Ислом Каримов Афғонистон бўйича халқаро анжуманларда иштирок этади

Марк  Гроссман

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов АҚШ ва НАТОнинг Афғонистонга бағишланадиган икки халқаро анжуманга иштирок этиш таклифини қабул қилган.

Афғонистондаги вазият ва келажак истиқболларини муҳокама этиш режаланган анжуманлардан бири жорий йилнинг 2 ноябрида Туркиянинг Истанбул шаҳрида, иккинчиси эса, 5 декабрда Олмониядаги Бонн шаҳрида ўтказилиши мўлжалланган.

Мазкур хабар Қўшма Штатлар ва Олмониянинг Афғонистон ва Покистон бўйича махсус вакиллари Марк Гроссман ва Михаил Штайнерларнинг Тошкентда Ўзбекистон раҳбари билан учрашувидан сўнг аён бўлган.

Ҳафта бошларида олиймартабали дипломатлар Ўзбекистонга келиб, мамлакат раҳбарияти билан Афғонистонда тинчлик ва барқарорлик ўрнатиш масалаларини муҳокама қилганди.

11 октябр куни ўтказилган матбуот анжуманида жаноб Гроссман ва Михаил Штайнер Ўзбекистоннинг Афғонистондаги ҳарбий амалиётларга дастаги ва у ердаги вазиятни ўнглаш учун қўшаётган ҳиссасини юқори баҳолаган.

"Мен Афғонистондаги муаммолар ечими Афғонистон ичкарисидан топилиши кераклиги ва минтақа ҳамда қўшнилар тарафидан бу мустақил қарорлар ҳурмат қилиниши керак деган фикрда якдилмиз, дея оламан. Иккинчи урғуламоқчи бўлганим, Президент 2 ноябрда Истанбул ва 5 декабр куни Боннда ўтадиган икки анжуманда иштирок этиш таклифини қабул қилишини айтди", деб айтган Олмониянинг Афғонистон ва Покистон бўйича махсус вакили Михаил Штайнер.

Сўнгги пайтлар Америка ва Покистон муносабатларининг совуқлашиши ортидан Афғонистонга юк таъминоти ва у ерда олиб борилаётган қайта тиклаш ишларида Россия ва Марказий Осиё орқали Афғонистонга борувчи Шимолий Таъминот Тармоғига катта эҳтиёж пайдо бўлган.

Image caption АҚШ Ўзбекистон муҳим иттифоқчи деган хулосага келди

Яқинда АҚШ Президенти Барак Обама ўзбекистонлик ҳамкасби Ислом Каримовга қўнғироқ қилиб, уни Ўзбекистон мустақиллигининг 20 йиллиги билан табриклагани ҳамда Ўзбекистондан Афғонистондаги қўшинлари таъминотида кўпроқ ўрин тутишини сўрагани хабар қилинганди.

Сал олдинроқ, АҚШ Конгресси Ўзбекистонга 2004 йил тўхтатилган ҳарбий ёрдамларини қайта тиклашга қарор қилганди.

Вашингтонда эса, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Элёр Ғаниев илиқ кутиб олинган.

Айни пайтда 2005 йил Андижон воқеалари ортидан совуқлашган АҚШ-Ўзбекистон муносабатларининг илиқлашаётгани қатор инсон ҳуқуқлари ташкилотлари томонидан танқид қилинган.

"Амнести Интернейшнл", "Хьюман Райтс Вотч" ва Халқаро Инқироз гуруҳи дохил йигирмата ташкилот АҚШ Давлат котибига мактуб йўллаб, инсон ҳуқуқлари масаласида Ўзбекистонга нисбатан қатъий мавқеда қолишни сўраганди.

Аммо, АҚШ Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари аҳволи ўнгланаётгани нишонаси борлигини айтади.