Тошкентда Халқаро ўзбек пахтаси ярмаркаси очилган

Image caption Навбатдаги пахта ярмаркаси Ўзбекистон пахта теримида болалар меҳнатидан фойдаланаётгани халқаро ҳамжамиятнинг кескин танқидларига учраётган бир пайтда кузатилмоқда.

Ўзбекистон пойтахтида ўтаётган ушбу икки кунлик тадбирда хорижлик пахта хомашёси харидорлари иштирок этишади ва янги олди-сотди шартномаларини имзолаш имкониятига эга бўладилар.

Ўзбекистон Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестиция ва савдо вазирлиги матбуот хизмати бу йилги тадбирда жаҳоннинг 38 давлатидан 300дан ортиқ ширкат вакиллари иштирок этишларини маълум қилган.

Маълумки, Ўзбекистон пахта ишлаб чиқариш бўйича дунёда бешинчи ўринда туради.

Ўзбек пахтасининг 40 фоизини Россия ширкатлари, қолган қисмини Хитой, Ҳиндистон, Покистон, Бангладеш, Жанубий Корея ва Бирлашган Араб Амирликларидаги қатор ширкатлари сотиб олишлари айтилади.

Танқидлар

Аммо, навбатдаги пахта ярмаркаси Ўзбекистон пахта теримида болалар меҳнатидан фойдаланаётгани халқаро ҳамжамиятнинг кескин танқидларига учраётган бир пайтда кузатилмоқда.

Сал олдинроқ, жаҳондаги 60дан ортиқ йирик ширкатлар болалар меҳнатидан фойдаланилгани туфайли Ўзбекистонда етиштирилган пахта хом ашёсини бойкот қилдилар. Болалар қўли билан терилган ўзбек пахтасини ишлатмаслик ҳақидаги ваъдани имзолаганлар орасида "Адидас" дан ториб, H&M гача дунёга донғи кетган ширкатлар бор.

Яқиндагина Оврўпо парламенти Ташқи ишлар қўмитаси ҳам иттифоқ ва Ўзбекистон ўртасида ўзбек пахтасининг Оврўпода сотилишини осонлаштиришни кўзда тутган имтиёзни бекор қилганди.

Оврўпо Иттифоқи ва Ўзбекистон ўртасида 1999 йили имзоланган "Шерикчилик ва Ҳамкорлик келишуви"га мувофиқ, иттифоқ Ўзбекистонда ишлаб чиқилган тўқимачилик молларининг ўз ҳудудида сотилишида қулайликлар яратган эди.

Ҳозирга қадар Оврўпо Иттифоқи Ўзбекистонда ишлаб чиқилган пахтанинг чорагини сотиб олаётган бўлган.

Пахта теримига болалар сафарбарлиги

Халқаро танқидлару бойкотларга қарамай, бу йил ҳам мамлакат бўйлаб коллеж ва лицей талабалари ҳамда мактаблар юқори синф ўқувчилари пахта йиғим-теримига оммавий равишда сафарбар этилганлари хабар қилинади.

Жараённи кузатган ҳуқуқ фаоллари бу йил болаларнинг мажбурий меҳнати билан боғлиқ вазият ўтган йиллардагидан кўра ҳам ёмонлашганини айтишади.

Ҳар йил мамлакатда юз минглаб болаларнинг пахтага мажбуран чиқарилиши тахмин қилинади. Бироқ, Ўзбекистон ҳукумати болалар меҳнатидан фойдаланишини давомли рад этиб келади.

Охирги икки йилда Ўзбекистон парламенти болалар меҳнатини тақиқловчи икки халқаро конвенцияни ратификация қилган ва маҳаллий қонунчиликнинг болаларнинг меҳнат ёшини тартибга солувчи бандлари халқаро қонунларга мувофиқ ҳолга келтирилган.

Бироқ фаолларга кўра, Ўзбекистон расмийлари балоғатга етмаган болалар меҳнатидан ҳали-бери воз кечадиганга ўхшамайди.