Мустақил Ўзбекистон: 'Кўпчилик ҳолларда касалларнинг қўлларига қараб ўтирасиз...'

Шўролар Иттифоқи қулаганига бу йил 20 йил тўлди.

Коммунизмдан бозор иқтисодиёти, диктатурадан демократияга ўтишларини баралла баён қилган собиқ Шўро давлатларидаги бугунги вазият қандай?

Орадан 20 йил ўтиб, ушбу мамлакатлар аҳолиси ўз турмушларидан қанчалар мамнун? Уларнинг ҳаётлари орада кечган вақт давомида қандай ўзгаришларга юз тутди?

Биз Ўзбекистон мустақиллигининг 20 йиллиги санасида ушбу савол билан турли тоифа ўзбекистонликларга мурожаат этдик.

Навбатдаги қаҳрамонимиз ўзбекистонлик шифокор Акбар:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

3 - ҳикоя

Акбар мустақилликнинг илк йилларида қўлига шифокорлик дипломини олган.

У сўзини бошларкан, Ўзбекистон мустақилликка эришгач, соғлиқни сақлаш соҳасида ижобий ўзгаришлар бўлгани, замонавий технологиялар кириб келгани, компьютерлашган тизимларга ўтилганини инкор этмайди.

Лекин шифокор, ўз ўрнида, бирор бир илмий иш қилишнинг қийинлиги, бу нарсалар бўлим бошлиғи ёки бош врачнинг кайфиятига боғлиқ экани, уларга нимадир қилиш, қанақадир йўл топиш кераклиги, яхши ишлаганингиз учун сизга ҳеч ким рағбат кўрсатмаслигини айтади.

"Яхши ишингиз, тўғриси, ҳеч кимга керак ҳам эмас..."

Шифокорларнинг иқтисодий аҳволи ҳақида сўз кетганда, у кўпчилик ҳолларда беморларнинг қўлларига қараб туришларига тўғри келишини айтади.

"Вилоятларда ишлаб юрган касбдошларимдан эшитаман, ҳаттоки, туғрухонага борган хотин ўзи билан чойшабларини олиб бориши керак, баъзи ҳолларда, дейлик, қиш пайтларида уч-тўрт кун ётадиган бўлса, эри ё яқинлари кўмирми, ўтинми олиб боришлари лозим. Шу тарафлама мен бунақа ўзгаришлардан норозиман".

Ўзбекистонлик шифокор собиқ Шўролар тузуми даврида бу каби ҳолатлар ҳақида эшитмаганликлари, беморлар ҳамиша биринчи ўринда бўлишганини таъкидлайди.

"Мисол учун беморнинг қўлидан бир нарса олиш, ундан бир нарса сўраш бу - жиноятга ўхшаган нарса бўлган. Бу нарса учун одамлар жазоланган. Ҳозир бу - қанақадир бир тижоратга ўхшаб қолди. Мажбурчилик ҳар доим бор. Бу сир эмас. Бу нарса доимо хаёлингизда туради".

Шифокор сўзларида давом этаркан, иқтисодий аҳволингиз бундай бўлгач, илмий ишлар қилиш, кўпроқ ўқиб, ўз устингизда ишлаш - бунақа нарсаларга вақтингиз ҳам, ҳафсалангиз ҳам қолмайди, дейди.

"Мустақиллик даврида ижобий бир нарсага эришдим, деб айтишим қийин, тўғриси, фақат кун кечириш учун ишлаш билан оворамиз".

Буларнинг барчаси сабаб, у ўзининг шифокор касбини танлаш қароридан доимо афсус чекишини ҳам яширмайди.

"Диплом олиш арафасида баъзи домлаларимизнинг ишларини ташлаб кетганликларини кўриб, қўрқувга тушганмиз. Шахсан ўзим фан номзоди бўлган домламнинг "Ипподром" бозорида шиппак сотиб ўтирганини кўрганман. Бу каби ҳолни кўриш мен учун жудаям даҳшатли бўлган".

Ўша пайтда, "Йўқ, мен яхши ўқийман, мен ақллиман, менинг аҳволим яхши бўлади, деб ўйлаганман. Ўзимни ўзим юпатганман. Лекин аслида ўзимни ўзим алдаган бўлиб чиқдим, дейди у.

Давоми бор.

Ушбу туркумдаги суҳбатларимиз билан "Дараклар" дастуримиз ва веб саҳифамиз орқали танишиб боришингиз мумкин.