Ўзбекистонлик футболчилар 'Ўлим' гуруҳидаги илк учрашувларини ғалаба билан бошлашди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Футбол мутахассислари томонидан "Ўлим" гуруҳига тушгани айтилган Ўзбекистон Олимпия миллий терма жамоаси кеча ироқлик рақибларини 2:0 ҳисобида енгиб, учинчи босқич саралаш учрашувларининг дастлабкисини ғалаба билан бошлади.

Учрашувнинг 71 ва 78-дақиқаларида киритилган тўпларни Темирхўжа Абдухолиқов ва Кенжа Тўраевлар ўз ҳисобларига ёзишди.

Ўзбекистонлик фахрий футбол шарҳловчиси Ахбор Имомхўжаевнинг айтишича, маҳаллий футбол ишқибозлари миллий терма жамоаларининг кеча Тошкентнинг "Жар" стадионида осон кечмаган ўйиндаги ғалабасини карнай-сурнайлар ва катта хурсандчилик билан қарши олишган:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Ҳозирги босқичда 2012 йилги Лондон Ёзги Олимпиада Ўйинларига бор-йўғи тўртта йўлланмани қўлга киритиш учун қитъанинг 12 та миллий терма жамоаси кураш олиб боришмоқда.

"В" гуруҳига тушган миллий терма жамоаларнинг кучи деярли бир хил эканини назарда тутиб, ҳар тўрт бош мураббий бир овоздан ягона йўлланма учун курашнинг аёвсиз бўлишини башорат қилишганди.

Худди шу башоратлар кеча "В" гуруҳида кечган ҳар икки учрашувда ҳам ўз исботини топмай қўймади.

Ўзбекистон Олимпия миллий терма жамоаси ўз майдонида кечган ўйинда фақат иккинчи таймга келибгина, ҳисобни очиш ва уни ўз фойдасига ҳал қилишга қодир бўлди.

Австралия ва Бирлашган Араб Амирликлари учрашувида эса, ҳатто, ҳисоб ҳам очилмади.

Буёғи нима бўлади?

Учинчи босқич саралаш беллашувларида Марказий Осиё минтақасини фақат Ўзбекистон намоён этмоқда.

2012 йилги Лондон Ёзги Олимпиада Ўйинларига йўлланмани нақд қилиш учун эса, қай бир миллий терма жамоа бўлишидан қатъиназар, ўз гуруҳида биринчи ўринни қўлга киритиши лозим бўлади.

Иккинчи ўрин билан якунлаган миллий терма жамоа шу йил март ойи охирларида бўлиб ўтажак плэй-офф беллашувларида ҳам иштирок этади.

Илк ғалабаси ортидан, ҳозир Ўзбекистон Олимпия миллий терма жамоаси "В" гуруҳида уч очко билан пешқадамлик қилмоқда.

Ўзбекистонлик футбол мутахассислари "Ўлим" гуруҳи эканига қарамай, унга тушган миллий терма жамоалар билан бемалол ўйнаш мумкинлигини айтишмоқда.

Бундан ташқари, учинчи босқич саралаш учрашувларининг дастлабки ва якуний беллашувларининг Тошкентда бўлиб ўтиши ҳам ўзбекистонлик футболчиларга яхшигина қўл келиши мумкин.

Ўзбекистон Олимпия миллий терма жамоаси кейинги учрашувини меҳмонда, Бирлашган Араб Амирликларига қарши ўтказади.

Амирлик ёшлари ҳам Осиёдаги энг кучли жамоалардан бири саналишади.

Улар 2008 йилда 19 ёшгача бўлганлар орасида Жаҳон чемпиони ва ўтган йил Хитойда бўлиб ўтган Осиё Ўйинларининг финалига чиқиш билан ўзларининг нималарга қодир эканликларини амалда исботлаб қўйишган.

Бирлашган Араб Амирликлари Олимпия миллий терма жамоасининг ютуқларини ўзбекистонлик мураббийларнинг ўзлари ҳам шахсан эътироф этишмоқда.