Мустақил Ўзбекистон: 'Йўқ бўлса, қараб ўтирамиз эрта-индин пенсия беради деб...'

Шўролар Иттифоқи қулаганига бу йил 20 йил тўлди.

Коммунизмдан бозор иқтисодиёти, диктатурадан демократияга ўтишларини баралла баён қилган собиқ Шўро давлатларидаги бугунги вазият қандай?

Орадан 20 йил ўтиб, ушбу мамлакатлар аҳолиси ўз турмушларидан қанчалар мамнун? Уларнинг ҳаётлари орада кечган вақт давомида қандай ўзгаришларга юз тутди?

Биз Ўзбекистон мустақиллигининг 20 йиллиги санасида ушбу савол билан турли тоифа ўзбекистонликларга мурожаат этдик.

Навбатдаги қаҳрамонимиз ўзбекистонлик нафақахўр Сурайё опа:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Умрининг ярмидан кўпини собиқ Шўролар Иттифоқи даврида яшаган нафақахўр Сурайё опанинг турмуш ўртоғи қазо қилганига олти йилча бўлиб қолган. Ҳозир ёлғиз ўзи яшайди.

Ўз вақтида ҳамшира бўлиб ишлаган Сурайё опа бугун 150.000 сўм нафақа олади. У нафақа пуллари ўз вақтида берилса-да, унинг қанчага етиши ўзининг сарф-харажатига боғлиқ эканини таъкидлайди.

Сурайё опанинг айтишича, нафақахўр деб, уй солиғидан озод этилган, аммо "свет-пвет"ларни тежаб, бир ойлик нафақа пулини ҳамма нарсага амал-тақал қилиб етказишга ҳаракат қилади.

"Ёшим бир жойга бориб қолгани учун, кийим-кечак деган нарсага унчалик кўп эътибор бериб ўтирмаймиз, нимамиз бўлса, шуни кийиб чиқамиз", дейди Сурайё опа.

"Тоби қочиб қолган қўни-қўшнимга укол қилиб ҳам унча-мунча пул топаман, аммо жудаям кам..."

Унинг айтишича, Тошкентда яшайдиган қизи ва Россияда ишлайдиган ўғли ҳам озми-кўпми ёрдам бериб туришади.

Шўро даврининг яхши жиҳатларини хотирларкан, Сурайё опа ўша пайтларда турмуш ўртоғи ҳам яхши маош олгани, нафақа пулининг камлиги боис, ҳозиргидек қисиниб яшамаганликларини қистириб ўтади.

Сурайё опа қарз олишни ёмон кўргани боис, пулсиз ўтирса ҳам, бировдан бир тийин олмаслиги, уйида фақат бирор бир нарса бузилиб қолган тақдирдагина, ўша нарсага пул харжлашини айтади.

"Совет даврида кредитга кўп нарсалар олганман. Ҳали турмушга чиқмаган пайтларимда... Мебеллар, гарнитурлар, телевизор олувдим. Ҳозирги пайтда магазинлардан кредитга ҳеч нарса ололмайсиз".

Сурайё она пулсиз, бирор нарса сотиб олишна муҳтож бўлган пайтлари ҳам бўлиши, уйидаги бор нарсадан - унми, картошками, пиёздан бир нарса пишириб, еб ўтиришини ҳам яширмайди...

Давоми бор.

Ушбу туркумдаги суҳбатларимиз билан бугундан бошлаб, "Дараклар" дастуримиз ва веб саҳифамиз орқали танишиб боришингиз мумкин бўлади.