АҚШ Конгресси Ўзбекистонга ҳарбий ёрдамни 'маъқуллаган'

Image caption Конгресснинг қарори Тошкент билан дўстона муносабатларни тиклаш уринишларининг бир қисми сифатида кўрилади

Вашингтондан келаётган хабарларга кўра, АҚШ Сенати қўмитаси Ўзбекистонга ҳарбий ёрдамни тақиқловчи инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ чекловларни бекор қилишни маъқуллаган.

АҚШ Сенатига яқин манбаъларга кўра, айни масала Сенатнинг Маблағ ажратиш қўмитасида чоршанба куни 2012 йил учун ҳарбий бюджет муҳокамаси чоғида кўрилган.

Қўмитанинг веб саҳифасида 2012 йилга мўлжалланган Хорижий ҳарбий Молиялаш Дастури учун 5.34 миллиард доллар маблағ ажратилгани, жумладан, 3.075 миллиард исроилга, 1.3 миллиард Мисрга ва 300 миллион доллар маблағнинг Иорданияга берилиши айтилади.

Расмий маълумотда Ўзбекистон номи тилга олинмаган, аммо қолган 400 миллион доллар миқдоридаги ёрдам Ўзбекистонга бериладиган ҳарбий ёрдамни ўз ичига олиши мумкин.

Эндиликда Ўзбекистонга ҳарбий ёрдамни Конгресснинг ҳар икки палатаси маъқуллаши керак бўлади, аммо Конгрессга яқин манбаъларнинг айтишича, унга тўсиқ қўйилиши эҳтимоли кам.

Аввалроқ АҚШ матбуоти Обама маъмурияти Афғонистондаги ҳарбий амалиётларда муҳим транзит нуқтасига айланган Ўзбекистонни рағбатлантириш учун 7 йил муқаддам жорий этилган чекловни олиб ташлашни сўрагани ҳақида ёзган эди.

'Диктаторга ёрдам'

Ҳюман Райтс Вотч ташкилотидан Стив Свердоунинг фикрича, АҚШ Конгресси Ўзбекистонга ҳарбий ёрдамга рухсат бериш билан "дунёнинг энг репрессив тузумларидан бирининг армиясини молияламоқда".

"Обама маъмурияти ўз қартасини яхшироқ ўйнаши, аввал инсон ҳуқуқларининг яхшиланишига эришиб, кейин чекловларни олиб ташлаши керак эди", - дейди Стив Свердлоу Би-би-си билан суҳбатда.

Конгресснинг Ўзбекистонга жорий этилган чекловларни олиб ташлаш қарори расмий Тошкент билан дўстона алоқаларни тиклаш уринишларининг бир қисми сифатида кўрилмоқда.

Шу кунларда АҚШ Давлат Котибаси Ҳиллари Клинтоннинг БМТ Бош Ассамблеяси йиғинида қатнашиш учун Нью Йоркка сафар қилган Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Элёр Ғаниев билан ҳам учрашуви режалангани ҳақида хабарлар олинган.

Покистондаги беқарорлик сабаб Вашингтоннинг Афғонистондаги ҳарбий амалиётларда Ўзбекистондан ўтган Шимолий таъминот йўлига қарамлиги ортган.

Обама маъмуриятининг Ўзбекистонга инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ ёрдам чекловларини бекор қилиш қарори инсон ҳуқуқлари ташкилотларининг ғазабига сабаб бўлган.

Уларга кўра, Каримов ҳукумати инсон ҳуқуқлари борасида бирон ижобий қадам қўймасидан туриб, бу каби ёрдамнинг маъқулланиши "диктаторни тақдирлаш"дан бошқа нарса эмас.

Ўтган ҳафта қатор нуфузли инсон ҳуқуқлари ташкилотлари АҚШ сенатига мактуб йўллаб, Оқ Уйнинг Ўзбекистонга ҳарбий ёрдам бериш ҳақидаги сўровини рад этишга чақиришган.

Мактуб муаллифлари "Ўзбекистон ҳукумати фуқаро жамияти фаоллари ва сиёсий мухолифларининг овозини бўғиш, фикр ва дин эркинлигини чеклаш ҳамда оммавий миқёсда болаларнинг мажбурий меҳнатини ташкиллаштиришда давом этаётган бир пайтда" америкалик солиқ тўловчиларнинг пули ҳарбий ёрдам сифатида ўзбек ҳукуматига берилишига қарши эканликларини билдирганлар.

Уларга кўра, Ўзбекистоннинг "стратегик ҳамкор", деган мақоми бу мамлакатдаги инсон ҳуқуқларининг аянчли аҳволи борасидаги хавотирларни босиб кетмаслиги керак.

Улар АҚШ Конгрессини Яқин Шарқдаги сўнгги воқеалардан сабоқ чиқаришга ундаганлар. Мактуб муаллифлари Араб давлатларидаги халқ ғалаёнларига қадар ҳам, масалан, Ўзбекистонга қўшни Қирғизистонда халқнинг коррупция ва репрессиялардан норозилиги ҳукуматнинг ағдарилишига олиб келганини эслатишган.

Вашингтон 2002 -2004 йиллар орасида Ислом Каримов ҳукуматига ҳарбий ёрдам бериб келган.

Бу кўмак Ўзбекистон АҚШ билан стратегик Ҳамкорлик Битимини имзолаши ортидан бошланган эди.

Икки йил давомида Ўзбекистон АҚШдан қарийб ярим миллиард доллар ёрдам олгани айтилади.

Аммо 2004 йилда АҚШ Конгресси Ўзбекистон ҳукумати ушбу битимнинг сиёсий эркинликлар ва инсон ҳуқуқларининг аҳволини яхшилашга доир бандини бажармагани важидан мазкур ёрдамни тўхтатган эди.