Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Носир Зокир:'Press.uz даги мақолани мен ёзмаганман'

Фото муаллифлик ҳуқуқи bbc

Наманганлик журналист ва мухолифат фаоли Носир Зокир Ўзбекистон Халқ Ҳаракати ва унинг раҳбарини қораловчи ҳукуматпараст сайтдаги мақола муаллифлигини рад этди.

24 сентябр куни ярим расмий "Пресс-уз. инфо" сайтида "Бирдамлик" ҳаракатининг Фарғона водийси бўйича мувофиқлаштирувчиси Носир Зокир номидан чоп этилган рус тилидаги мақолага "Ўзбекистон Халқ Ҳаракати халққа нима бера олади? Ҳеч нарса!" деб сарлавҳа қўйилган.

Унда Муҳаммад Солиҳ раҳбарлигидаги ЎХҲ нинг "узоқни кўра олмайдиган" сиёсати танқид остига олинади.

Шўро услубидаги сиёсий пафлет жанрида ёзилган мақолада ЎХҲ фаоллари давлат идораларидаги ходимларга қўнғироқ қилиб, уларни давлат сиёсатига қарши чиқишга даъват этаётгани, бу каби чақириқ эса "Ўзбекистондаги вазиятни яхши билмаслик натижаси" экани айтилади.

"Ахир ўзингиз ўйлаб кўринг, бир-икки прокурор ва судъя халқнинг дастагисиз давлат сиёсатига қарши бориши мумкинми? Шубҳам бор", дея истеҳзо қилинади мақолада.

Унда ЎХҲнинг фаолияти шунингдек, Ўзбекистон мустақиллигининг 20 йиллига кутилган диний-сиёсий маҳбуслар авфи амалга ошмай қолгани учун ҳам маломат қилинган.

Пресс-уз. даги мақолада янги ташкил этилган мухолифат ҳаракати аввал-бошдан ўзбек халқига қарши бўлгани ва ҳокимият учун курашда "диний-террористик йўлни" танлагани даъво қилинади.

Би-би-си билан суҳбатда Носир Зокир бу каби мақолани ёзмагани ва унга расмий раддия бериш ниятида эканини айтди.

Унинг сўзларига кўра, ҳукуматпараст сайтдаги мақоладан мақсад "мухолифатни бир-бирига қарши қайраш"дир.

Носир Зокир ўтмишда сиёсий ва журналистик фаолияти учун икки марта қамоққа ташланган.