'Ўзбекистонда намойишчилар ҳибсга олинмасин, жазога тортилмасин'

Ўзбекистонда Қозоғистон ва Туркманистон каби ҳануз сўз эркинлиги, митинглар ўтказиш ва фуқаровий жамиятларнинг инсон ҳуқуқлари муҳофазасига ўз ҳиссаларини қўшишларига имкон бериш билан боғлиқ жиддий муаммолар бор.

Бу ҳақда Инсон Ҳуқуқлари бўйича Халқаро ҳамкорлик, Голландия Хельсинки қўмитаси, Қозоғистон Инсон ҳуқуқлари ва қонунчиликни назорат этиш, Туркманистон ва Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил Ташаббус гуруҳларининг қўшма баёнотида айтилади.

Ушбу баёнот Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти аъзо давлатлардаги 2011 йилги инсон тараққиётига оид масъулиятларнинг қандай бажаралаётганлигини кўриб чиқаётган бир манзарада эълон этилмоқда.

Баёнотнинг Ўзбекистон бўлими масъулларнинг фуқаровий жамиятлар фаолиятини қанчалар ёқтирмасликларига оид сўзлар билан бошланади.

Ўзбекистонда иш юритаётган саноқли мустақил ноҳукумат ташкилотларининг аксарияти расмий рухсатномага эга эмасликлари, бунга қайддан ўтиш жараёнининг қийинлиги ва улар аризаларининг адолатли кўриб чиқилишига умид йўқлиги сабаб экани айтилади.

Ўз ўрнида, бор-йўғи битта - "Эзгулик" инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотининг расман рўйхатдан ўтказилгани, қолганлари бирор бир ҳуқуқий мавқеъсиз фаолият юритишга мажбурликлари таъкидланади.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларининг кузатув, уй қамоғи, сўроқлар, чиқиш визасининг берилмаслиги, бўҳтон қилиш ва бошқа ҳуқуқбузарликларда айбланиш дохил турли хил таъқибларга учраётганликлари урғуланади.

Улардан айримларининг жазо муддатини ўтаётган пайтларида қийноқлар ва бошқа шафқатсиз муносабатларга дучор этилганликларига оид хабарлар борлиги ҳам тилга олинади.

Қўшма баёнотда айтилишича, инсон ҳуқуқларини ҳимоя этиш фаолияти билан боғлиқ мавжуд таҳдидлар туфайли кўплаб ҳуқуқ фаоллари Ўзбекистонни тарк этишга мажбур бўлишган ва муҳожиратда яшашга мажбурлар.

Матбуотнинг аҳволи...

Ўз ўрнида, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ аҳволнинг қандай экани тўғрисида мустақил маълумотларга имконият чеклангани ҳам айтилади.

Бунга маҳаллий ва халқаро инсон ҳуқуқларини ҳимоя этиш ташкилотлари веб саҳифаларининг мунтазам равишда тўсиб қўйилиши сабаб экани урғуланади.

Халқаро инсон ҳуқуқларини ҳимоя этиш ташкилотларининг Ўзбекистонда иш юритишлари қийин экани, дейлик, "Хьюман Райтс Вотч" 15 йиллик иш фаолияти ортидан яқинда Ўзбекистондаги идорасини ёпишга мажбур бўлгани таъкидланади.

Баёнотга кўра, бу - Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ аҳволни мустақил кузатиш ва ҳужжатлаштириш ишларига берилган яна бир жиддий зарбадир.

Муаллифларнинг урғулашларича, мазкур ҳолат фуқаровий жамиятларни янада қалтис аҳволга қўйиб, фаолиятларини чеклашга сабаб бўлади.

Митинглар уюштириш...

Баён қилинишича, мавжуд қонунлар ўзбекистонлик расмийларга йиғинлар уюштиришни чеклаш ёки ман этишлари учун чексиз ваколатлар беради.

Бу каби тадбирларни ташкиллаштиришга оид тартиб-қоидаларни бузганлик учун кескин жазо чоралари кўзда тутилади, дейилади баёнотда.

Фуқаровий ва сиёсий акциялар ўтказиш учун салбий муҳитнинг ҳукмронлиги, ўз норозилигини изҳор этишнинг қандай оқибатлар билан якунланишига оид кенг тарқалган қўрқув - оммавий намойишлар уюштиришга тўсқинлик қилаётган омиллардан бири экани айтилади.

Дейлик, инсон ҳуқуқлари фаоллари томонидан ташкиллаштирилган тинч намойишларнинг тарқатиб юборилиши, фаолларнинг ҳибсга олинишлари, жаримага тортилишлари ва таъқибларга учрашлари мисол ўлароқ келтириб ўтилади.

Адолатсизликка қарши ўз норозилигини ошкора баён этиш билан боғлиқ таҳдидлар эса, Ўзбекистон телерадиокомпанияси "Ёшлар" телеканалининг икки ходими - Малоҳат Эшонқулова ва Саодат Омоновалар ҳодисаси мисолида келтирилади.

Тавсиялар

Муаллифлар ўз баёнотлари сўнггида Қозоғистон ва Туркманистон каби Ўзбекистонга ҳам қатор тавсиялар берилади:

Энг аввало маҳаллий ва халқаро ноҳукумат ташкилотларини оддий, адолатли ва шаффоф йўл билан қайддан ўтишларига имконият яратилиши айтилади.

"Хьюман Райтс Вотч" дохил расман рўйхатдан ўтказилмаган ёки рухсатномаси ўзбошимчалик билан олиб ташланган ташкилотларнинг лицензияларини ҳам зудлик билан тиклашга чақирилади.

Фуқаровий жамиятларнинг бирор бир таҳдидларсиз фаолият юритишларига имкон бериш, турли сохта айбловлар билан қамоққа ташланган инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларини бирор бир шартларсиз озод этишга даъват этилади.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий дастур лойиҳасига мувофиқ, митинглар уюштиришни тартибга солувчи махсус қонун қабул қилиш сўралади.

Янги қонун қабул қилингунча, ўз норозилигини тинч йўл билан изҳор этмоқчи бўлган фуқароларнинг чиқишлари иштирокчиларнинг ҳибсга олинишлари, жаримага тортилишлари ва ёки бошқа жазо чораларига дучор этилмасликлари таъминланиши сўралади.