Ўзбекистон қонунчилигида 'ибодат либоси' тушунчаси ҳануз мавҳум

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCUZBEK.COM
Image caption Манзура Каттахўжаева ўзининг рўмол ўраши бошқа кўплаб ўзбек аёлларининг рўмол ўрашидан фақр қилмаслигини айтади

Ўзбекистон қонунчилигида жамоат жойларида ибодат либосида пайдо бўлиш тақиқланган, лекин аҳолисининг аксариятини мусулмонлар ташкил этадиган мамлакатда ибодат либоси деганда нимани тушунмоқ керак?

Ҳуқуқшунослар ҳамда диний уламолар жалб этилган ҳолда ушбу масалага ойдинлик киритилмас экан, Ўзбекистондаги "Эзгулик" инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига кўра, Сирдарё вилоятидаги сўнгги ҳодиса каби оддий рўмол ўраган ўзбек аёлини ҳам "жамоат жойида ибодат либосида юрган"ликда айбдор, деб топиб маҳкамага тортиш мумкин бўлади.

Ўзбекистон шароитида эса "юқори идоралар олдида" ўзларининг "жамият учун хавфли унсурларни ўз вақтида аниқлаб чора кўрган"и ҳақида ҳисобот беришни истайдиган милиция, маҳкама ходимларининг ёки маҳалла оқсоқоллар йиғини фаолларининг бу чалкашликдан ўз ғаразли мақсадларидан фойдаланмасликларига кафолат йўқ.

Инсон ҳақлари фаолларига кўра, Сирдарё вилояти Бахт шаҳрида истиқомат қиладиган 40 ёшли Манзура Каттахўжаеванинг маҳкамага тортилиши ҳодисаси ана шу хулосага ундайди.

Тўрт фарзанднинг онаси Манзура Каттахўжаева олий маълумотли, Иқтисодиёт университетини тугатган, бироқ охирги йилларда ишламайди.

Унинг айтишича, Бахт шаҳрининг ўзи истиқомат қиладиган "Ёшлик" маҳалла фуқаролар йиғинига мурожаат қилган, ўзига маҳалладан "справка зарур бўлган".

Шунда маҳалла фаоллари унинг рўмол ўраб юргани ҳақида суҳбатлашишган, "ҳозир рўмол ўраганларга қаттиқ чоралар кўрилаётгани" ҳақида айтишган.

Шу йил октябрида эса Сирдарё туман Ички ишлар бўлимининг жиноят-қидирув бўлими ходимлари ўзининг устидан иш очганлари ҳақида Манзура Каттахўжаева хабардор бўлган, милиция ходимлари бу ҳақда "маҳалладан ариза тушганини" айтишади.

"Эзгулик" жамияти хабарига кўра, ҳарбий дала судлари каби тезкорлик билан ўтган маҳкама уй бекасини Ўзбекистон Маъмурий жавобгарлик ҳақидаги Кодексининг "ибодат либосида жамоат жойида юрганлик"да айбдор, деб топади, 286 минг сўмлик жаримага тортган.

"Сирдарё тумани ички ишлар бўлими хулосаларида аслида ибодат кийими қандай бўлиши, унинг оддий фуқаролик либосидан нима билан фарқланиши ҳақида маълумотлар йўқ. Ибодат либосларининг стандарти, унинг ўзига хос жиҳатлари бўйича бирорта йўриқнома ёки тегишли ваколатли органнинг тавсиялари мавжуд эмас", дейилади "Эзгулик" жамияти хабарида.

Манзура Каттахўжаева бугун ҳам нега оддий рўмол ўрагани учун ҳуқуқбузарга айлангани сабабини тушунмайди.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Ўзбекистонда қабул қилинган "Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисидаги қонун"да шундай ёзилган: "Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг(диний ташкилотларнинг хизматидагилар бундан мустасно" жамоат жойларида ибодат либосларида юришларига йўл қўйилмайди".

Хўш, Манзура Каттахўжаева ўраган рўмоли ибодат либоси ҳисобланадими?

Ўзбекистон Мусулмонлари диний идораси раисининг ўринбосари, таниқли уламо Шайх Абдулазиз Мансур шариатда алоҳида диний кийим деб қабул қилинмаганини айтади, Ўзбекистон қонунларида "диний кийим" ёки "ибодат либоси" деган тушунчалар турлича талқинларга сабаб бўлганини маълум қилади.

"Эркак киши учун салла ва чопон билан юриши, аёл киши бўлса ҳижоб билан юриши назарда тутилган бўлса керак, деб табдил қилганмиз", дейди Шайх Абдулазиз Мансур.

"Аммо момоларимиз, оналаримизнинг рўмол ўраб юришлари, томоқларини тугиб олган бўлсалар ҳам, эркак киши дўппи кийиб юрган бўлса, булар ҳаммаси миллий кийим ҳисобланади. Ўзбекистон қонунларида миллий кийим кийиб юриш тақиқланмаган. Лекин Ўзбекистонда рўмол ўраган бўлса, маъмурий жавобгарликка тортилавераркан, деган хулоса қилиш мутлақо нотўғри", деди Ўзбекистон Мусулмонлари диний идораси раиси ўринбосари.

"Эзгулик" инсон ҳақлари жамияти Ўзбекистоннинг мутасадди расмий идораларига мурожаат қилади, бу мурожаатда ибодат либосларининг стандартлари, унинг оддий фуқаролик кийимларидан фарқли жиҳатларини акс эттирувчи ҳуқуқий ҳужжат, экспертлар хулосасини жамоатчиликка ошкор қилишни сўрайди.

Шайх Абдулазиз Мансур, "мен бу борада изоҳ берилишини истардим", деди.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди