Иркутскда гиёҳванд моддалар савдосида айбланган икки ўзбек маҳкум этилди

Image caption Маҳкама ўзбек фуқаролари "уюшган жиноий гуруҳ" аъзолари бўлганликларини айтган

Иркутск тарихидаги энг катта гиёҳванд моддалар савдоси билан боғлиқ маҳкама иши икки ўзбекистонликни айбдор, деб топган.

Исм-шарифлари келтирилмаган фуқароларнинг 40-45 ёш ўртасидаги эркаклар экани айтилади.

Улар 2009 йилда Иркутск вилоят Гиёҳванд моддаларга қарши кураш бошқармаси ходимлари томонидан ҳибсга олинган.

Ангар шаҳри яқинидаги трассада қўлга киритилган 200 килограмм миқдордаги афъюн, расмийларга кўра, ҳозирга қадар минтақа тарихида мусодара этилган энг катта миқдордаги гиёҳванд экани айтилади.

Интерфакс хабар агентлиги бошқарма матбуот хизматининг "Иркутск тарихидаги энг йирик гиёҳванд моддалар савдоси билан боғлиқ жиноят ишига нуқта қўйилди" деган сўзларини келтирган.

'Уюшган жиноий гуруҳ'

Ангар шаҳар маҳкамаси ҳар икки гиёҳванд моддалар ташувчисини олти йилу саккиз ой қамоқ жазосига маҳкум этган.

Россия матбуоти хабарларига кўра, айбланувчилар ўз автоуловларида гиёҳванд моддаларни бутун минтақа бўйлаб олиб ўтишни режалаганлар.

Полиэтилен халталарга солинган афъюн икки бочкага жойланган бўлиб, уларнинг уст қисми кўздан яшириш учун сариёғ билан "муҳрланган" бўлган.

Хабарларда маҳкум этилганларнинг "жиноий гуруҳ аъзолари" бўлиб, юкни ўтказиб қўйиш билан шуғулланганлари айтилади.

Гиёҳванд моддаларнинг бир қисмини қўшни минтақаларда сотиш режаланган бўлган.

Хабарларда гиёҳванд моддалар савдосида айбланган ўзбекистонликларнинг Россиядаги мақоми ҳақида ҳеч нарса дейилмайди.

Россия матбуотига кўра, мамлакатга келаётган ноқонуний муҳожирлар оқимининг кўпайиши гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний савдоси билан боғлиқ жиноятларнинг ҳам ошишига сабаб бўлган.

Ўтган йил декабрида ноқонуний гиёҳванд савдосида айбланиб, маъмурий жазога тортилган муҳожирларни Россиядан чиқариб юборишга доир федерал қонун кучга кирган.