Ўзбекистон расмийлари 11 сентябр воқеаларининг 10 йиллигини нишонлашга қаршилик қилишди

Image caption 11 сентябр ҳужумлари ортидан Ўзбекистон АҚШнинг муҳим иттифоқчисига айланган

Якшанба куни Тошкентдаги "Жасорат" ёдгорлиги олдида пикет ўтказишга уринган ҳуқуқ фаоли Абдулла Тожибой ўғли ҳибсга олинган.

Аввалроқ АҚШдаги ҳужумларнинг 10 йиллигини нишонлаш таклифи билан интернет орқали фуқаро жамияти фаолларига мурожаат билан чиққан Абдулла Тожибой ўғли Тошкент марказидаги ёдгорлик яқинида "Биз бутун дунёдаги терроризмни қоралаймиз" деган шиорни кўтаришга уринган пайт милиция ходимлари томонидан ушланиб, Юнусобод туман ички ишлар идорасига олиб кетилган ва у ерда 8 соат ушлаб турилган.

У милиция ходимларидан "нима, сизлар терроризмга қарши эмасмисиз?" деб сўрагани, аммо жавоб ололмаганини айтди.

"Бу Ўзбекистондаги давлат терроризмининг яна бир кўриниши", дейди ҳуқуқ фаоли Би-би-си билан суҳбатда.

Ўзбекистонда 11 сентябр ҳужумларининг 10 йиллик санаси расман нишонланмаган.

Ўзбек матбуоти 10 йил муқаддам воқеалар ҳақида орадан бир кун ўтиб, хабар тарқатганди.

Аммо АҚШнинг Афғонистондаги ҳарбий амалиёти боис Ўзбекистон кейинроқ Вашингтоннинг террорга қарши урушидаги муҳим иттифоқчисига айланди.

2005 йил 13 майида Андижонда ҳукумат кучлари намойишчиларни ўққа тутиши ортидан совуқлашиб кетган АҚШ ва Ўзбекистон муносабатлари сўнгги пайтларда яна жонлангани кузатилади.

'Умумий душман'

2011 йилда Қаршидаги "Хонобод" ҳарбий базасини америкаликларга очиб берган Президент Каримов Марказий Осиё давлатлари юз тутган экстремизм хавфи ҳам АҚШ ва иттифоқчилари рўбарў келган террор хавфи билан бир хил эканини айтиб чиққан эди.

Лондондаги "Уруш ва тинчликни ёритиш институти"нинг минтақа бўйича таҳлилчиси Жон Маклаудга кўра, 2001 йилдан кейин хавфсизлик манфаатлари ҳамма нарсани босиб кетди ва Президент Каримов бундан усталик билан фойдаланди.

Унинг фикрича, ҳар икки томон учун учун "умумий душманга қарши урушаётганлари ҳақидаги ғояга таяниб, ҳаракат қилиш осонроқ эди".

"Энг ёмон нарса шу бўлдики, 2001 йилдан сўнг Марказий Осиё давлатлари, айниқса Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари ва демократия ғарб учун сиёсий савдолашув воситасидан бошқа нарса эмас,деган фикрга келди. Президент Каримов назарида инсон ҳуқуқлари босим ўтказиш керак бўлган пайти кун тартибига қўйиладиган бир масала бўлиб, туб ислоҳотлар эмас, балки арзимаган, мажозий ҳаракатлар билан бу босимдан қутулиш мумкин эди. Шу тариқа инсон ҳуқуқлари концепцияси таназзулга учради", дейди лондонлик таҳлилчи.

Унга кўра, ҳозирда ғарбнинг иштироки минтақада демократия ва қонун устиворлигини ўрнатишга ёрдам беради, деб ишонган одамларнинг ҳафсалалари пир бўлган.

"Улар ҳукуматлар ўртасидаги муносабатлар олди-бердига асослангани ва хавфсизлик биринчи ўринга чиққан пайт бошқа нарсаларга кўз юмилишини англаб етдилар", дейди Жон Маклауд.