'Ўзбекистон пахта далаларида дефоляция қилиш ишлари бошланган'

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Ўзбекистонда бу йилги пахта мавсуми мамлакат пахта далаларидаги болалар меҳнати билан боғлик халқаро можаро манзарасида кечмоқда.

Ўтиб бораётган ҳафта инсон ва меҳнат ҳуқуқи фаолларининг норозиликлари сабаб Президентнинг тўнғич қизи Гулнора Каримованинг Нью Йорк Мода ҳафталигидаги намойиши бекор қилинди.

Кейинроқ ресторанга кўчирилган "Гули" коллекцияси намойишини Америка матбуоти "мода эмас, фалокат" деб тасвирлаган.

Ўзбекистоннинг ўзида эса, болалар меҳнатини мониторинг қилишга уринган ҳуқуқ ҳимоячилари ҳибсга олинган.

Қашқадарёлик Гулшан Қораева ҳамда Нодир Аҳатовлар милиция томонидан ушланиб, Косон туман ички ишлар бўлимга олиб кетилгунларига қадар ўқувчи-талабаларнинг пахта тераётганини ҳужжатлаштириб улгурганликларини айтишмоқда.

Айни пайтда ўкувчи талабалар пахта тераётган далаларда ғўзани дефоляция қилиш ишлари олиб борилаётгани ҳақида ҳам хабарлар келмоқда.

Ярим расмий "Узрепорт" агентлиги қатор вилоятлар, жумладан, Фарғона водийсида кичик авиация ғўзани дефоляция қилишга киришгани ҳақида хабар берган.

Ўзбек матбуоти Шўро даврида ғўза баргини тўкишда ишлатилган пестицидларнинг атроф-муҳит ва одамларга ҳалокатли таъсири ҳақида кўп ёзган.

Аммо мустақил Ўзбекистонда пестицидлар қанчалик назорат қилинмоқда?

Биз ушбу саволни атоқли биолог олим, Ўзбекистон Фанлар академияси академиги Бек Тошмуҳамедовга бердик:

Бек Тошмуҳамедов: Замонавий қишлоқ хўжалигида кимёлаштириш кенг қўлланилади. Чунки кимёвий моддалар ҳосилни сезиларли даражада кўпайтиришга имкон яратади. Улар минерал ўғитлар билан ёнма-ён ишлатилади. Уларсиз бугун қишлоқ хўжалигини тасаввур қилиш мумкин эмас. Аммо, албаттаки, пестицидларни қўллашда нормативларга риоя этилиши керак. Қишлоқ хўжалигида уларни қанча миқдорда ишлатиш мумкинлиги аниқ белгилаб қўйилган. Ўзбекистонда пестицидларни ишлатиш совет давридагидан сезиларли даражада камайган. Сабаби, ҳозирда ҳаводан туриб, қайта ишланган йирик колхоз пахта плантациялари йўқ. Пахта майдонлари ҳажмининг қисқариши боис одамлар ҳозир қўлда теришга ўтишди. Пахта машинада кам терилади, агар умуман терилаётган бўлса. Пахта қўл билан терилганида эса, дефоляция қилишга ҳожат йўқ. Мен қўл билан терган яхшироқ, демоқчи эмасман. Аммо, бу пахта плантацияларидан фойдаланишнинг экологик жиҳатдан тозароқ бўлган кўриниши. Бундан ташқари, кимёлаштириш техникаси ҳам ўзгарди. Шунинг учун, айтишимиз мумкинки, ҳозирда пестицидларни ишлатиш кескин камайган.

Би-би-си: Аммо уларнинг аҳолини заҳарламайдиган, хавфсиз миқдорда ишлатилаётганига қанчалик амин бўла оламиз? Айниқса, ҳозирда ўқувчи - талабаларнинг пахта далаларида ишлатилаётгани назарда тутилса?

Бек Тошмуҳамедов: Албаттаки, буни назорат қиладиган туман қишлоқ хўжалиги учун масъул идоралар бор. Қолаверса, ҳозирда кимёвий модданинг ҳақини давлат эмас, балки деҳқон, фермер ўз чўнтагидан тўлаши керак. Бу дорилар арзон турмайди. Шундай бўлганидан кейин, фермер, табиийки, заҳарли кимёвий моддаларнинг имкон қадар камроқ ва имкон қадар таъсирлироқ йўлда ишлатилишидан манфаатдор. Шубҳасиз, пестицидларнинг аҳоли соғлиги, генофондга салбий таъсири катта. Ҳозирда энг катта хавф, менимча, совет давридан қолган қишлоқ хўжалик аэродромлари худудларидир. Бурунги қишлоқ хўжалик авиацияси йўқолиб кетгани боис, эски аэродромлардан халқ хўжалик мақсадларида фойдаланилмоқда. У ерларда эса ўз вақтида катта микдордаги заҳарли дорилар, пестицидлар, айтиш керакки, жуда ёмон шароитларда сақланган. Ҳозирда ана шу майдонларни аниқ белгилаб, у ердан одамларнинг фойдаланишларига йўл қўймаслик муҳим. Болалар меҳнатига эса бутунлай чек қўйилиши керак.