Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Пахтага болалар сафарбарлигини ўрганган фаолларга қонунни бузганлари айтилди

Ўзбекистонда пахта йиғим теримида болалар сафарбарлигини ўрганишга интилган икки фаол милиция тарафидан ушланган.

Гулшан Қораева ва Нодир Аҳатовлар Қашқадарёнинг Косон туманида болалар пахта даласига ташланганини ўрганишга ҳаракат қилишлари ортидан бир неча соат милиция масканида тутиб турилган.

"У далага бу далага бориб, мактаб ўқувчиларининг меҳнатидан фойдаланилаяптими-йўқми деган қизиқишимиз бор эди. У ерда 4-синф қизчаси ҳам пахта териб юрганини кўрдим-да, қизиқиб, бордим ёнига. "Нечанчи синфда ўқийсан?" деб сўрагандим: "74-мактабда тўртинчи синфда ўқийман", деди. Косон тумани 74-мактабда ўқир экан", дейди Гулшан Қораева.

Фаоллар пахта даласидан қайтаётган маҳал милиция идорасига олиб кетилган. Гулшан Қораеванинг айтишича, уларга қонунни бузганлари айтилган ва буюмлари олиб қўйилган.

"Босим ўтказишди, "Косонга бошқа қайтиб кирмайман", деб тилхат ёзиб берасизлар деб туриб олишди. Кейин сумкамни, қўл телефоним, фотоаппаратим, ҳамма нарсамни олиб қўйишди", дейди ҳуқуқ фаоли.

Шундан сўнг, фаолларга расман огоҳлантириш берилган ва буюмлари қайтариб берилиб, қўйиб юборилган.

Ўзбекистон ҳукумати пахта йиғиб-теримида болалар меҳнатида фойдаланиш тўхтатилишига ваъда берганига қарамай, жорий йилги йиғим-терим мавсумида ҳам мактаб ўқувчилари ва олийгоҳлар талабалари сафарбар этилаётганига оид хабарлар келмоқда.

Мутахассислар Ўзбекистонда йилига юз минглаб ўқувчи ва талабалар пахта теримига жалб этилади.

Ўзбекистонлик расмийлар эса, бунга ўхшаш ҳолатлар мавжудлигини расман инкор этишади ва аксар ҳолларда пахта теримига сафарбарликни ўқувчилар ўз хоҳишлари билан қилаётган иш сифатида изоҳлашади.

Косон тумани пахта даласида бўлиб қайтган Гулшан Қораевага кўра ҳам далада ёш болаларнинг пахта тераётганларига гувоҳ бўлганини айтади.

"Энди ман ўзимнинг кўришим бўйича, биттасидан сўрадим тўртинчи синф экан. Лекин, фермерлар: "У онаси билан чиққан", дейишади. Ҳозир ҳаммаси ўргатилган-да, онасига ёрдамга чиқаяпти деган гапни қилишяпти. Аслида далада ҳаммаси ёш болалар юрибди, лекин", дейди Гулшан Қораева.

У терим мавсуми боис мактаблар ёпилмаган эса-да, бу ўқувчиларнинг пахта теримидан озод эканларини англатмайди.

"Мактаблар ёпилгани йўқ, ўқиш кетяпти. Эрталаб ўқийдиганлар тушдан кейин пахтага чиқаётган экан, тушда ўқийдиганлар эрталаб пахтага чиқяпти", дейди Қаршилик инсон ҳақлари фаоли Гулшан Қораева.