Обид Асомов: бу ҳаммаси, халқимиз ўйлаб топган "оғзаки ижод"

Фото муаллифлик ҳуқуқи bbc
Image caption Обид Асомов сўнгги йилларда Россия телеэкранларидаги энг машҳур Ўзбекка айланган.

BBCUzbek ўқувчилари ва тингловчиларимизнинг саволларига машҳур ўзбек қизиқчиси Обид Асомов жавоб беради.

Обид Асомов таржимаи ҳолини ўз тилидан мана бундай баён қилади:

"1963 йилда Тошкентда, оддий темирйўлчи оиласида туғилганман.

Адамлар "Тошкент-Москва" поездида ишлардилар, русчасига "проводник", ўзбекчасига "йўл ҳамроҳи" дейди.

Бир ҳафта у ёқда бўлиб, бир ҳафта бу ёқда бўлардилар...

Шу бир ҳафта-бир ҳафтанинг орасида биз ҳам туғилиб қолган эканмиз, Худога шукур..."

Обид Асомов билан суҳбатнинг тўлиқ вариантини тинглаш учун мана бу ерга босинг.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Би-би-си: "Ва ниҳоят Би-би-си орқали Обид аканинг қисматини биладиган бўлдик", деб ёзибди Қувасойдан Шарофиддин исмли мухлисингиз ва "ҳозир қаердасиз, нима иш қилаяпсиз, охирги пайтлар сиз ҳақингизда "мишлар" кўпайди, шу "мишлар" га изоҳ берсангиз" деб сўраяпти. Марҳамат.

Обид Асомов: Энди, мен Тошкентдаман, Тошкентда яшайман ҳамиша. Миш-мишлар кўп, қамалиб кетибди, Москвага кўчиб кетибди... Миш-мишларнинг сабаби, ўзбекларда бир гап бор-ку, "мевали дарахтга тош отилади" дейди. Мени Ўзбекистон телеканалларида кўрсатмай қўйишганидан кейин миш-мишлар чиқиб кетди. Унинг ҳам сабаби Россия телеканалларида кўпроқ пайдо бўлганим учун "Обид Москвага кўчиб кетибди, ўша ёқда яшаётган экан" деган гаплар чиқиб кетди. Энди бу ҳаммаси, нима дейди, халқимиз ўйлаб топган "оғзаки ижоди". Мен бундан ҳеч хафа бўлмайман, мевали дарахт эканмиз, тош отишаяпти. Агар терак ёки бақатерак бўлганимизда, тош отишмасди. Демак, бизда қанақадир мева бор экан, шундан хурсандман...

Би-би-си: Ровшан исмли тингловчимиз "Обид ака, сизни яқинда тақиқланган, юридик термин билан айтсак лицензиядан маҳрум этилган санъаткорлар рўйхатида кўриб қолдим, нимага шундай бўлди, деб ўйлайсиз?" деб сўрабди.

Обид Асомов: Мен бунга аниқлик киритиб қўйишим керак. Умуман, "лицензия" деган нарсани тушунмайдиган инсонлар учун бир нарсани тушунтириб қўймоқчиман. Лицензия Ўзбекистонда санъаткорларга берилади. Бу оддий нарса, яъни шу лицензия билан тииркчилик қилиш ҳуқуқига эга бўласиз. Сиз маълум миқдорда пул тўлайсиз, пул тўлагандан кейин давлат солиқларидан озод бўласиз. Миллион доллар пул топасизми, ўн минг топасизми, бу сизнинг ишингиз. Лицензиянинг яхши тарафлари кўп. Энди, лицензияни оп қўйиш масаласига келсак, ўша пулни тўламаган инсонга лицензия берилмайди. "Лицензиясини оп қўйибди" деган нарса ҳам халқимизнинг оғзаки ижодига киради, бу ҳам миш-мишлар турига киради. Лицензия ҳозир ҳам чўнтагимда турибди. Лицензия Шерали Жўраевда ҳам, Юлдуз Усмоновада ҳам бор. Лекин "официальный" қоғоз билан келмайди, балки телефон орқали келадиган буйруқлар асосида бизни ўша телевизор ё радиога чиқишдан маҳрум қилиб қўйишган, холос. Бу лицензияга боғлиқ нарса эмас. Мен телевизорда, радиода чиқмаётган бўлсам ҳам, ҳар уч ойда маълум миқдордаги пулни тўлайман. Бу киши менинг лицензиям йўқлигини кўрганлари, мен бир уч-тўрт ой пул тўламадим, ўзимча жаҳл қилиб. Сабаби, чиқармагандан кейин пул тўлаб, нима қиламан, дедим. Кейин барибир тўйга бораман-у, тўйга бориш учун лицензия сотиб олиш керак. менинг "лицензияси йўқлар" қаторига кириб қолганимнинг сабаби шу.

