Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Россия Тергов қўмитаси:'сиёсий қотиллик фаразлари ўрганилмоқда'

Image caption Фуад Рустамхўжаев мухолифатдаги Ўзбекистон Халқ Ҳаракатининг Россия бўлимини бошқарган

Россия Тергов қўмитаси шанба куни Ивановода отиб кетилган Фуад Рустамхўжаевнинг сиёсий фаолияти билан боғлиқ фаразларни текшираётганини маълум қилди.

Тергов қўмитасининг Иваново вилоят бошқармаси матбуот котиби Надежда Суханованинг Би-би-сига айтишича, 38 ёшли Рустамхўжаев 24 сентябр куни кечқурун Иваново марказидаги уйи даҳлизида ўқотар қуролдан отиб, ўлдирилган.

Унинг сўзларига кўра, марҳумнинг боши ва танасида бир неча ўқ жароҳатлари аниқланган.

"Ҳозирда қотиллик билан боғлиқ барча фаразлар, жумладан Рустамхўжаевнинг тадбиркорлик ва сиёсий фаолияти боғлиқ фаразлар текширилмоқда",- деди Тергов қўмитаси вакили.

Суханова хоним қотилларнинг неча киши бўлгани ва ҳозирга қадар нималар аниқлангани борасида тергов манфаатларидан келиб чиқиб, маълумот беролмаслигини айтди.

Унинг айтишича, Фуад Рустамхўжаев тадбиркор бўлиш билан бирга, Иваново шаҳар масжидида имом йўқлик пайтлари имом вазифасини ҳам бажарган.

Россия фуқароси бўлган Рустамхўжаев шу йил майида Берлинда таъсис этилган Ўзбекистон Халқ Ҳаракати мухолифат ташкилотининг Россия бўлимини бошқарган.

Сиёсий қурбонлар рўйхати

Аввалроқ Ўзбекистон Халқ Ҳаракати баёнот эълон қилиб, Рустамхўжаевнинг ўлимида ўзбек махсус хизматларининг қўли борлигини иддао қилган.

Ҳаракат раиси Муҳаммад Солиҳга кўра, бундан бир ой аввал Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик Хизмати ходимлари Рустамхўжаевнинг Андижондаги уйига келиб, яқинларига сиёсий фаолиятини тўхтатмагани тақдирда уни йўқ қилиш билан таҳдид этганлар.

Муҳаммад Солиҳнинг фикрича, Рустамхўжаевнинг ўлими 2007 йилда қирғизистонлик журналист Алишер Соипов, ундан аввал Эломон Шукуров ва Мирза Ўрунов сингари фаолларнинг ўлдирилишини ёдга солади.

Би-би-си билан суҳбатда жаноб Солиҳ Россия расмийлари ўзбек фаолининг ўлдирилишини изоҳлаб бериши кераклигини таъкидлади.