Ўзбекистонда прописка ва чиқиш визасини бекор қилиш талаби Оврўпо йиғинига олиб чиқилди

Тошкент
Image caption Ўзбекистон қонунларига кўра, ҳар бир фуқаро истаган жойида яшай олади, амалда эса Тошкент дарвозалари вилоятликлар учун ёпиқ.

Тошкентдаги "Эксперт" гуруҳи Ўзбекистон фуқаролари учун чиқиш визаси ва прописка тизимини бекор қилиш талабини илгари сурди.

Варшавада ўтаётган Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти доирасидаги учрашувда бу борада баёнот билан чиққан гуруҳга кўра, Ўзбекистонда фуқароларнинг эркин ҳаракатланишини чекловчи тартиблар сўнгги пайтлари янада қийинлашган.

"Чиқиш визаси олиш тартиби қатъийлашди" - дейди Польшага борган "Эксперт" гуруҳи раҳбари Суҳроб Исмоилов - "Ўтган февралда шифокорларнинг чет элга чиқишлари чекланди. Ёши 35га етмаган аёллар ва болаларнинг чиқиш визаси олиши қийинлашди".

Суҳбатдошимизга кўра, бу жараён нафақат узоқ вақт олади, балки инсон шаънини ҳам ерга уради.

"Ёш аёллар ота-онаси, эри ва ёки акаси иштирокида махсус идораларда суҳбатлардан ўтиб, кейин "борган жойимда фоҳишалик қилмайман" деган мазмунда хат ёзиб беришлари керак" - дейди Суҳроб Исмоилов - "Инсон савдосига қарши бундайин таҳқиромўз йўлда курашмаслик керак ва уни бекор қилиш лозим".

"Эскперт" гуруҳи, шунингдек, прописка тизими ҳам бекор қилинишини талаб қилган.

Совет давридан қолган бу тартиб туфайли Ўзбекистон фуқароларининг ўзлари истаган шаҳарда ишлаш, яшаш, болаларини мактабга бериш ва тиббий хизматдан фойдаланишлари улкан муаммога айланган.

Чекловлардан кимга нима наф? Кузатувчиларга кўра, сўнгги йиллари Ўзбекистонда оиласини боқишда қийналиб қолган тажрибали шифокорлар хорижий юртларга кета бошлашгани боис шифокорлар ҳаракталанишини чеклашга қарор қилинган бўлиши мумкин.

Прописка эса, мазмуман мамлакат конституциясга зид амал экани, ҳар бир Ўзбекистон фуқароси бу мамлакатнинг истаган шаҳрида ишлаш ва яшаш ҳуқуқига эга экани урғуланади.

Чиқиш визаси борасида гапираркан, Суҳроб Исмоилов бу билан Ўзбекистон ўз фуқароларини назорат қилишни исташини айтади.

Таҳлилчиларга кўра, чет элларга бориб, эркин жамиятларни кўриб, фикрлаши ўзгариб келадиган ўзбекларни жорий тузум ўзи учун хавф сифатида ҳам кўриши мумкин. Ҳар икки йилда янгиланиши шарт бўлган чиқиш визаси эса фуқароларни давлат идораларига боғлаб қўяди.

"Ҳозир дунёдаги кўплаб давлатлар бу каби чекловларни бекор қилаётган бир пайтда, Ўзбекистон уларни янада кучайтирмоқда" - деди Суҳроб Исмоилов.

Сўнгги йиллари Ўзбекистон ҳукуматини танқид қилган инсон ҳуқуқлари фаоллари ва қатор мустақил журналистлар чет элга бориш учун чиқиш визаси ололмаган ҳолатлар бўлган.

Шунингдек, мазкур чекловлар туфайли одамлар катта миқдорда пул бериб, ишларини битказишга интиладилар. Баъзи ҳолларда чиқиш визасини олиш бир неча юз доллар бўлса, пропискадан ўтиш бир неча минг долларга етади.

"Эксперт" гуруҳи бу билан Ўзбекистонда фуқаролар ҳаракатланиши қанчалик қаттиқ чекланганини Оврўпо ҳамжамиятига маълум қилиб, шу асосда келажакда уларнинг бекор бўлишига эришиш мақсадини айтади.