Ислом Каримовнинг китоби Қаддофий ёки Ким Чен Ир асарларидан қандай фарқ қилади?

Image caption Ислом Каримовнинг "Ўзбекистон: XXI аср бўсағасида" китоби 1996 йилда нашр этилган

Лондондаги "Guardian" рўзномаси Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг китобига бағишланган мақола эълон қилган.

Мақолани инглиз тилидан "Диктатор мутолааси: Ислом Каримовнинг оҳиста пўписаси" деб таржима қилиш мумкин.

Мақола муаллифи Даниэл Калдернинг ёзишича, бир неча диктаторларнинг қаламига мансуб экани айтилган асарларни ўқиб чиққан ва Ислом Каримовнинг "Ўзбекистон: 21-аср бўсағасида" китобини ўша асарларга солиштирган.

"Guardian"даги мақола Ислом Каримовнинг 1989 йил июнида Михаил Горбачёв томонидан ўзбеклар билан месхети турклари ўртасидаги қонли этник тўқнашувлар ортидан Ўзбекистон коммунистик партиясининг котиби этиб тайинланганини эслатиш билан бошланади.

"Каримовнинг таржимаи ҳоли Марказий Осиё диктаторларидан талаб қилинадиган ҳамма талабларга жавоб беради: техник олий маълумот, КПСС аъзоси, даҳрий сифатида қудратга келиш, партаппаратчиклик, 1991 йилдан кейин эса Исломни улуғловчи, (гўёки) демократияни севадиган, (гўёки) бозор иқтисоди йўналишидаги ислоҳотчи. У, шунингдек, илк бор 1997 йилда Ўзбек тилида нашр этилган ва кейинроқ Кембридж, Массачусетсда сирли, номсиз ширкат томонидан инглиз тилига таржима қилинган "Ўзбекистон: 21 аср бўсағасида" китобининг муаллифи ҳамдир", деб ёзади "Guardian"даги мақола муаллифи.

"Китобнинг қатор ҳайратланарли жойлари бор. Улардан энг асосийси, чиндан ҳам жуда яхши тилда ёзилганидир. Марҳум Брежневнинг автобиографик трилогиясидан кейин бу китоб шубҳасиз, мен ўқиб чиққан диктаторларнинг асарлари орасида энг тушунарли ёзилгани бўлди", дейди муаллиф.

"Ўзбекистон 21 аср бўсағасида" худди мамлакат ижрочи директорининг бўлажак сармоядорларнинг эътиборини ўзига тортиш учун ёзилган батафсил ҳисоботга ўхшаб ўқилади", деб ёзади Даниел Калдер ва китоб бобларининг номи бундан кейин гап нима ҳақда кетишини англатишини айтади.

Китобда Ўзбекистон ички ва ташқи таҳдидлар билан юзма-юз келиб тургани бандма-банд кўрсатиб берилган, деб ёзадиган журналист, айрим жойлари жуда жўн эканини айтади, беихтиёр муаллиф фикрига қўшилиб кетасан, дейди.

Инглиз журналисти Ислом Каримов китобининг зерикарли эканини ёзади ва бу зерикарлиликни Клинтон, Тони Блейрга хос зерикарлиликка қиёслайди.

Китобдаги либерализм руҳи уни худди 1990 йиллардаги Клинтон маслаҳатчиси ёзгандек тассурот уйғотади, деб ёзадиган журналист, Каримов либерал эмас, душманларига қарши қийноқлар ортида турган одам бўлгани учун бу китобни ўқиш кўнгилни оздиради, дейди.

Би-би-си Даниэл Калдердан Президент Каримовнинг китобидан олган таассуротлари билан ўртоқлашишни сўради.

Даниэл Калдер: У менга анчайин зиёли одамдек таассурот қолдирди. Мен буни мақоламда ҳам айтганман. Китоб жуда равон, тушунарли тилда ёзилган. Мен диктаторлар томонидан ёзилган кўплаб асарларни ўқиганман. Уларнинг аксарияти ўзига маҳлиё бўлиб ёзилган олди-қочдилардан ўзга нарса эмас. Президент Каримов реал воқеликдан узилиб қолмаган. Нима деяётганини яхши билади, шунинг учун ҳам асарида кўп нарсаларни қамраб олган. Китобнинг дастлабки етмиш, саксон саҳифасида хавфсизликка таҳдид ҳақида сўз боради. Бундан жаноб Каримовни асосан хавфсизлик масаласи ўйлантирганини англаш мумкин. Лекин айни ўринда хавфсизлик, деганда айнан нимани назарда тутилгани муҳим. Китобни ўқир экансиз, сўз унинг ўз ҳокимияти хавфсизлиги ҳақида бораётганини илғаш мумкин.

