Елена Урлаева: ' 8 яшар болалар пахта теришга мажбурланмоқда'

Image caption Ўзбекистон ҳукумати болалар меҳнатидан фойдаланишини рад этиб келади

Ўзбекистонлик фаоллар мамлакат пахта далаларида болаларнинг мажбурий меҳнати билан боғлиқ вазият ўтган йиллардагидан ҳам ёмонлашганини айтишмоқда.

Норасмий Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари алянси фаоли Елена Урлаеванинг Би-би-сига билдиришича, жойларда 8 яшар болалар аянчли шароитларда ноқонуний меҳнатга мажбурланмоқда.

"Биз Бухоро, Хоразм, Навоий вилоятлари ва Қорақалпоғистон республикасида бўлдик. Пахта далаларида ёш болалар оммавий равишда эксплуатация қилинаяпти. Саккиз яшар болалар эрталаб соат 7 дан кечгача пахта теришмоқда", -дейди ҳуқуқ фаоли.

У Бухоронинг Жондор ҳамда Қорақалпоғистоннинг Тўрткўл ва Беруний туманларида 2-синф ўқувчиларининг пахта тераётганига гувоҳ бўлганликларини айтди.

"Мактаб ўқувчиларининг тушлик пайти эгатларда ухлаб ётганларига гувоҳ бўлдик. Шийпонларда болаларнинг полларда ётишганини кўрдик.Ҳамма ерда бир хил манзара. Ўқиш йўқ, ҳамма пахтада".

Елена Урлаеванинг сўзларига кўра, энг аянчли вазият Қорақалпоғистонда.

"Бошқа вилоятларда ўқувчи-талабаларга қандайдир иссиқ овқат, нимадир егулик беришаётган бўлса, Қорақалпоғистонда ўқувчиларни уйларидан овқат олиб келишга мажбурлашаяпти. Далада овқат йўқ".

Урлаеванинг айтишича, барча ҳудудларда пахта далалари фуқаро кийимидаги милиция ва прокуратура ходимлари томонидан қўриқланмоқда.

"Камдан-кам ҳолларда мен ўзимни ҳуқуқ ҳимоячиси, деб таништираман. Кўпинча россиялик сайёҳлар, адашиб қолган сайёҳлар деб таништирдик ўзимизни. Чунки хуқуқ ҳимоячиси, десак, бизни дарҳол олиб кетишар эди. Ҳатто бир ерда, Тошкент вилоятида мен ўзимни ишсиз, деб таништирдим ва озроқ пул ишламоқчилигимни айтдим. Мени 54 - мактабга олиб боришди. У ерда руйхатга ёзиб қўйишди. Бу мактабда 5-9- синф ўқувчилари пахтага олиб кетилаётган эди. Мен мактаб болалари билан бирга пахта даласига бордим. Менга ҳам эгат беришди ва килосига 125 сўмдан ҳақ оласан, деб айтишди", -дейди у.

Инсон ҳуқуқлари фаоли болалар меҳнатини ҳужжатлаштирганликлари ва барча далилларни ўзбек расмийларига тақдим этишларини билдирди.

"Ўзбекистон ҳукумати болалар меҳнатини далил йўқ, дея рад этади. Мана, биз ҳамма нарсани ҳужжатлаштирдик. Қўлимизда фото ва видео материаллар бор. Биз уларни биринчи навбатда Омбудсмен идорасига бермоқчимиз", - дейди Елена Урлаева.

'Юқори ҳосил'

Айни пайтда Президент Ислом Каримов ўзбекистонлик пахтакорларни бу йилги пахта ҳосили учун олқишлаган.

Телевидение орқали оллиб кўрсатилган нутқида Намангандаги пахта даласида туриб гапирган жаноб Каримов 1 октябргача мўлжалланган пахта ҳосилининг 71 фоизи териб олинганини айтган.

"Бунақаси ҳеч қачон бўлмаган. Иншооллоҳ, октябрни яхши якунласак, пахтакорларимиз ҳеч қачон ҳукуматнинг назаридан қолмайди", - деган жаноб Каримов.

Халқаро меҳнат ҳуқуқлари фаоллари Ўзбекистон пахтасидан келаётган даромадлар ҳукуматдаги бир ҳовуч амалдорларни бой қилаётганини айтишади.

Ўтган ой Нью Йоркдаги мода ҳафталигида норозилик намойиши ўтказган фаоллар Президент Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримовани болалар қўли билан териб олинган пахтадан "бойлик ва ўзига имидж" орттиришда айблаганлар.