Сўнгги янгиланиш 15 сентябр 2011 - 15:01 GMT

Пахта топшириш режасини бажаролмаган сурхондарёлик фермер ўз жонига қасд қилган

14 сентябр куни Сурхондарё вилояти Музработ туманида ўз жонига қасд қилган фермер Исмоил Тўраназаровнинг дафн маросими бўлиб ўтган.

Унинг ўлими юзасидан жиноий иш қўзғатилган.

Маҳалладошлари ва музработлик бошқа фермерларнинг айтишларича, ўлимидан олдин Музработда ўтказилган пахта йиғим-теримига бағишланган мажлисда 50 ёшли Исмоил Тўраназаровни кунлик пахта топшириш режасини бажармагани учун Сурхондарё вилоят ҳокими таҳқирлаган ва у бир кеча мобайнида ҳибсга олинган.

Сурхондарёдаги масъул идоралар вакиллари бу хабарни рад этмоқдалар, лекин ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари фаолларига кўра, вилоят ва туман ҳокимларининг пахта ва буғдой топшириш давлат режасини бажармаган фермерларни тазйиққа олишлари бутун Ўзбекистон бўйлаб кенг тарқалган ҳолат.

Музработлик фермерларга кўра, Сурхондарё вилояти ҳокими Туробжон Жўраев ўтказган пахта йиғим-теримига бағишланган 12 сентябр куни бўлган.

Вилоят ҳокими кунлик пахта топшириш режасини бажармаган фермерларни нима учун планни топширмагани сабабини сўраб, тазйиққа олган.

Мажлисдан кейин Музработнинг собиқ "Шабада" маҳалласи деб аталган, ҳозир эса Зиёдулла Қўлдошев деб ном берилган маҳалласида яшаган 50 ёшли Исмоил Тўраназаров ва яна уч фермерни изоляторга ташлашга вилоят ҳокими буйруқ берган.

Би-би-си билан суҳбатда маҳалладошларининг айтишларича, бир кеча қамоқхонада ушлаб турилиб уйига қайтган фермер ўзини осган, иккита ёзув қолдирган.

Ёзувларидан бирида у режани бажара олмагани учун ҳокимиятни айблаган, фермер сифатида ўз вақтида маблағ, ёқилғи ололмаганини, муаммосини ҳал қилишда ёрдам сўраб расмийлар билан учрашганида ҳеч қандай кўмак ололмаганини айтган.

Маҳалладошларига кўра, фермер ўзининг ҳақлигини исботлаш учун ҳуқуқшуносларга Тошкентдаги юқори идораларгача ҳам бўлса, мурожаат қилиб боришни сўраган.

"Сиз бошқа жойга тушдингиз"

Исмоил Тўраназаров истиқомат қилган Зиёдулла Қўлдошев маҳалла йиғини фуқаролар йиғини раиси унинг дафн маросими кеча 14 сентябр куни бўлиб ўтганини тасдиқлади, бошқа саволларга жавоб беролмаслигини айтди.

Би-би-си планни бажармаган уч фермер ҳибсда эрталабгача ушлаб турилган Музработ милицияси, Сурхондарё вилоят ҳокимлиги билан ҳам боғланди.

Икки масъул идора ходимлари ҳам бундай ҳодисадан бехабарликларини айтишди, биз муддаоимизни тушунтирганимиздан кейин бироздан кейин қайтиб қўнғироқ қилишни сўрашди.

Лекин қайтиб қўнғироқ қилинганида, ҳам милицияда ва ҳам вилоят ҳокимлигида телефон гўшагини кўтарганларнинг жавоблари бир хил бўлди: Сиз бошқа жойга тушдингиз.

Зиёдулла Қўлдошев маҳалласи аҳли прокуратуранинг Исмоил Тўраназаровнинг ўлими юзасидан жиноий иш қўзғаганини айтишди, аммо ўзбекистонлик фаоллар ушбу ҳодисанинг давлат сиёсати нуқтаи назаридан ҳаддан зиёд нозиклигини айтишади, расмий тергов хулосасида фермер ўлимига давлатнинг пахта сиёсати сабаб бўлгани умуман тилга олинмаслиги тахминини билдиришади.

Ўзбекистонлик фермерларнинг нимани қандай экиш кераклиги масаласида ҳам эркин эмасликлари, буғдой ва пахта топшириш режаси фожеаларга сабаб бўлгани олдинги йилларда ҳам танқид қилинган.

1996 йилда буғдой топшириш режасини бажарганидан кейин ҳам даласидаги буғдойини давлатга топшириш талаб қилинган жиззахлик фермер аёл комбайн тагига ўзини ташлаб ҳалок бўлганидан жамоатчилик хабардор.

Бу йилги қўш мушкул аҳвол

Ҳам маҳаллий ва ҳам четдаги кузатувчи, таҳлилчилар фермерлар дуч келаётган асосий муаммо сифатида Ўзбекистондаги давлат идораларининг фермерларга муносабатини тилга олишади.

Юқори минбарлардан Ўзбекистонда фермерларга эътибор катталиги, уларнинг давлат муҳофазасида экани айтилишига қарамасдан, амалда фермерлар ишлаб даромад қилиш жуда ҳам қийин солинганини айтишади, шу муносабат туфайли кўпчилик фермерликни ташлашга мажбур бўлмоқдалар.

Маблағ ва ёқилғини ўз вақтида ололомаслик, ҳатто фермернинг банкдаги ўзиники бўлган маблағини ҳам ўз ихтиёри билан олиб ишлатолмаслиги деҳқонларни қийин аҳволга солиб қўяди.

Халқаро танқидларга қарамасдан Ўзбекистон пахта ва буғдой харид нархларини жуда арзон белгилайди, бу йил Тошкентда 1 килограмм буғдойнинг нархи 2000 сўмга чиққанда, давлат фермерлардан буғдойни бир неча юз сўмдан сотиб олди.

Шунингдек, бу йил Ўзбекистонда жуда оғир қурғоқчилик кузатилган, бу ҳам фермерларнинг аҳволини мураккаблаштирган.

* http://www.bbc.co.uk/uzbek/uzbekistan/2011/09/(none)

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.