Би-би-си: Мана, сиз диктаторлар томонидан ёзилган кўплаб асарларни ҳам ўқиганман деяпсиз. Дейлик, Ливия раҳбари Муаммар Қаддофий ёки Шимолий Корея Президенти Ким Чен Ирларники билан солиштирганда, жаноб Каримовнинг китоби нимаси билан фарқ қилади?

Даниэл Калдер: Фарқ катта. Агар Ким Чен Ирнинг "Ёлғондан ўзга нарса эмас" асарини оладиган бўлсак, бу асар ҳақиқатдан ҳам ёлғондан бошқа нарса эмас. Назаримда, буни унинг ўзи ҳам яхши билади. Жаноб Кимнинг китоблари қип-қизил коммунистик тарғиботдан ўзга нарса эмас. Асарини ўқир экансиз, уни худди одам боласи ёзмагандек таассурот қолади сизда. Ўқишнинг ўзи бир азоб. Устига-устак кичикроқ бўлса ҳам майли, айримлари 400-500 саҳифадан иборат. Қаддофий масаласига келсак, у ниҳоятда ўз шахсига маҳлиё бўлган шахс. У ҳам қисқа-қисқа асарлар ёзган. Ҳаммаси ўзининг қанақадир шахсий фалсафасига асосланган. Дейлик, худди ҳожатхонада ўтирган пайтда, хаёлига келиб қолган фикрларни қоғозга туширганга ўхшайди. Президент Каримовнинг кўпчиликка яхши таниш қўшниси марҳум Туркманбоши Сапармурот Ниёзовнинг шеърий фалсафий мазмундаги асарлари ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин. Таъбни хира қиладиган даражада... Аммо президент Каримов уларга қараганда анча рационал фикрлайди.

Би-би-си: Сизнингча, президент Ислом Каримов ўзи ёзган нарсаларига ишонадими?

Даниэл Калдер: Бу жудаям қизиқарли савол. "Гардиан" учун диктаторлар томонидан ёзилган асарларни шарҳлар эканман, бу савол ўзимни ҳам кўп ўйлантирган. Менимча, Каримовнинг атрофини доимо, "ҳа, сиз ҳақсиз", деб турувчи одамлар ўраб олган. У ўзи истаган нарсани гапиради. Бошқа одамлар айтган гапини қандай талқин қилишлари ҳақида қайғурмайди. Доимо одамлар унга ҳа, сиз ҳақсиз, деб туришгандан кейин, у ҳам ўзи ёзган нарсаларга ишониши мумкин. Менимча, диктаторлар ҳам одам. Улар ҳам ҳар доим билиб туриб ёлғон сўзлай олишмаса керак. Чунки ҳамма вақт одамларнинг кўзларига ёлғончи кўриниб, раҳбарлик қилаверишни улар ҳам ўзларига эп билишмаса керак. Менимча, у айтган сўзларининг ўз мақсадларига мувофиқ келувчи талқинига ишонса керак.

Би-би-си: Лекин Ўзбекистонда минглаб инсонларнинг қамоққа ташлангани ёки қийноқларнинг кенг қўлланиши асардаги ғояларнинг қанчалик шафқатсизлик билан ҳаётга тадбиқ этилаётганини кўрсатадими?

Даниэл Калдер: Тўппа-тўғри. Асарнинг қисқача хулоса қисмига келсангиз, у ерда асосий эътибор тартиб-қонуннинг амал қилишига қаратилади. Яъни, тепадан туриб таъминланиши лозим бўлган тартиб ҳақида. Агар тартиб-қоида бу тарзда таъминланадиган бўлса, бу ўзбошимчаликка олиб келади. Ҳокимият чексиз қудратга эга бўлади. Асарда келтириб ўтилган хавфлар билан унинг олдини олиш учун кўрилаётган чораларнинг қанчалик шафқатсиз экани икки бошқа-бошқа масала.