Футбол: Ўзбекистон Шимолий Корея устидан 1:0 ҳисобида ғалабага эришди

Ўзбекистон миллий жамоаси футболчилари
Image caption Ўзбекистон "С" гуруҳига етакчилик қилмоқда

Футбол бўйича Жаҳон Кубоги финал босқичига йўлланмани қўлга киритиш учун кураш олиб бораётган Ўзбекистон миллий жамоаси бугун Пхенянда Шимолий Корея устидан 1:0 ҳисобида ғалаба қилди.

Ягона гол муаллифи Ўзбекистон ҳужумчиси, ҳозирда Жанубий Кореянинг Suwon Bluewings футбол жамоасида тўп сураётган Александр Гейнрих бўлди.

У тўпни учрашувнинг 25 дақиқасида рақиблар дарвозасига йўллади.

Осиё зонасидан "С" гуруҳида тўп сураётган ўзбек футболчилари эндиликда уч ўйиндан 7 очко тўплаб гуруҳ пешқадамларига айланишди.

"С" гуруҳида ғолиблик учун Ўзбекистон миллий жамоаси билан бирга Шимолий Корея, Япония ва Тожикистон футболчилари кураш олиб боришмоқда.

Гуруҳдаги бошқа учрашув Япония футболчилари Тожикистон миллий жамоаси ўртасида бўлиб ўтади.

Ушбу учрашув Тошкент вақти билан 15:45 да Токиода бўлиб ўтади. Беллашувда япон футболчиларининг осон ғалабага эришишлари кутилмоқда.

Агар башоратлар тўғри чиқса, Япония футболчилари ҳам 7 очко тўплашга муваффақ бўлишади.

2010 йилда Жанубий Африкада бўлиб ўтган Жаҳон Кубогида иштирок этган Шимолий Корея жамоаси ҳозиргача фақат уч очкога эга.

Икки учрашувдан икки мағлубиятга учраган Тожикистон миллий жамоаси эса "С" гуруҳи сўнгги поғонасида бормоқда.

Кейинга босқичга йўлланмани гуруҳдан икки футбол жамоаси қўлга киритади.