Би-би-си: Анвар исмли мухлисингиз "шу барча санъаткорлар битта бўлиб, коррупцияга қарши курашсаларинг бўлмайдими? Шунда коррупционер раҳбарлар ҳеч кимни саҳнадан четлаштира олмас эдилар" деб ёзибди.

Обид Асомов: Йўқ, энди бу жуда ғалати савол. Биласизми, бизнинг ўзбегимизнинг ўзи қонида бу киши айтаётган нарса йўқ. Санъаткор халқи бир эркин қушдай. Ҳамма ҳар ёқда. Тўйда кўришамиз. Масалан, кеча тўйда бир гуруҳ санъаткорларни кўрдим, бугун яна тўйда бошқалари билан кўришаман. Йиғилишга вақтимиз оз. Шу "Ўзбекнаво" санъаткорларни бирлаштириши керак бўлган корхона аслида. Лекин бу корхона фақат санъаткорлардан солиқ йиғиш билан овора. Қолаверса, коррупцияга келганда, энди коррупцияси йўқ давлат дунёда бўлмаса керак. Ўзбекистон ҳам шу сафда. Биласизми, баъзи нарсаларни эшитсангиз кулгили, бу халқ орасида юради. Масалан, охирги пайтларда хатто унвонлар ҳам пулга олинадиган бўп қолган-да. СССР пайтида бу нарса бўларди. Мустақиллик бошланганидан кейин бу нарса йўқ бўлувди, лекин яна шу нарса ўз жойига тушиб қолди. Энг кичкина унвонлардан тортиб, энг катта унвонларгача кимгадир қанақадир сумма пул бериш керак. Чунки кимдир ўша ҳужжатни катталарга оп киради. Ҳужжат пастда-а-ан чиқиб боради-да. Ўша ҳужжат йўлда қоп кетмаслиги учун, санъаткор гарчи қанча хизмат қилиб қўйган бўлса ҳам, ўша истанцияларга пул бериш керак. Бу - коррупция.

Би-би-си: Кимлигини айта оласизми ёки ўша инстанцияларнинг номларини?

Обид Асомов: Йўқ. Мен бу нарсалардан узоқдаман. Лекин бу халқ орасида бор гап, бор нарса.

Би-би-си: Мана "мухлисингиз" деб ёзган тингловчимиз ёзаяпти: "Биламиз, кўплаб санъаткорларнинг ижодига тақиқ қўйилаяпти. Бу тақиқларни қўяётган амалдорларнинг қандай ва қаерда ишлаши, тақиқларнинг қандай амалга ошиши ҳақида батафсилроқ гапириб бера оласизми?".

Обид Асомов: Энди тақиқ қўйиш, бу қизиқ нарса. Масалан, мен бирон кишининг тўйига бормай қолган бўлишим мумкин, биласизми. Бу оддий ҳол. Биронта каттароқ раҳбарнинг тўйига бормасангиз бўлди, сиз тақиқландингиз, сизни ёпиб қўйишади. "Анавими, менинг тўйимга келмади, чиқармаларинг телевизорга", дейди. Тамом. Сиз уни билмайсиз. Сизга айтишмайдиям, "фалончининг тўйига бормагансиз, шунинг учун сизни кўрсатмаяпти", деб. Бу ҳамма вақт бўп келган, бундан кейин ҳам бўлади. Мен бунга оддий кўз билан қарайман.

