Ман қилинган: Нью Йорк мода ҳафталиги ортидан Гулнора Каримовадан бошқалар ҳам юз ўгирмоқдами?

Image caption Британиянинг ES Magazine журналида чоп этилган мақолага мана шу сурат ҳамроҳлик қилади

"Гарвард таҳсилдори, поп юлдузи, модельер, элчи, киборлар даврасининг кунда-шундаси... Ўзбекистоннинг етакчи қизи учун ҳамма нарса шундай яхши кетаётганди. Кейин уни сурбетларча Нью Йорк Модалар Ҳафталигидан чиқариб ташлашди. Гулнора учун зиёфат тугадими?"

Ўзбекистон Президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримова ҳақида Британиянинг ES Magazine журналида чоп қилинган мақола ана шундай мисралар билан бошланади.

"Ман қилинган" дея номланган мақола Гулнора Каримованинг шу ой ўртасида инсон ҳуқуқлари ташкилотларининг норозиликлари туфайли Нью Йоркдаги нуфузли модалар ҳафтасидан чиқариб юборилишини ёритади ва унинг шахсиятига чуқурроқ назар ташлайди.

Мақолага биноан, бу каби шармандалик ўзини халқаро саҳнадаги машҳур юлдузлар сафига қўшишга уринаётган Каримова хоним учун йирик зарба бўлган.

Модалар ҳафталигининг ҳомийлари бўлмиш Mercedes-Benz ва IMG, ўзбек пахтасининг етиштирилишидаги болалар меҳнатидан норозилик ошиб борар экан, Гулнора Каримованинг Линколн Марказидаги "Гули" модалар шоусини бекор қилишди.

Ҳомийлар Гулноранинг 30 минг долларлик ариза пулини ҳам қайтариб беришларини оммага эълон қилишгани президент қизи учун уятли ҳол эди.

Image caption Гулнора Каримовани Оврўпо ва Америкадаги юқори даражали тақдимот маросимлари ва зиёфатларда кўриш мумкин.

"Гули" шоуси сўнгра Чиприани ресторанига кўчирилди. "Бироқ у ерда подиум йўқ эди, унинг ўрнига мажнунтолдек моделлар баҳайбат ўзбек гилами устида, мармар устунлар оралаб юриб беришди. Дизайнернинг ўзи келмади ҳам," деб ёзилади мақолада.

Муаллиф Стивен Робинсонга кўра, Лондон, Нью Йорк ва Женева ўртасида бир зиёфатдан иккинчисига учиб юрадиган ва пардоз-андози бенуқсон Гулнорани кўрганлар уни ўта бой банкирнинг хотини деб ўйласалар ажаб эмас.

"Сунъий равишда ёқимли"

Гулнора Каримовани Тошкентдаги расмий зиёфатларда учратган собиқ британ элчиси Крейг Маррейга кўра, биринчи таассурот алдамчи бўлиши мумкин.

"У дўстона, сунъий равишда ёқимли. Зиёфатларда кўрганингизда, уни ёқтиришса керак деб ўйлайсиз. Лекин, у даҳшатли режимнинг бегуноҳ қизчаси эмас. Асло. У бу режимнинг бир қисми," дейди жаноб Маррей.

Гулноранинг отаси ҳақида гап кетар экан, муаллиф "Нимадан бошлайлик?" деб сўрайди ва ғарб давлатларининг Исломий таҳдиддан хавотирларини бир-бирига зид қўйиш, ҳамда ўзига мухолиф ҳар қандай шахсни қийноққа тутиш билан 90-йиллардан бери ҳокимиятга тиш-тирноғи билан ёпишиб келаётган раҳбар ҳақида гапиради.

"Каримов режими камида бир мухолифатчини қайнатиб ўлдиргани исботланган" деб ёзади муаллиф.

Мақолага кўра, коррупцияга ботган Ўзбекистонда иқтисоднинг энг асосий маҳсулоти бўлмиш пахта мажбурий болалар меҳнатига асосланган.

"Ҳатто 11 ёшли болалар ҳам икки ойгача мактабдан олиб кетилиб, пахта теришга мажбурланади. Ўн минглаб болалар кимёвий моддалар ва пестицидлар қопланган пахтани терадилар. Бу эса Гулнора Каримованинг оиласини мисли кўрилмаган даражада бойитган."

Мақолага кўра, GAP ва H&M каби ширкатлар ўзбек пахтасини олишни тўхтатишган, бироқ ўзбек пахтасининг аксар қисми Россия орқали экспорт қилиниши билан, унинг манбаси сир қолиши мумкин.

Image caption Гулнора Каримованинг "Гули" коллекциясида ўзбек ипагидан тикилган либослар тақдим этилади

Гулнора Каримованинг "агрессив бизнес тажрибаси"га мисол тариқасида, муаллиф WikiLeaks саҳифаси ошкор қилган АҚШ дипломатик мактубларини келтиради.

Уларда Гулнора бизнес рақибларини эзиб ташлаб, уларнинг ширкатларини тортиб оладиган, ҳамда Россия мафиясига яқин бўлган шахс дея тасвирланганди.

Чақилмас ёнғоқ

Муаллиф яна Гулнора Каримованинг зиёфат ва кўнгилҳушликка қўйган муҳаббатига қайтади.

"Лондон Гулнора учун чақилмас ёнғоқ бўлди, у пойтахтдаги зиёфатлар саҳнасида кўримсиз бир шахс сифатида қолмоқда," деб ёзади у.

Унга кўра, Гулноранинг ҳатто миллиардерлар иморати саналмиш Найтсбридж мавзесидаги ҳашаматли One Hyde Park биносидан квартира сотиб олгани ҳам унинг Британиядаги нуфузини оширолмаган.

"У ҳеч қачон ўзини Лондонда ҳуш қарши олингандек сезмаган. Чунки у ва унинг оиласи қиладигани ишларга нисбатан сиёсий ёвқараш мавжуд," дейди Крейг Маррей.

Мақолада айтилишича, Гулнора Каримованинг шахсий веб саҳифасида машҳур қўшиқчи Элтон Жон билан тушган сурати чоп қилинган, бироқ муаллифга кўра, Элтон Жон ўз зиёфатига Каримова хонимнинг кимгадир қўшилиб келганидан норози бўлган.

Мақола, шунингдек, Гулнора Каримова ҳақида салбий хабарлар кўпайиб бориши билан, Барселона футбол клуби ва Chopard заргарлик брендлари у билан ҳамкорликни тугатишга бел боғлашаётгани намоён бўлаётгани ҳақида ёзади.

"Афтидан Гулнора ихоталанган Сибирга айланмоқда, ва бу уни жуда ҳафа қилиш тайин," деб ёзади муаллиф.