хулосасидан у қадар ҳам ташвишланмаса ҳам бўлса керак?

Бийр: Албатта, биз уни экстремистик ғоялар ташвиқотчиси деб умуман гумон қилмаймиз. Лекин биз ўтмишда юз берган ҳоллардан биламизки, бу каби цензура билан шуғулланувчи гуруҳ ва ташкилотлар ҳар қандай мустақил журналистик маълумотни экстремистик ёда бўлгинчилик ташвиқоти сифатида талқин қилишга мойиллар. Масалан мустақил журналист Абдумалик Бобоев мисолини олинг. Ёки сураткаш Умида Аҳмедова мисолини олинг. Шунга ўхшаш экпертлар комиссияси уни ўзбек халқини ҳақорат қилишда айблаганди, ваҳоланки унинг фаолияти ижтимоий сураткашликдан бошқа нарса эмасди. Хуллас, ўзбек расмийлари учун ҳар қандай мустақил ахборотни экстермистик ташвиқот дея талқин қилишлари оппа-осон. Ана шу нарса бизни хавотирга солмоқда. Чунки бу каби айбловларнинг оқибати бир неча йиллик қамоқ жазоси бўлиши мумкин. Ана шу жиҳатдан Елена Бондарга нисбатан ўтказилаётган текширув жараёни у ва мамлакатдаги бошқа ҳамма мустақил журналистлар учун таҳдидлидир.