Би-би-си: Сизнинг мисолингизда кўпроқ Россиядаги чиқишларингиз расмийларнинг жиғига теккан бўлиши мумкинми?

Обид Асомов: Масаланинг бир тарафи ўшангам бориб тақалади. Балки менинг Россияда чиқаётганларим кимларгадир ёқмаяпти. Буям бир нарса. Буям ўша фактлардан биттаси. Мана, эртага, жума куни мени яна кўрсатади Россиядан. Ўша мени ёқтирмайдиган инсон Россиядан кўрса, яна ёмон кўриб қолиши мумкин. Энди мен Ўзбекистон территориясида ҳам ёмон яшаётганим йўқ, тинчгина шу ердаям юришим мумкин. Лекин менда қанақадир, чиройли гап бўлсаям, шу мамлакатни дунёга машҳур қилиш, деган ичимда бир ниятим бор. Шу ниятга мен эришдим. Қайси маънода? Россия ўлкасида, бутунлай бегона тилда ўша рус халқини кулдирияпман, менинг ўзим учун бу жуда катта бахт!. Менинг мухлисларим ортди, дунё таниди мени, нафақат Ўзбекистон. Лекин кимгадир шу нарса ёқмайди. "Нима ўзимизда телевизор йўқми, концерт плошадкалари йўқми, ўзининг ватанидан чиқмай, Россиядан чиқиб юрибди, деган фикрлар ҳам бўлади баъзи бир, ўша тор фикрлайдиган инсонларнинг калласида. Лекин масалан, бизнинг футболистларимиз. Кимдир Саудия Арабистонида ўйнаяпти, ўша ёқдан номи чиқаяпти, кимдир Кореяда, кимдир Россияда, ана Одил Аҳмедовлар бор, ўша ерда ўйнаб, ўша ерда пул топаяпти. Агар халиги одамларнинг фикри билан қарайдиган бўлсангиз, уларни ҳам Ўзбекистонга қайтариб оп кеп қўйиш керак. Мен ҳам легионерман! Ўша ерда ишлаб, ҳамкасблар билан бир нарсалар қилаяпман.Лекин ватаним, яшаш жойим Тошкент. Ўша ерда топган пулимни Ўзбекистонга оп келаман. Ўзбекистондан пул оп кетаётганим йўқ, ватандан,масалан. Энди буни мен тушунаман, сиз тушунасиз. Лекин тепада ўтирган инсон тушунмайди. Уларнинг назарида биз ватанимиздан қочиб, бошқанинг хизматини қилаяпмиз. Бу яхши эмас!. Мен очиғи, бу нарсалар билан кўп қизиқмаганман ҳам, мана Худо турибди тепада. Менинг ишим кўп, бунақа нарсалар билан бекорчи одам шуғулланади. Мен бекорчимасман, менинг эрталабдан кечгача қиладиган ишларим бор. Фақат ўша кўчадаги миш-мишлар мени қийнайди, холос. Ҳамманинг назарида Обид Асомов жуда оғир аҳволга тушиб қолгандай. Йў-ў-ўқ, Обид Асомов отдай юрибди, Худога шукур. Бола-чақалари билан соғ-саломат, тўтиқушлари билан...

Би-би-си: Ўшдан Одилжон Маҳдумий сизга анчайин танқидий савол йўллабдилар: "Муҳтарам Обид ака! Сизнинг репертуарларингизнинг асосий мақсади порнографияни тасвирлаш, тарғиб қилишга қаратилган. Биз ўзбекларнинг ўзига хос менталитетимизга хос бу каби унсурлардан холи бўлиш вақти келмадимикан?".

