Ўзбекистон: ҳуқуқбон Норбой Холжигитов озодликка чиқарилди

Норбой Холжигитов
Image caption Норбой Холжигитов кеча кечқурун уйига етиб келган

Ўзбекистондан олинган хабарларга кўра, Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари Жамиятининг Иштихон тумани бўлими раиси Норбой Холжигитов қамоқдан озод этилган.

Жиззахдан Инсон ҳуқуқлари фаоли Бахтиёр Ҳамроевнинг билдиришича, Норбой Холжигитов кеча тунги соат 22 лар атрофида уйига етиб келган.

Норбой Холжигитов 2005 йили товламачилик, конституцион тузумга таҳдид ва президент жонига суиқасд қилишга уриниш айбловлари билан ҳибсга олиниб, 10 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинганди.

Халқаро ташкилотлар ҳуқуқбон Норбой Холжигитовни озод қилиш талаби билан Ўзбекистон ҳукуматига бир неча йилдан буён босим кўрсатиб келаётганди.

62 ёшли Норбой Холжигитов икки йил муқаддам қандли диабет хасталигига чалингани хабар қилинганди.

Халқаро ташкилотларга кўра, ўзбекистон қамоқхоналарида сақланаётган мухолифат ва ҳуқуқ фаоллари баъзида авф этилиб, озодликка чиқарилаётган эсада, уларга чиқарилган ҳукм ҳозирга қадар бекор қилинмаган ва ҳукумат ҳам ашаддий танқидчиларини яксон этишга қаратилган кампаниясини бўшаштирмаган.