Ўзбекистон Хитой билан энергетика соҳасидаги ҳамкорликни кучайтирмоқчи

Image caption Президент Каримов Хитойни "ишончли ҳамкор"сифатида кўради

Президент Каримов Хитой билан энергетика соҳасида мустаҳкамланиб бораётган алоқаларни олқишлаган.

Тошкентда Хитой Халқ Конгресси раиси У Банго билан учрашув чоғида гапирган жаноб Каримов Ўзбекистон Хитой тимсолида "ишончли ҳамкор"ни кўришини айтган.

Хитой юқори мартабали мулозимининг сафари чоғида икки томонлама алоқаларга доир қатор битимлар имзоланган, аммо уларнинг тафсилотлари ошкор этилмаган.

Хитойнинг расмий Синхуа агентлигига кўра, музокаралар чоғида асосий диққат энергетика соҳасидаги ҳамкорликка қаратилган.

Хабарда икки томон "энергия ва минерал заҳиралар" каби соҳаларда ҳамкорликни кучайтиришга келишганлари айтилади.

Қудратли қўшни

Президент Каримов Хитойнинг иқтисодий қудратини олқишлаган.

"Ишончим комилки, Хитой дунёнинг биринчи давлатига айланадиган кунлар узоқ эмас", - деб айтган жаноб Каримов давлат телевидениеси орқали намойиш этилган нуқтида.

Шу йилнинг апрел ойида Президент Каримов Хитойга сафар қилган ва сафар чоғида қиймати 5 миллиард долларга сармоя ва савдо битимлари имзоланган эди.

Жаноб Каримовнинг сафаридан кўп ўтмай Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари Рустам Азимов Ўзбекистон ўзининг минерал заҳираларини Оврўпо эмас, балки Хитойга очишини эълон қилган.

Апрел ойида Тошкентда ўтган халқаро анжуманда жаноб Азимов Ўзбекистон Оврўпонинг ўзига "маъруза ўқишларидан чарчаганини" айтган.

Аммо ўзбек мулозими "Ўзбекистонни ҳурмат қилган алоҳида давлатлар" билан ҳамкорлика ҳамиша тайёрликларини изҳор қилган.

У Ўзбекистон ўзининг табиий заҳиралари учун "ишончли бозор"га эҳтиёжи борлигини айтган.

Ўзбекистон асосан туркман газини Хитойга олиб борувчи "Хитой - Марказий Осиё" қувурида транзит ролини бажариб келади.

Қувур 2009 йилда ишга тушганидан буён Хитой қарийб 15 миллиард кубометр газ сотиб олган.

Ўзбекистон келаси йилдан бошлаб айни қувур орқали ўз газини сотишни йўлга қўйиши кутилмоқда.

Бу борадаги ниҳоий келишувнинг шу йил охирида имзоланиши эълон қилинган.