Суҳроб Исмоилов: 'ОХҲТ йиғинида Ўзбекистон ҳайъатидан жўяли бир гап чиқмади'

Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг йиллик йиғинида чиқиш қилган Ўзбекистон расмий ҳайъати оммавий-ахборот воситалари эркинлиги, интернет цензурасига қарши курашиш ва маълумот олиш, тарқатиш эркинлиги масаласида жўяли бир гап айтмаган.

Кеча душанба куни бошланган ва икки ҳафта давом этиши айтилаётган йиғиннинг илк куни оммавий-ахборот воситалари, сўз ва маълумот олиш, тарқатиш эркинлиги билан боғлиқ вазиятга бағишланган.

Йиғинда иштирок этаётган "Эксперт" ишчи гуруҳи раҳбари Суҳроб Исмоиловнинг айтишича, Ўзбекистон ҳукумати вакили кеча умумий гаплар билан чекланиб, инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ бугунги вазиятни мақтаб чиқиш қилган.

"Ўзбекистон 70 дан ортиқ халқаро ҳуқуқий ҳужжатларни имзолагани, 30 га яқин халқаро ташкилотларга ҳисоботлар тайёрлагани, миллий дастурлар амалга оширилаётгани ҳақида гапириб ўтишди", дейди у.

Халқаро ташкилотнинг элликдан ортиқ аъзо давлатлар ҳайъатлари иштирокида Польша пойтахти Варшавада бўлиб ўтаётган йиғини жорий йилда инсон ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлаш ўлчамларини муҳокама этишга қаратилган.

Иштирокчилар бу йилги йиғинда расмий Ўзбекистонни намоён этаётган ҳайъат аввалги йиллардагидан кўра катта сонда эканини айтишмоқда.

Аён бўлишича, Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ вакили бошчилигидаги бу йилги ҳайъат ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Олий маҳкамаси қошидаги демократлаштириш ва либерализацияга ёрдам берувчи суд-тадқиқот маркази ва ички ишлар вазирлиги инсон ҳуқуқлари бошқармасининг ходимларидан иборат.

Ўз ўрнида, шуни ҳам таъкидлаш жоизки, халқаро йиғинда Ўзбекистондан бир қатор мустақил ва маҳаллий инсон ҳуқуқларини ҳимоя этиш ташкилотлари ҳам қатнашишмоқда.

Уларнинг орасида "Эксперт" ишчи гуруҳи, "Эзгулик" инсон ҳуқуқларини ҳимоя этиш ташкилоти ва Брюсселда рўйхатдан ўтган, аммо Марказий Осиё масалалари билан шуғулланувчи "Алишер Навоий" институти вакиллари бор.

Худди шу йиғиннинг ўзида Ўзбекистондаги ноҳукумат ташкилотлари номидан чиқиш қилган Суҳроб Исмоилов асосий эътиборни Ўзбекистонда журналистларнинг хавфсизлиги ҳамон муаммолигича қолаётгани, қамоқда қолаётган журналистлар тақдири ва интернет устидан назоратнинг қанчалик кучли эканига қаратганини айтади:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Унга кўра, кеча қилган чиқиши Ўзбекистон ҳукумат ҳайъати вакиллари томонидан бежавоб қолган.

"Лекин Ўзбекистондаги ҳолатлар бўйича бошқа хорижий ҳайъатлар, дейлик, Америка, Голландия, Норвегия, Оврўпо Иттифоқи номидан чиқиш қилаётган давлатлар, турли халқаро ташкилотлар вакиллари томонидан танқидий чиқишлар кўп бўлаяпти", дейди Суҳроб Исмоилов.

"Эксперт" ишчи гуруҳи раҳбари сешанба кунги чиқишида диний маҳбуслар, уларнинг оилаларига кўрсатилаётган тазйиқлар ва қўзғатилаётган жиноий ишлар каби масалаларга эътибор қаратган эса-да, бу гал ҳам ҳукумат ҳайъати томонидан ҳозирча бирор бир муносабат бўлмаганини таъкидлайди.

Лекин ўзбекистонлик фаолга кўра, Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти ҳукуматлар тарафидан тузилган ташкилот бўлгани учун, унда фақатгина сиёсий мажбурият бўлса-да, энг катта таъсири ҳозир бўлиб ўтаётганига ўхшаш йиғинларда кўринади.

"Мана, халқаро ташкилотларда қўл билан кўрсатиб, уялтириш деган бир сиёсат бор. Менимча, ОХҲТ ташкилоти бу борада энг фойдали жиҳатларни намоён эта олади", дейди Ўзбекистондаги "Эксперт" ишчи гуруҳи раҳбари.