Ташкилотчилар Гулнора Каримованинг модалар кўргазмасини бекор қилдилар

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Нью-Йоркдаги Модалар намойиши ҳафталиги ташкилотчилари Ўзбекистон Президентининг қизи Гулнора Каримованинг 15 сентябрга мўлжалланган "Гули" коллекцияси намойишини бекор қилганлар.

Бунга инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотларининг босимлари ҳамда Ўзбекистонда пахта йиғим-теримида болалар меҳнатидан фойдаланишига қарши ташкил этилган норозилик амалиётлари сабаб бўлган.

Нью-Йорк Модалар ҳафталигининг ташкилотчиси бўлган IMG ширкатининг бу борадаги қароридан оммавий ахборот воситалари электрон мактуб шаклида бохабар бўлганлар.

"Хавотирга сабаб бир неча масалалар кўтарилгани натижасида биз 15 сентябрдаги Guli шоусини бекор қилдик", деб ёзган IMG матбуот котиби Зак Эйкман.

9 сентябрдан бошланган ҳафталик доирасида дизайнер Гулнора Каримованинг 2012 баҳор ва ёз фаслларига мўлжалланган коллекциясини намойиш этиш мўлжалланган эди.

Guli бренди остидаги кийимлари билан Гулнора Каримова 2010 йил сентябридаги Нью-Йорк Модалар кўргазмасида ҳам иштирок этганди, бироқ бу йил инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари аҳволи, болалар меҳнатидан воз кечилмаётганига жаҳон оммавий ахборот воситаларининг эътиборини қаратишга муваффақ бўлдилар.

Кўргазма бошланган куни New York Post рўзномаси "Қотил диктаторнинг қизи модалар ҳафталигида ўзининг баҳорги коллекциясини намойиш қилмоқчи" деган сарлавҳа остида мақола эълон қилди.

Бу мақолада 15 сентябрга мўлжалланган томошага қарши Халқаро ишчилар хуқуқлари форуми ташкилоти норозилик намойишини ўтказишни режалагани хабар қилинган.

Вашингтонда жойлашган Халқаро ишчилар ҳуқуқлари форуми жаҳон бўйлаб ишчиларга адолатли ва инсоний муносабат учун курашувчи ноҳукумат ташкилот ҳисобланади.

Шунингдек, Америка Қўшма Штатларида истиқомат қиладиган ўзбекистонлик мухолифат фаоллари ҳам Гулнора Каримованинг нуфузли мода кўргазмасида қатнашишига қарши норозилик амалиёти уюштирганлар.

Бу йилги Нью-Йорк Модалар кўргазмасида 100 га яқин дизайнерларнинг ўз ижоди намуналари билан иштирок этаётгани хабар қилинган.

Халқаро инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича Human Rights Watch ташкилоти томоша ташкилотчиларининг қарорини олқишлаган.

"Бундан кейин Нью-Йорк Модалар ҳафталиги бундай репрессив ҳукуматни тақдим этган дизайнерга саҳна бўлмаслигидан хурсандмиз", дейилади халқаро ташкилот баёнотида.

"Бу - инсон ҳуқуқини поймол этадиганларнинг ўз номини инсон ҳақи эвазига оқлаб олишларига изн берилмаслиги ҳақидаги аниқ муждадир. Ширкатлар ғайриихтиёрий равишда инсон ҳаққини поймол этувчиларни дастаклаб қўймасликлари лозим", деб айтган Human Rights Watch вакили Стив Свердлов.