Обид Асомов: Энди билмадим, Одилжон қайси чиқишимни назарда тутаяптилар. Кулги шунақа нарса. Бизнинг аския деган санъатимиз бор. Аскияда асосан, халиги интим воқеалар гапирилади. Ўзбекча айтганда "белдан пастига" ҳужум қилинади. Энди бу эркакларнинг давраси, "эркак ҳаммом". Ўша эркак базмларида аския санъати бўлган. Ўшда, Андижонда, водийда ривожланган, Самарқанд тарафда аския йўқ. Энди, агар мен чиқиб, "ўртоқлар, тўғри юринглар, яхши одам бўлинглар, аёллар, бегона эркакка кўз олайтирманглар, эркаклар, бегона аёлларга қараманглар, ўйнаш-пўйнаш орттирманглар", десам менинг масжидда ўтирадиган домладан фарқим қолмайди. У гапга ҳеч ким кулмайди. Шунинг учун кулгидан жа ақл қидириш шарт эмас. Биз ҳам биламиз қайси даврада қанақа гап гапиришни. Эркакларнинг даврасида эркакча гап гапирамиз, аёллар ўтирган бўлса, аёлларбопроқ нарса айтамиз. Кўп интервъюларда айтганман, қизиқчи касби дорбозга ўхшайди: ингичка сим бор, симдан бир қадам у ёққа ташласангиз, порнографияга ўтиб кетиб қоласиз, бир қадам бу ёққа ташласангиз, насиҳатга. А сиз кулдиришнгиз керак. Бунинг учун сиз симнинг устида юришингиз керак!.

Би-би-си: Одилжоннинг яна бир саволлари бор экан. "Ҳожибой аканинг жанозасига Ўзбекистондан ҳеч ким бормади. Бунинг боиси нимада? Ўлган ўлиб кетаверадими?".

Обид Асомов: Ҳожибой аканинг охирги кунларида тепаларида мен ҳам бўлдим. Оллоҳ раҳмат қилсин!. Тошкентдан ўзимиз кузатвордик. Лекин ўртада чегара деган нарса бор. У ерда ўтказиш проблема. Шунинг учун албатта, у ёққа кўпчилик ўтолмади, лекин биз, ҳамма санъаткорлар пул йиғиб, Тошкентда Ҳожибой Тожибоевнинг хотирасига ош бердик.

Би-би-си: Ҳожибой Тожибоев вафот этганида "ҳибсга олинган экан, дўппосланган экан, шунинг натижасида вафот этибди" деган гап-сўзлар ҳам тарқаган. Булар қанчалик ҳақиқат?

Обид Асомов: Ўшаниям миш-мишлар тоифасига киритамиз. Менинг ўзимга ҳам юз марта айтишган, "Ҳожибой акани баъзи бир айтган латифалари учун қамаб қўйганмиш" деб. Буларнинг ҳаммаси бўл-ма-ган гап!. Ҳаммаси ғирт ёлғон. Мен ўлганларида тепасида бор эдим. Ҳожибой Тожибоев охирги пайтларда жуда ўзини ёмон ҳис қивотувди. Жигарининг мазаси йўқ эди. Кўп мен билан гаплашарди. "Обид шуни нима қилса бўлади?" деб сўрарди. Мен айтардим, "Ҳожи ака, палон-палон дори ёки палон дўхтирга боринг", дердим. Энди биз санъаткорлар шундай халқмиз, касал бўлишга ҳаққимиз йўқ. Ўзимизга ўзимиз хўжайинмасмиз. Халқ бизга хўжайин. Одамлар сизнинг касаллигингизни тушунмайди. "Обид касал бўп қопти, деса, бўлмаган гап, каттароқ пул берган бўлса, бошқа тўйга кетган, дейди. Худди шунга ўхшаб, Ҳожибой Тожибоев ўз вақтида ўзининг соғлигига қарамади. Охирги пайтларда раҳматли шу даражага борганки, ёрдамчилари саҳнанинг ортида туриб, ҳар битта латифасининг бошини айтиб туришган. Буни томошабинлар билмайди. Оллоҳ раҳмат қилсин! Миш-миш тарқатган инсонларга айтмоқчиманки, Худодан қўрқинглар, ёлғон гапни тарқатманглар, у одам касал эди, умри қисқа экан, Оллоҳ ўзига олди...