Ўзбекистонда Клинтон учрашган фаоллар давраси торроқ эди

Cуҳбат жараёнида Клинтон хоним Президент Каримов билан учрашув чоғи инсон ҳуқуқлари борасида гаплашилгани ҳақида маълум қилган Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Cуҳбат жараёнида Клинтон хоним Президент Каримов билан учрашув чоғи инсон ҳуқуқлари борасида гаплашилгани ҳақида маълум қилган

Ўзбекистонга сафар қилган Америка Давлат котибаси Ҳиллари Клинтон Тошкентда ўзбекистонлик фуқаровий жамият аъзолари билан учрашган.

Тошкентдаги Америка элчихонасида ташкил этилган йиғинда бор-йўғи 4 фаол иштирок этгани айтилади. Улардан бири Бухородаги инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Шуҳрат Ғаниев, фарғоналик ҳуқуқ фаоли Абдусалом Эргашев, Тошкентдан Ўзбекистон тадбиркор аёллари уюшмасидан Маҳмудова ва Жиззахдаги "Истиқболли авлод" ёшлар маърифат марказидан Нафиса Камоловалар иштирок этишган.

Абдусалом Эргашевнинг айтишича, суҳбат жараёнида Клинтон хоним Президент Каримов билан учрашув чоғи инсон ҳуқуқлари борасида гаплашилгани ҳақида маълум қилган.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

"Қандай талаблар қўйганини айтмади. Лекин, шу масалар юзасидан гаплашилганлигини айтди. "Демокартия ва фуқаровлик жамиятини ривожлантириш борасида фикрлашиб олдик", деган иборани айтди," дейди фаол.

Аммо, унга кўра, АҚШ Давлат котибаси Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари аҳволи яхшилашга оид тавсиялар ва ё ваъдалар бермаган.

"Биз билан суҳбатда бирон тавсиялар ёки маълумот бермади. Лекин, Америка Қўшма Штатлари Ўзбекистон билан барча соҳаларда мулоқот олиб бориши, шу ўринда инсон ҳуқуқларини ҳам ўринга қўйган ҳолатда мулоқот олиб боришини айтди", дейди фарғоналик ҳуқуқ фаоли Абдусалом Эргашев.

Ҳиллари Клинтоннинг Ўзбекистонга сафари олди Ҳюман Райтс Уотч ташкилоти баёнот эълон қилган ва Президент Каримов билан учрашувлари чоғи ҳибсхоналардаги ҳуқуқ фаоллари аҳволи, фуқаровий жамиятлар эркин фаолият юритишига изн бериш, ҳибсхоналардаги қийноқ ҳолларига чек қўйиш ва болалар меҳнатидан фойдаланишни тўхтатиш талабларини қўйиши кераклигини айтганди.

Аммо, Америка элчихонасида кечган суҳбат жараёнида бу хусусида гапирилмаган ва давлат раҳбари билан учрашувда ҳам мазкур масалалар кўтарилганми йўқлиги билдирилмаган.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

"Йўқ, Клинтон хоним фуқаролик жамияти 4та вакили билан учрашувга нималар тўғрисида гапирганлиги юзасидан ҳисобот бериш учун келмаган эди, чамамда. Биздан, шу 4та вакилдан Америка Қўшма Штатлари ва Ўзбекистон ўртасида қандай мавзуларга аҳамият берилишига лойиқ бир фикрларни эшитишни хоҳлади, манимча. Ман кўтарган масала, Фарғона водийсидаги вазият бўлди. Яъни, Қирғизистон жанубидаги вазиятнинг Фарғона водийсига кўрсатаётган таъсири, вазият қалтис экани ҳақида бўлди", дейди ҳуқуқ фаоли Абдусалом Эргашев.

Америка Давлат котибаси билан учрашувга Ўзбекистондаги асосий инсон ҳуқуқлари ташкилотлари раҳбарлари таклиф этилмаган.

Тошкентдан норасмий Эксперт ишчи гуруҳи фаоли Суҳроб Исмоилов бу Америка-Ўзбекистон алоқаларининг илиқлашувидан асосий мақсад Афғонистон масаласига кўпроқ диққат қаратилаётганига боғлиқ бўлиши керак деган фикрни билдирди: "Ўзбекистон ва Америка ҳукуматлари орасида муносабатлар жуда яқинлашиши кузатилмоқда. Ва бу муносабатларнинг янги этапида кўпроқ ўша Афғонистондаги амалиётларига Ўзбекистон, қисман, тожикистон ҳукуматлари ҳамкорлик қилиши, ёрдам бериши кўзда тутилаётганлиги билан боғлиқ бўлса керак. Шу ҳолатда, Америка ҳукумати Ўзбекистондаги сиёсий ҳуқуқлар, иқтисодий аҳвол, ижтимоий аҳвол, умуман, инсон ҳуқуқлари ҳолати бўйича ўзларининг эркин муносабатлари, позицияларини билдирадиган фуқаролик жамияти вакиллари билан мулоқотдан қочишга ҳаракат қилаётган бўлишлари мумкин", дейди Суҳроб Исмоилов.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди