Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

'Ўзбек милицияси ва чегарачилари одам савдосига алоқадор'

Image caption Ўзбекистон Бирлашган Араб Амирликлари, Ҳиндистон, Туркия ва Исроил каби давлатларга қизлар ва аёллар трафигининг манбаъларидан ҳисобланади

Хоразмдаги "Нажот" инсон ҳуқуқлари гуруҳи Ўзбекистон милицияси ва чегарачиларини одам савдосига алоқадорликда айблаган.

Ташкилот эълон қилган янги ҳисоботда айтилишича, нуфузли амалдорлар хорижда фоҳишаликка мажбурланаётган аёлларнинг "ҳужжатларини сохталаштиришади, уларни чегарадан ўтказиб қўядилар ва йўл хавфсизлигини таъминлайдилар".

"Нажот" сўнгги олти ойда ўнлаб хоразмлик аёлларнинг хорижда фоҳишаликка мажбурлангани ва Бирлашган Араб Амирликлари каби давлатларнинг қамоқхоналарига ташланганини айтган.

Ташкилот раҳбари Ҳайитбой Ёқубовнинг Би-би-сига айтишича, қурбонлар ўзларига ҳужжат тайёрлашда ёрдам берган мулозимларнинг исм-шарифларини беришдан қўрқишади.

"Улар Қозоғистон билан чегарада тўпланиб, олиб кетилган. Бундан уюшган жиноятчиликнинг ҳиди келаяпти", дейди инсон ҳуқуқлари фаоли.

Унинг сўзларига кўра, хориждаги Ўзбекистон консулликлари жинсий трафик қурбонлари бўлган аёлларга ёрдам кўрсатмайди, улар ватанларига қайтганларидан кейин эса терговга юз тутадилар.

Хоразмда кечган маҳкамада Дубайдаги меҳмонхоналардан бирида фоҳишаликка мажбурланган аёл ўзини сотиб юборган қорақалпоғистонлик шахсдан 27 минг доллар иш ҳақини ундириб беришни талаб қилган.

Аммо Ҳайитбой Ёқубовнинг айтишича, маҳкама жабрланувчининг ўзини айбламоқда.

Инсон ҳуқуқлари фаолига кўра, Ўзбекистонда одам савдоси қурбонлари сони йилдан-йилга ортиб бормоқда ва бунинг асосий сабаблари ишсизлик ва коррупциядир.

"Ҳамма яхши яшашни истайди. Кимдир уй, кимдир машина олгиси келади. Ва одамлар бир-бирларидан ўрганиб, йўл топиб, хорижга ишлашга кетишмоқда ва қулликка тушишаяпти", дейди Ҳайитбой Ёқубов.

АҚШ Давлат департаментига кўра, Ўзбекистон Бирлашган Араб Амирликлари, Ҳиндистон, Туркия ва Исроил каби давлатларга қизлар ва аёллар трафигининг манбаъларидан ҳисобланади.