Афғонистон ўз жонига қасд қилиш ҳолларига қарши кураш бошлади, Ўзбекистончи?

Афғонистон Омма соғлиқ вазирлиги халқаро иттифоқ кучлари билан ҳамкорликда бутун мамлакат бўйлаб ўз жонига қасд қилиш ҳолларига қарши кампания бошлаган.

Вазирнинг билдиришича, огоҳлик дастурлари барча вилоятларда йўлга қўйилади.

Афғонистон бўйлаб, айниқса, аёллар орасида ўз-ўзини ўлдириш ҳоллари кўплиги ва бунга асосан маиший зўравонликлар сабаб экани айтилади.

2011 йилнинг илк беш ойида биргина Ҳирот вилоятида 40дан ортиқ аёл ўз жонига қасд қилгани аниқланган.

Ўзбекистондаги вазият

Чорасизликдан ёки ўз шахсий норозиликни ифодалашнинг энг кескин усули сифатида ўз жонига қасд қилиш - Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистонда ҳам кўп учрайдиган ҳолат.

Инсон ҳуқуқлари фаоллари кейинги пайтлар моддий қийинчилик ва ишсизлик боис худкушлик ҳоллари ортаётганини айтишади.

Бироқ, аниқ рақамларни аниқлаш мушкул, чунки, Ўзбекистонда бундай ҳоллар бўйича расмий статистика ошкор этилмайди. "Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари ташаббус гуруҳи" раҳбари Сурат Икромов Ўзбекистондаги ўз жонига қасд қилиш ҳолларини ўрганган:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

"Осиб қўйиш ҳоллари ёки заҳарлаш ҳоллари жуда тарқалган Ўзбекистонда. Фарғона водийсида, айниқса, охирги пайтда кўп бунақа воқеалар. Қашқадарё Сурхандарё вилоятларида бўлган. Биз мана шу йилнинг бошларида бир нечта ахборот берганмиз. Ўзини болаларини осиб, охирида ўзини осган...бутун оила. Ёки ўспиринлар, 15, 16, 17 ёшлилар. Фарғона водийсида кўпроқ ўзини ёқиб юборган ҳоллари бор", дейди Сурат Икромов.

Ҳуқуқ фаоли ўз жонига қасд қилаётганларнинг аксари аёллар экани ва бунга асосий сабаб иқтисодий етишмовчиликлар, ижтимоий тушкунлик эканини айтади.

"Жуда ночор бўлган, турмуш ўртоғи йўқ, моддий шароити оғир бўлганда ўзини осиб қўйган ҳоллари...Кўпида мана шу социал аҳвол ёки иқтисодий аҳвол. Камдан-кам ҳолда оилавий можаро деймизми, сабаб бўлган", дейди "Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари ташаббус гуруҳи" раҳбари Сурат Икромов.

Шу билан бирга, ҳуқуқ фаолига кўра, одамлар ўз ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қила олмаслик, расмий идоралардаги ҳақсизликлар туфайли ҳам сўнгги чора сифатида ўз-ўзини ўлдириш билан таҳдид қилиш, айрим ҳолларда бунга қўл уришга мажбур бўладилар.

Унинг айтишича, Ўзбекистонда бундай ҳоллар кўпда ўрганилмайди ё-да, эътиборсиз қолдирилади.

"Қанақадир ҳолларда, тўғри, ҳокимият ёки маҳалла раислари суиқасд қилиш бу динга мусулмончиликка тўғри келмайдиган ёмон деган маънода маслаҳатлар, бир ишлар олиб борилиши ҳоллари бор. Аммо, моддий тарафдн ёрдам бериш ёки масалан, унинг ҳуқуқлари бузилган бўлса, ҳуқуқларини жойига қўйиш ҳоллари унақа кузатилмайди", дейди Сурат Икромов.