Жанубий Африка ширкати Ўзбекистон билан келишув имзолади

Фото муаллифлик ҳуқуқи none

Жанубий Африка Республикасининг САСОЛ ширкати Ўзбекистонда газни суюқликка ўгириш лойиҳаси бўйича сармоя келишувига шу ҳафта имзо чеккан.

Лойиҳага биноан, Ўзбекистондаги табиий газ махсус жараён орқали ёқилғига айлантирилади ва оддий бензин ёки дизель ёнилғиси сифатида ишлатилиши мумкин.

Ширкат бу каби ёқилғи табиатга камроқ заҳарли чиқиндилар чиқаришини айтган. Сасолнинг шериклари Ўзбекнефтегаз ва Малайзиянинг Петронас ширкатларидир.

Корхона қурилиши бу йил бошланади. Газ эса, Шўртон газ майдонидан олиниши айтилади. Биз Sasol Petroleum International ширкати директори Эд Камерон билан боғланиб, аввало қандай маҳсулот ишлаб чиқарилишини тушунтириб беришни сўрадик.

Эд Камерон: Авваламбор, у дизель ёнилғисини ишлаб чиқаради. Ўзбекистонда ишлаб чиқарадиган маҳсулотларимизнинг 50 фоизи дизель бўлади. У ердаги корхона йилига 1 бутун ўндан 4 миллион тонна ёнилғи ишлаб чиқариш салоҳиятига эга бўлади. Бу кунига 58 минг баррелга тенг.

Ўзбекистон анча табиий газга эга, лекин ёнилғини чеккадан сотиб олади. Сиз бошлаётган жараён ўзбекистоннинг ташқи ёнилғига қарамлигини ўзгартира оладими?

Эд Камерон: Ҳа, албатта. Бу корхона янгича имкониятларни яратади. Сиз айтгандек, Ўзбекистонда газ кўп, лекин маҳсулот тақчиллиги мавжуд. Бу корхона иш бошлаши билан барча махсулот Ўзбекистоннинг ичида истеъмол қилинади. Баъзи табиий газ экспорт қилинаверади. Бу Ўзбекистон учун ажойиб лойиҳа.

Би-би-си: Сизнинг ширкатингиз бу ёқилғи тозароқ, яъни табиат учун камроқ заҳарли бўлган ёқилғи бўлишини айтаяпти. Жуда кўп энергия ишлаб чиқарувчи ширкатлар бу каби даъволарни қилишади. Сиз ишлаб чиқарадиган ёқилғи қанчалар тоза бўлади?

Эд Камерон: Албатта, ҳар ҳил шубҳалар мавжуд бўлиши мумкин. Лекин мен бизнинг лойиҳани ажратиб турадиган бир иккита томонини ёритмоқчи эдим. Биз ишлаб чиқармоқчи бўлган дизельга келсак, бу ёнилғи таркибида мутлақо олтингугурт бўлмайди. Шу жиҳатдан бу энг тоза ёнилғи бўлади. Уни ҳатто сувдек беғубор дейиш мумкин. Табиатга таъсири ҳақида гапирсак, у бошқа ёқилғилардан катта фарқ қилади.

Би-би-си: Sasol Petroleum International ширкати чиқарган баёнотда, Ўзбекистондан сармоя кафолати олинди деб айтилади. Бу муҳим бўлса керак сиз учун, чунки кўпгина халқаро ширкатлар Ўзбекистондаги бизнес ҳудудини хавфли дея баҳолашган ва иш олиб боришга қийналганлар. Масалан, Оксус ҳали ҳам расмий Тошкентга қарши шикоятлар билан чиқмоқда. Сизнинг сармоянгиз хавфсиз бўлишига қандай кафолат бор?

Эд Камерон: Бу ҳақиқатдан ҳам жуда муҳим масала. Ўзбек ҳукумат бу лойиҳага жуда мухтож ва унинг амалга оширилишини истайди. Уларнинг ана шу истаги биз учун асосий кафолатдир. Чунки, бу каби ёқилғи Ўзбекистон иқтисодига фойда келтиради, унинг газ махсулотларини турфалаштиради, ҳамда унинг четдан келадиган нефть ва ёқилғи маҳсулотларига қарамлигини камайтиради. Ўзбекистон бизнесимиз хавфсиз ва қулай шароитда амалга оширилиши йўлида бизни жуда ишонтирган.