Андижонга 2005 йил ҳодисалари бўйича қамалган маҳбуснинг жасади қайтарилди

Андижондаги 2005 йил май ойидаги намойишда иштирок этганлик айблари билан қамоқ жазосига ҳукм қилинган деб кўриладиган Равшанбек Отабоев қамоқхонада оламдан ўтган.

Муҳожиротдаги "Андижон - Адолат ва Тараққиёт" ҳаракати тарқатган баёнотга кўра, 55 ёшли Отабоевнинг жасади Навоий шаҳридаги қамоқхонадан яқинларига 21 сентябр куни қайтарилган ва шу заҳотиёқ дафн этилиши талаб қилинган.

Равшанбек Отабоев яқинларининг айтишларича, у 2000 йилда сил хасталигига чалинган ва ҳар йили бир неча ой мобайнида муолажа олишга мажбур бўлган.

2005 йил 13 май куни кўп сондаги намойишчилар вилоят ҳокимлиги ёнидаги майдонда йиғилганидан хабар топган Равшанбек Отабоев даволанаётган жойи Асакадаги сил хасталиги беморлари даволанадиган шифохонадан Андижон марказига йўл олади.

"У ҳукумат қўшинларининг намойишчиларни ўққа тутганидан қочиб, оломон билан бирга Қирғизистон чегарасидаги Тешиктошгача боради, у ерда ўнг оёғидан яраланган. Равшанбек Отабоевни "Тез ёрдам" машинаси олиб кетган, шундан кейин ҳеч ким унга нима бўлмаганини билмаган", дейди "Андижон - Адолат ва Тараққиёт" фаоли Юсуф Собиров.

Яқинларининг айтишича, Равшанбек Отабоев рафиқасининг унинг қаердалигини аниқлаш мақсадидаги ҳаракатлари самара бермайди, на тиббиёт муассасалари, на ҳуқуқ-тартибот органлари Равшанбек Отабоев ҳақида оиласига хабар бермайдилар.

"Ниҳоят бир йилдан кейин аёли унинг Тошкентдаги бемор маҳбуслар сақланадиган "Сангород" шифохонасида ётганидан хабардор бўлади. Аёлининг турли расмий идораларга мурожаат қилиб, Равшанбек Отабоев нимада айбланиб маҳкамага тортилгани, маҳкамаси қачон бўлиб ўтгани ҳақидаги сўровларига ҳам Ўзбекистондаги бирор идорадан жавоб ололмаган. Ҳатто бугун ҳам марҳумнинг қариндошлари буни билишмайди", деб айтди Юсуф Собиров.

"Андижон - Адолат ва Тараққиёт" ташкилоти фаоли айтишича, қамоқхонада Равшанбек Отабоевнинг саломатлиги тобора ёмонлашиб бораверган.

Ҳар йили бир неча ой Тошкентдаги маҳбуслар шифохонасида даволанишга мажбур бўлган.

Беморлигига қарамасдан, унга бошқа маҳбусларга бўлганидек муомала қилинган, у жазони ижро этиш муассасасида бошқа маҳбуслар билан бирга сақланган.

Расмийлар Равшанбек Отабоевнинг юрак хуружи оқибатида вафот этганини айтганлар.