Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Нью Йоркда Гулнора Каримованинг либослар кўргазмасига қарши норозилик чиқишлари

Фото муаллифлик ҳуқуқи none

Ню Йоркдаги қатор гуруҳлар Ўзбекистон президентининг қизи Гулнора Каримова модалар шоусини ўтказаётган Cipriani ресторани олдида норозилик намойишлари ўтказишди.

Намойишчилар Линкольн маркази ва Cipriani ресторани олдида тўпланишган.

Норозилик чиқишлари ҳам Халқаро ишчилар хуқуқлари форуми ташкилоти, Халқаро ўқитувчилар федерацияси ҳамда Ўзбекистон Халқ ҳаракатининг АҚШдаги фаоллари тарафидан ташкил этилган.

Ўзбекистон Халқ Ҳаракатининг Америкадаги бўлими раҳбари Исломиддин Долимовнинг айтишича, Сipriani ресторан қаршисида 20га яқин одам тўпланган.

Намойишчилар болаларнинг пахта тераётгани акс этган суратлар, "Болалар мажбурий меҳнатига чек қўйилсин!" каби шиорларни кўтариб олганлар.

Бундан ташқари, ташкилотчиларга кўра, кичиги 6 ёшгача бўлган болалар иштирокида Ўзбекистондаги йиғим-терим манзарасини акс эттиришга, мажбурий болалар меҳнатини тасвирлаб беришга уринилган.

Исломиддин Долимовга кўра, асосий мақсад яна бир бор Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари аҳволи, болалар меҳнатидан воз кечилмаётганига жаҳон оммавий ахборот воситалари эътиборини қаратишдир.

Ўтган ҳафта Гулнора Каримованинг Линкольн марказидаги Модалар ҳафталиги доирасида режаланган либослар кўргазмаси бекор қилинганди.

Бунга инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотларининг босимлари ҳамда Ўзбекистонда пахта йиғим-теримида болалар меҳнатидан фойдаланишига қарши ташкил этилган норозилик амалиётлари сабаб бўлганди.

Шундан сўнг, "Гули" коллекцияси намойиши Ню Йоркдаги Cipriani ресторанига кўчирилган.