Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Истанбулда Ўзбекистон Халқ Ҳаракати норозилик чиқиши ўтказди

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Норозилик чиқиши иштирокчилари "Ўзгаришлар вақти етди" каби шиорларни кўтариб олишган

Туркиянинг Истанбул шаҳрида Ўзбекистон Халқ Ҳаракати фаоллари Каримов тузумига қарши норозилик намойишига чиқдилар.

Ўзбекистон Мустақиллигига 20 йил тўлиши муносабати билан ташкил қилинган ушбу йиғин Ўзбекистоннинг Истанбулдаги консуллиги қаршисида ўтди. Йиғинда фаоллар ва ўзбекистонлик муҳожирлар билан бир қаторда Туркиядаги айрим инсон ҳуқуқлари ташкилотлари аъзолари дохил 50га яқин киши иштирок этган.

"Биринчи мақсад - Ўзбекистон халқини Мустақиллик куни билан табриклаш. Ва унинг орқа тарафида бу мустақиллик биз ҳақиқий интилган мустақиллик эмас, яъни, бу сўздаги мустақиллик, Каримов эълон қилаётган ютуқлар аслида йўқотишлар эканлигига Ўзбекистон ичидаги халқни ва умуман, матбуот орқали халқаро ҳамжамиятни шунга диққатини қаратиш", дейди ташкилотчилардан бири Камолиддин Йўлдошев.

Камолиддин Йўлдошевга кўра, иккинчи мақсад "Ўзбекистон ҳукуматидан қўрқувни даражасини пасайтириш" ва "Ўзбекистон ташқарисидаги Каримовнинг қўл етмайдиган ҳудудларда бўлса ҳам унга қарши норозиликни билдириш"дир.

Ташкилотчилар Ўзбекистон консуллигига бир қатор талабларни етказишган.

"Биринчи талаб - Ўзбекистондаги барча тўсиқларни олиб ташлаш, дин эркинлиги, сўз эркинлиги, айниқса, вижон эркинлигига қарши тўсиқларни олиб ташланиши ва диний - сиёсий маҳбусларни ҳеч қандай шартсиз оқланиши, озод этилиши, Ўзбекистондан ташқарида юрган динпарвар, сиёсий муҳожирларни ватанга қайтишига шароитларни яратилиши", дея билдиради Камолиддин Йўлдошев.

Аммо, Ўзбекистон консуллиги расмийлари намойишчиларнинг талабларига бирон бир муносабат билдиришмаган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Норозилик чиқишида диний - сиёсий маҳбусларни ҳеч қандай шартсиз оқланиши ва қийноқлар тўхтатилиши ҳам талаб қилинган

Ўзбекистон Халқ Ҳаракатининг ташкил этилганига кўп бўлгани йўқ. Ташкилотчилари араб давлатларида рўй берган инқилоблардан илҳомланганларини яширишмайди.

Аммо, кузатувчилар Ўзбекистон сиёсий саҳнасида инқилоблар юз бериши эҳтимоли деярли йўқ эканини айтадилар.

Бугун Ўзбекистон консуллиги қаршисида норозилик намойиши ўтказган фаоллар эса, "албатта, биргина намойиш билан Ўзбекистондаги тузумни ўзгартириб бўлмаслиги", кураш давом этишини айтишади.