Бойсунда ағанаган ёнилғи цистерналари Афғонистонга бораётган эдими?

Image caption Юк ҳамда пассажир вагонлари Ҳисор тоғ тизмасидаги денгиз сатҳидан 1800 метр баландликдан олиб тушилади

Ўзбекистоннинг Сурхондарё вилоятида ёнилғи ортилган поездда фожеа юз берган. 30 тача ёнилғи вагони қулаб ёнғин келиб чиққан, бир неча киши қурбон бўлган ва яраланган.

Ёнилғи ортилган цистерналар темир йўлдан чиқиб кетгани ҳақидаги хабарни "Ўзбекистон Темир йўллари" ширкатининг юк ташишга масъул бўлинмасида ишлайдиган ходимлардан бири ва ўзбекистонлик журналист тасдиқладилар.

Лекин, афтидан, расман бу ахборотни ошкор этмасликка қарор қилинган - "Ўзбекистон Темир йўллари" ширкати мутасаддилари поезд Бойсун тоғларида қулагани хабари борасида умуман гапирмадилар.

Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги навбатчиси "бизда бундай ахборот йўқ", деб айтди.

Расман маълумот ошкор этилмаётганидан ҳалокат тафсилоти ҳозиргача ҳам аниқ эмас.

Маълум бўлгани, Ўзбекистоннинг Қашқадарё вилоятини Сурхондарё вилояти билан боғлайдиган баланд тоғли минтақасида, Тангимуш деган жойда 30 тача ёнилғи цистернасини олиб тушаётган поезд состави кескин бурилишда ағанаган.

Бунга вагонлардан бирининг тормоз тизими ишдан чиққани ва юришни қийинлаштиргани сабаб бўлган.

Ҳалокат 23 сентябр, жума тунида рўй берган.

Бойсун туман тиббиёт ходимлари вагонларни кузатиб келаётган темирйўлчилардан икки нафарининг ҳалок бўлганини, бир неча киши яраланганини матбуотга тасдиқлаганлар.

Ўзбекистон расмий идоралари ҳалокат сабаблари ва оқибатлари ҳақида маълумот беришмагани туфайли поезд составидаги юк борасида турли хабарлар тарқалган.

Айрим хабарларга кўра, 30 тача вагон-цистернадаги ёнилғини Ўзбек-Афғон чегарасидаги Термизга олиб бориш ва Амударёдаги Ҳайратон кўпригидан олиб ўтиб Афғонистонга етказиш мўлжалланган.

Айрим хабарларда эса юкнинг Россия ширкатларига тегишли экани ва энди зарарни Ўзбекистон темирйўл ширкатининг қоплашига тўғри келиши айтилган.

Бошқа хабарларда эса ёнилғи Ўзбекистоннинг ички ёнилғи эҳтиёжини қондириш, яъни Сурхондарё вилоятига мўлжалланган ёнилғи экани хабар берилган.

Ўзбекистонни Туркманистонга қарамлигидан қутқазган темирйўл

Бойсун тоғларидан ошиб ўтган темир йўл 2009 йил 1 сентябрида Ўзбекистон мустақиллиги арафасида ишга туширилган ва энди Ўзбекистоннинг Туркманистон темирйўлига қарамлигига якун ясалгани хабар қилинган эди.

Даставвал "Тошгузар-Бойсун-Қумқўрғон" темирйўлининг 2000 йилда ишга туширилиши режалаштирилган, ушбу лойиҳа учун Япония ҳукумати қарийб 250 миллион долларлик қарз бергани хабар қилинган.

"Тошгузар-Бойсун-Қумқўрғон" темирйўлининг узунлиги 223 километрни ташкил этади, йўлнинг асосий қисми Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманини Қашқадарё вилоятининг Ғузор тумани билан боғлаган Ҳисор тоғ тизмаси устидан, денгиз сатҳидан 1800 метр баландликда ўтади.

Баланд жарликлар устидан 43 та кўприк ва бир неча йирик конструкциялар барпо этилган.

Йўл Туркманистон транзитига эҳтиёжидан Ўзбекистонни қутқазгани билан бирга Ўзбекистоннинг Афғонистондаги хорижий қўшинлар таъминоти учун муҳим "Шимолий йўлаги" таркибий қисми ҳисобланади.

Айрим кузатувчиларга кўра, Ўзбекистоннинг "Шимолий йўлак"даги аҳамиятини пасайтириши мумкинлиги сабабидан ҳам бу ҳалокат ҳақида гапирмаслик афзал кўрилаётган бўлиши мумкин.