Сўнгги янгиланиш 13 октябр 2011 - 08:58 GMT

Шавкат Мирзиёев пахта толасини имкон қадар Ўзбекистоннинг ўзида ишлаб чиқармоқчи

Бош вазир Шавкат Мирзиёевнинг айтишича, тўқимачилик саноатини кучайтириш эвазига яқин йиллар ичида Ўзбекистонда етиштирилаётган пахта толасининг учдан икки қисмини мамлакатнинг ўзида қайта ишлаш режасидалар.

Жаноб Мирзиёев бу ҳақда кеча чоршанба куни пойтахт Тошкентда очилган Халқаро Ўзбек Пахта ва Тўқимачилик маҳсулотлари ярмаркасида баён қилган.

Аён бўлишича, 2015 йилга қадар Ўзбекистон ҳукумати мамлакат тўқимачилик саноатига 1¸7 миллиард долларлик сармоя жалб этмоқчи.

Жорий пайтда Ўзбекистонда қайта ишланаётган пахта толасининг ҳажми 30 фоиздан ортиқроқни ташкил этади.

Агарда айрим маълумотларга қаралса, Ўзбекистон йилига 1-1.2 миллион тонна пахта толаси етиштиради.

Ўтган йилги ярмарка чоғида шундан 650 минг тоннасини четга сотишга оид шартномалар имзолангани айтилади.

Бангладеш, Эрон, Хитой, Жанубий Корея, Молдова, Бирлашган Араб Амирликлари, Покистон, Россия, Туркия ва Япония ўзбек пахтасининг асосий харидорлари ҳисобланишади.

Айни ўринда шуни ҳам таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Бош вазири илк бор бундай ташаббус билан чиқаётгани йўқ.

Шавкат Мирзиёев ўтган йил 2015 йилга бориб, Ўзбекистоннинг ўзида ишлаб чиқарилаётган пахта толаси ҳажмини 70 фоизгача етказиш режасида эканликларини баён қилганди.

Ўзбек ҳукуматининг ушбу баёноти жаҳон бозорида пахтанинг нархи бу яқин ўн йиллар бадалида кузатилмаган бир даражага етган пайтда янграганди.

Маҳаллий кузатувчилар Ўзбекистонда бу ҳақда мустақиллик йилларидан буён гапириб келиниши, ушбу масаланинг яна бир бор кун тартибига чиқаётгани орада кечган вақт давомида бунга муваффақ бўлинмаганини кўрсатишини айтишади.

Кузатувчиларга кўра, пахта етиштириш кўлами ва сифатини ошириш учун унинг харид баҳоларини кўтариш лозим.

Аммо ўзбек ҳукумати орада кечган вақт давомида пахтанинг харид нархини ниҳоятда паст ушлаб, унинг ўсиши эмас, пасайишига олиб келди, дейишади улар.

Ўзбекистонлик айрим иқтисодий таҳлилчилар эса, Ўзбекистоннинг пахта экспорт қилиш имкониятлари кескин камайгани, ўзи истаган тақдирда ҳам, четга пахта сотиш кўламини ҳозирги даражада тутиб туролмаслигини урғулашади.

Уларга кўра, ички бозорда ҳам аҳвол кўнгилдагидек эмас. Яъни Хитойдан келаётган чит ва сатин каби матолар рақобатбардошлиги жиҳатдан Ўзбекистоннинг ўзида ишланганини сиқиб чиқараяпти.

Таҳлилчиларнинг урғулашларича, Ўзбекистон ҳукумати сиёсий ва иқтисодий ислоҳотларни кўнгилдагидек олиб боролмаётгани боис, ўзи ҳам қийин аҳволга тушиб қолган.

Ўзбекистон дунёнинг энг йирик пахта етиштирувчи давлатларидан бири саналади. Пахта экспорт қилиш бўйича эса, жаҳонда юқори учликка киради.

Иқтисоди қишлоқ хўжалигига асосланган Ўзбекистоннинг асосий валюта тушуми пахта олди-сотдисидан келади.

Маҳаллий иқтисодий таҳлилчиларга кўра, Ўзбекистон ҳукуматининг сўнгги баёнотлари ортида пахтадан янада кўпроқ даромад олиш истаги ётади.

Чунки тайёр маҳсулот хом-ашё шаклидаги пахта толасидан кўра бир неча бор қиммат туради.

Аммо ўзбекистонлик мустақил иқтисодий таҳлилчи Жаҳонгир Шосалимовнинг айтишича, мамлакатдаги иқтисодий аҳволнинг оғирлиги, бюджет камомади ва ҳукумат харажатларини молиялаш каби муаммолар ўта долзарб бўлиб турган бир пайтда бу ташаббусни амалга ошириш имконсиз бўлиши мумкин.

Таҳлилчи, ўз ўрнида, аксарият тўқимачилик корхоналарининг бугунги аҳволини ҳам назарда тутиб, кўзда тутилаётган миқдордаги пахта толасини мамлакатнинг ўзида ишлаб чиқариш салоҳияти йўқлигини ҳам урғулайди.

"Дейлик, биргина катта миқдордаги пахта толасини қайта ишлаш қудратига эга бўлган Тошкент Тўқимачилик комбинатини олсак, у ҳам банкрот бўлган", дейди Жаҳонгир Шосалимов.

Ўз навбатида хорижий ширкатлар билан тузилган тўқимачилик корхоналарининг ҳам касодга учраган ҳоллари кўп бўлган.

Аммо Бош вазир Шавкат Мирзиёевнинг сўзларига қаралса, ўтган беш йил ичида Ўзбекистонда тўқимачилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш қарийб уч баробарга ортган.

Иқтисодий таҳлилчи Ўзбек ҳукуматининг такрорий баёнотлари ҳозирча деярли яхши ташаббусдан ўзга нарса эмаслиги, аммо сўз ва иш бирлиги ҳамоҳангликда амалга оширилса, яхши иш бўлишини айтади.

Таҳлилчининг эътироф этишича, агар ушбу режа тўлиқ амалга ошадиган бўлса, бу - тайёр тўқимачилик маҳсулотларидан олинадиган юқори даромад эвазига пахта етиштиришни камайтириб, унинг ўрнига бошқа муқобил экинларни экиш, энг муҳими, ишлаб чиқарувчилар манфаатдорлигининг ошишига сабаб бўлади.

Мажбурий болалар меҳнати сабаб, сўнгги йилларда қатор йирик хорижий ширкатлар Ўзбекистон пахтасини бойкот қилишганди.

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.