'Марказий Осиёга сафари чоғи Клинтон инсон ҳақлари вазиятига диққат қаратиши керак'

Клинтон Ўзбекистонда "инсон ҳуқуқлари аҳволи ўнгланаётгани ва кўпроқ сиёсий эркинликлар берилаётгани нишонаси" борлигини айтганди Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Клинтон хоним Ўзбекистонда "инсон ҳуқуқлари аҳволи ўнгланаётгани ва кўпроқ сиёсий эркинликлар берилаётгани нишонаси" борлигини айтганди

Ҳюман Райтс Уотчга кўра, Вашингтон Ўзбекистоннинг стратегик ҳамкор мавқеи инсон ҳуқуқларига оид қабул қилиб бўлмас воқеъликни бузиб кўрсатишига йўл қўймаслиги керак.

Ташкилотнинг Оврўпо ва Марказий Осиё масалалари бўйича директори Хю Уилямсон Клинтон хонимнинг сафари Тошкентга инсон ҳуқуқларини поймол қилиш ҳолларига зудлик билан чек қўйиши кераклигини уруғлаш учун муҳим имконият эканини айтади. Ўтган сентябр ойи АҚШ Сенати қўмитаси Ўзбекистонга ҳарбий ёрдамни тақиқловчи инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ 2004 йил жорий этилган чекловларини бекор қилишни маъқуллаган.

Бунинг ортидан, Америка Давлат котибаси Клинтон Ўзбекистонда "инсон ҳуқуқлари аҳволи ўнгланаётгани ва кўпроқ сиёсий эркинликлар берилаётгани нишонаси" борлигини айтганди.

Ўшандан бери Американинг олиймартабали расмийси илк бор Тошкентга сафар қилмоқда.

Қароргоҳи Ню Йоркда жойлашган Ҳюман Райтс Уотчнинг айтишича, Клинтон хоним Ўзбекистонга нотўғри ҳибсга олинган ҳуқуқ фаолларини қўйиб юбориш, фуқаровий жамиятлар эркин фаолият юритишига изн бериш, ҳибсхоналардаги қийноқ ҳолларига чек қўйиш ва болалар меҳнатидан фойдаланишни тўхтатиш талабларини қўйиши керак.

Руҳлантирувчи ҳодиса

Ҳиллари Клинтоннинг сафари олдидан 14 октябр куни инсон ҳуқуқлари фаоли Норбой Холжигитов қамоқдан озод қилинган.

Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари Жамиятининг Иштихон тумани бўлими раиси Норбой Холжигитов 2005 йили товламачилик, конституцион тузумга таҳдид ва президент жонига суиқасд қилишга уриниш айбловлари билан ҳибсга олиниб, 10 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинганди.

Аммо, Ҳюман Райтс Уотчга кўра, Холжигитовнинг қўйиб юборилиши руҳлантирувчи ҳодиса ва агар АҚШ ўзгаришлар юзасидан босим ўтказса, натижаларга эришиши мумкинлигини кўрсатади. Инсон ҳуқуқлари ташкилоти: "Ўзбекистон ҳукумати нотўғри айбловлар билан қамоқда ушлаб турибди", дея яна 12 фаолни тилга олади.

Улар орасида Солижон Абдураҳмонов, Аъзам Фармонов, Нозим Исоқов, Ғайбулло Жалилов ва Дилмурод Саидов каби ҳуқуқ фаоллари бор.

Шу билан бирга Ҳюман Райтс Уотч бошқа кўплаб журналистлар ва сиёсий фаоллар фақатгина ўз қонуний ҳуқуқларидан фойдаланиб, зиммаларидаги вазифаларини бажарганлари туфайли ҳозир қамоқхоналарда қолаётганларини урғулайди.

Болалар меҳнати

Куни кеча қатор ташкилотлар ҳам Марказий Осиёга сафари давомида Ўзбекистондаги пахта далаларида болаларни мажбурий меҳнатга жалб этиш борасида очиқ гапиришни сўраб, АҚШ Давлат котибаси Ҳиллари Клинтон номига очиқ хат йўллашган.

Мактубга Америка касаба уюшмалари, меҳнат ва инсон ҳуқуқлари гуруҳлари, сармоядорлар, қатор кийим-кечак ширкатларини тақдим этувчи 20дан ортиқ ташкилот имзо чеккан.

Хат муаллифлари Президент Ислом Каримов билан музокаралар чоғи Халқаро Меҳнат Ташкилоти Ўзбекистонга боришига ва пахта далаларидаги аҳволни ўрганишига изн бериш масаласини кўтаришни сўрашган.

Ўзбекистон ҳукумати пахта далаларида болалар меҳнатидан фойдаланмаётганини исботлаш юзасидан тобора кўпроқ халқаро босим остида қолмоқда.

Бундан олдин олтмишдан ортиқ халқаро ширкатлар болалар қўли билан терилган ўзбек пахтасини билиб туриб, ишлатмаслик ҳақидаги ваъдани имзолашганди.

Улар орасида "Adidas" дан ториб, H&M гача дунёга донғи кетган ширкатлар бор.

Аммо, ўзбекистонлик фаоллар мамлакат пахта далаларида болаларнинг мажбурий меҳнати билан боғлиқ вазият ўтган йиллардагидан ҳам ёмонлашганини айтишган.

Жойларда 8 яшар болаларгача аянчли шароитларда ноқонуний меҳнатга мажбурланаётгани хабар қилинганди.