Гога Ҳидоятов: 'Муаммар Қаддофийнинг ўлдирилиши ваҳшийлик бўлди'

Қаддофийнинг ўлдирилиши тантана қилиниши керакми? Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Қаддофийнинг ўлдирилиши тантана қилиниши керакми?

Муаммар Қаддофийнинг сиёсат саҳнасидан кетказилиши Яқин Шарқда инқилобий тус олган "араб баҳори"нинг учинчи ғалабаси сифатида талқин қилинмоқда.

Жорий йил бошида Тунис, кейин Мисрда, энди эса, бир неча ой давом этган қонли тўқнашувлар Ливиядаги Қаддофий тузумининг қулашига олиб келди.

Африка қитъасининг Уганда пойтахти кўчаларида Қаддофийнинг ўлдирилишига муносабат билдирганлардан бири:

"Мен хурсандман, чунки у ўзини "Шоҳларнинг шоҳи" дея эълон қилган ва алал-оқибат ливияликлар бунинг аксинча эканини исбаотлашди. Менинг назаримда, бу Ливия халқи учун яхши хабар ва қолганларга сабоқ бўлиши керак. Яъни, ҳукумат тепасида муддатдан ортиқ туриш халқда тоқатсизликни уйғотиши мумкин", деб айтган угандалик аёл.

Зулм билан бошқарилган тузумнинг қонли қўзғолонлар билан якун топиши минтақадаги бошқа авторитар ҳукуматларга огоҳлантирувчи ишора бериши мумкинми?

Ўзбекистонлик тарихчи олим Гога Хидоятовга кўра, бундай эмас.

"Чунки, у ерда танлов бўляпти. Сурия, Ливия, Тунис, Миср ҳозир Ғарбга керак минтақалар. Гап нефт ва газда эмас. Ўрта ер денгизини эгаллаб олиш, кейин Каспий денгизга ҳужум қилиш", дейди тарихчи.

Би-би-си: Лекин, Қаддофий, масалан 40 йилдан бери ҳукуматда турган эди ва бирон бир давлат тизимини ривожлантирмаган...

"Саудия Арабистонидаги қироллар 100 йилдан зиёд ҳукуматда бўлишяпти. Лекин, у ёққа ҳеч ким ҳеч нарса демаяпти. Бошқа мамлакатларни олинг. У ерда ўтакетган, ундан баттар мустабид режимлар бор. Демак, бу ёқда бир мақсад бор. Мен бунга қўшилмайман. Ман ўзим Муммар Қаддофийнинг тарафдори ҳам эмасман".

Би-би-си: Марказий Осиёдаги баъзи раҳбарлар ҳам кечаги ҳодисалардан кейин хавотирда бўлишлари мумкинми?

"Бу жуда қийин масала. Чунки, бу ерда бутунлай бошқа вазият. Улар ҳаммаси ОДКБ (КХШТ-Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти-Би-би-си)нинг аъзолари. Агар бу ёқда бир можаро бўлса, бунга ОДКБ бунга аралашади. У ёқда Муаммар Қаддофийни ҳеч ким қўллаб-қувватламаган...Барча Африка мамлакатларидан Ливияда энг юксак ҳаёт даражаси бор эди. Албатта, ўзини муаммолари бордир. Лекин, мана шундай ўлдириш ваҳшийлик", дея фикр билдиради ўзбекистонлик тарихчи Гога Ҳидоятов.

Суҳбатнинг тўлиқ қисмини мана бу ерда тингланг:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди