Оналар ва болалар ўлими: Ўзбекистон БМТ кўзлаган мақсадларга етиша оладими?

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Янги тадқиқот натижаларидан аён бўлишича, дунёдаги ривожланаётган давлатлардан аксарияти оналар ва болалар орасидаги ўлим ҳолларини камайтириш бўйича Бирлашган Миллатлар кўзлаётган мақсадларга эриша олишмайди.

Тадқиқот натижалари нуфузли "Лансет" тиббиёт журналида чоп этилган.

Унга кўра, Бирлашган Миллатларнинг Мингйиллик Тараққиёт мақсадларига етишишлари учун жаҳоннинг аксарият мамлакатларига яна ўттиз йилча керак бўлади.

Муаллифларнинг хулосаларига қаралса, ушбу масалада ҳам қашшоқ ва бадавлат давлатлар орасидаги улкан фарқ сақланиб қолади.

Худди шу манзарада Ўзбекистонда болалар ва оналар ўлими билан боғлиқ сўнгги вазият қандай?

Биз бу ҳақда Ўзбекистонда махсус лойиҳани амалга ошираётган Британиядаги HEALTHPROM нодавлат ташкилотидан доктор Cтюарт Бриттен билан суҳбатлашдик:

Стюарт Бриттен: Биз бола дунёга келганидан сўнгги 30 кун мобайнида рўй берадиган ўлим ҳоллари соҳасида иш юритганимиз учун фақатгина шу борада маълумотга эгаман. Биздаги маълумотлар 2009 йилнинг охирига қадар ва уларга мувофиқ ижобий ўзгаришлар бор. 2003 йили ЮНИСЕФ Ўзбекистонда туғилганидан сал ўтмай оламдан ўтган чақалоқларнинг аксари нормал туғилган ва нормал вазндаги чақалоқлар эканлиги ҳақида ҳисобот чиқарганидан сўнг, соғлиқни сақлаш расмийлари бизга мурожаат қилишганди. Яъни бу чақалоқлар бирон фавқуллода сабаб бўлмаса оламдан ўтишлари керак эмасди. Бундан ташқари бу ўлимларнинг кўпи тун давомида рўй берганлиги ҳам аён бўлган. Хуллас, муаммо мавжудлиги намоён бўлгач, бизнинг мутахассисларимиздан кўмак сўралди. Шундай қилиб, 2004 йилдан бери биз шу соҳада турли трейнинглар ўтказиб келмоқдамиз.

Би-би-си: 2003 йилда чақалоқлар ўлими юзасидан кўрсаткичлар нима учун юқори бўлганлиги сабаблари аниқланганми?

Стюарт Бриттен: Йўқ, тадқиқотлар Фарғона водийсида ўтказилганди. Биз у ерда фаолият олиб бормаймиз, биз асосан пойтахт Тошкентда иш юритамиз. Лекин нормал туғилган чақалоқларнинг ва тун мобайнида юз берган ўлим ҳоллари ҳеч кимни хавотирга солмай қўймасди ва бу ҳолат расмийларда ҳам ташвиш уйғотган.

Би-би-си: Ўшандан бери нималар ўзгарди?

Стюарт Бриттен: Биринчидан, янги туғилган чақалоқларни жонлантириш соҳасида трейнинглар ўтказилди. Бундан ташқари, Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти билан ҳамкорликда янги туғилган чақалоқларни парвариш қилиш соҳасида қатор лойиҳаларни амалга оширди.

Би-би-си: Яқинда ёш болаларга тиббий хизмат кўрсатиш даражаси бўйича чиқарилган ҳисоботда Ўзбекистон юқори, яъни 9-ўринни эгаллаганди, сизнинг ҳам назарингизда шундайми?

Стюарт Бриттен: Ўзбекистоннинг Марказий Осиё давлатлари орасида бу соҳада кўрсаткичлари, албатта, юқори. Лекин жаҳон миқёсида қандай ўринда эканлигини мен учун айтиш қийин. Лекин янги туғилган чақалоқларга тиббий хизмат кўрсатиш ва парвариш қилиш соҳасига эътибор қаратишга ҳаракат қилинмоқда. Осиё Тараққиёт Банки ҳам бу соҳадаги лойиҳаларга кредит ажратган. Жаҳон Банки томонидан ажратилган маблағдан ҳам туғруқхоналарни таъмирлаш ва жиҳозлаш учун фойдаланилган. Лекин Ўзбекистон каби Ялпи Йиллик Ички Маҳсулот Ишлаб чиқариш даражаси у қадар юқори бўлмаган мамлакатнинг ривожланган давлатлар даражасида соғлиқни сақлаш соҳасига маблағ сарфлашини кутиш қийин.