'Президент Каримов либераллаштириш ва демократлаштиришни хоҳлайди'

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

АҚШ Давлат котибаси Ҳиллари Клинтон Тошкентга ишчи ташрифи мобайнида Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини яхшилашга чақирган, Афғонистондаги АҚШ қўшинлари дастаги учун Президент Ислом Каримовга миннатдорлик изҳор этган.

Америкалик юқори лавозимли расмийлардан бирининг журналистларга айтишича, 22 октябр тундаги учрашув чоғида Президент Ислом Каримов либераллаштириш ва демократлаштиришда илгари силжишни хоҳлашини айтган.

АҚШ Давлат котибига ҳамроҳлик қилаётган Би-би-си мухбири Ким Ғаттаснинг хабар беришича, Ўзбекистон раҳбари ўзининг замонавийлаштирилган меросини фарзандлари ва набираларига қолдиришдан манфаатдорлигини айтган.

Би-би-си мухбири Ким Ғаттас хабари

23 октбяр куни АҚШ Давлат котибаси Ҳиллари Клинтон ноҳукумат ташкилотлари вакиллари билан учрашган.

Клинтон хоним Тошкентнинг Қўйлиқ даҳасида барпо этилган автомобил двигателлари ишлаб чиқарадиган заводнинг тантанали очилиш маросимида иштирок этган.

АҚШ Давлат котибининг Афғонистонга қўшни мамлакатлар раҳбарлари билан учрашувлари Американинг ўз қўшинларини Афғонистондан 2014 йилда олиб чиқиб кетишни бошлаш олдидан ўзаро алоқаларни мустаҳкамлаш мақсадини кўзлагани хабар қилинган.

Тошкентдан олдин АҚШ Давлат котибаси Ҳиллари Клинтон Душанбеда Тожикистонда учрашувлар ўтказган.