Стив Свердлов: Ўзбекистон чекловларни олиб ташлаш борасида АҚШга босим ўтказаяпти

Image caption Охирги йилларда Тошкентга сафар қилган кўплаб АҚШ мулозимларининг Ўзбекистон раҳбарияти билан музокараларининг асосий мавзуси Афғонистонга шимолий таъминот йўли бўлган

Инсон ҳақларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро Human Rights Watch ташкилоти АҚШ ҳукуматига мурожаат қилиб, Ўзбекистонга нисбатан жорий этган кўмак чекловларини сақлашда давом этишга чақирган.

Ташкилотга кўра, Президент Обама маъмуриятининг Ўзбекистонга ёрдам дастурларини қайта бошлаш, хусусан яна ҳарбий ёрдам кўрсатиш режалари тўғри эмас, чунки расмий Тошкентга бу ёрдамларни тўхтатиш қарори абгор инсон ҳақлари вазияти туфайли киритилган ва ўшандан буён бу борадаги аҳвол яхшилангани йўқ.

АҚШ матбуотида эълон қилинган Human Rights Watch вакили Стив Свердлов мақоласида айтилишича, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири ўринбосари Абдулазиз Комилов раҳбарлигидаги ҳайъат Америкада бўлиб турипти.

Би-би-си Human Rights Watch ташкилоти вакили Стив Свердловдан Вашингтон Ўзбекистонга чекловларни бекор қилиб, яна кўмакларни қайта бошламоқчи эканлиги ҳақидаги ахборотни қаердан олдингиз, деб сўради.

Стив Свердлов: Бизнинг тушунишимиз бўйича, Пентагон узоқ вақтдан буён Ўзбек ҳукуматига нисбатан жорий этилган хусусан ҳарбий ёрдамлар чекловини бекор қилиш ғоясини Конгресс олдида илгари суриб келади. Биз атиги бир неча кун илгари Викиликсдан ошкор бўлган маълумотлардан ҳам шундан хабардор бўлдикки, Қўшма Штатларнинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси анча вақт бу чекловнинг олиб ташланишига ҳаракат қилиб келган, бу Ўзбек ҳукумати билан Афғонистонга транзит - Шимолий Таъминот йўли борасида яна яқинроқ бўлиш мақсадида амалга оширилган. Шунингдек, биз охирги кунларда Конгресс олдига Ўзбекистонга нисбатан чекловларни бекор қилиш ташаббусини илгари сураётган расмийлар олий даражадаги расмийлар эканини, бу ташаббус Президент Барак Обама маъмуриятидан келаётганини тушундик.

Би-би-си: Америка ҳукуматининг Ўзбекистонга нисбатан бу чекловларни киритишига нималар сабаб бўлган?

Стив Свердлов: Бу чекловлар 2004 йилда киритилган. Хорижий кўмакларга бағишланган ҳужжатда АҚШ Давлат котибидан Ўзбекистонни инсон ҳуқуқлари аҳволини салмоқли ва давомли яхшилашга чақириш талаб қилинган. Чунки ҳали Андижон ҳодисаларидан олдин Ўзбекистонда диний эркинликларнинг аҳволи, матбуот эркинлиги ва тинч намойишлар уюштириш ҳуқуқлари вазияти ёмонлашган, ёдингизда бўлса, Ўзбекистон 2004 йилда халқаро ташкилотларни мамлакатдан чиқариб юборган, Ўзбекистондаги Очиқ жамият институтини ёпишга мажбурлаган эдилар. Инсон ҳуқуқларининг абгор аҳволи Андижон ҳодисаларидан олдин АҚШ расмийларини хавотирга солиб, ушбу чораларни кўришга ундаган эди.

Би-би-си: Сиз бу чекловларни бекор қилишдан АҚШ маъмурияти ўз манфаатини кўзлаяпти, деяпсиз. Лекин ҳозирнинг ўзида Америка ўзининг кўзлаганига эришган эмасми? Ўзбекистон Афғонистонга Шимолий коридор йўлини очиб берган бўлса, яна улар нимани хоҳлашаяпти?

Стив Свредлов: Яна ўша Конгрессдаги манбаларимиз ахборотидан бизнинг тушунишимизча, Ўзбекистонга чекловни олиб ташлаш билан боғлиқ олди-берди музокаралари ҳозир олиб борилаяпти. Бу ташаббус Ўзбек ҳукуматидан чиқаяпти. Бу нарса Ўзбек ҳукумати қўйган шартлар асосида бўлаяпти. Олди-берди музокаралари шу кеча-кундузда давом этаяпти. Бизнинг тушунишимиз бўйича Ўзбекистон ҳукумати шарт қўйяпти - агар АҚШ ҳукумати инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ чекловни олиб ташламас экан, Каримов сиёсатига мойллигини намойиш этмас экан, Ўзбекистон Америка ва НАТО қўшинларига ўз ҳудудидан таъминот юкларини транзит қилишга рухсат бермайди. Афтидан, Америка шундай ишора бермоқчики, Американинг Ўзбекистонга таъсир ўтказиш воситаларидан кўра Ўзбекистоннинг Америкага таъсир қилиш йўллари кўпроқ. Ўзбекистоннинг ўзидан ҳам кўпроқ Ғарб Ўзбекистонга муҳтож. Афғонистондаги уруш ниҳоясига етиб, у ердан қўшинларни олиб чиқиш фурсати яқинлашар экан, Обама маъмурияти Ўзбекистон орқали Шимолий йўлак орқали транзит йўлини ўзи учун ҳаддан зиёд муҳим деб кўраётганга ўхшайди.