Ўзбек газининг 'таги кўриниб қолдими' ё халқ ҳақида ғамхўрлик?

Фото муаллифлик ҳуқуқи PA
Image caption Ўзбекистонда "қиш қаттиқ келган" олдинги йилларда ҳам қишга бундай тайёргарлик кузатилмаган

Ўзбекистонда аҳоли ва саноат корхоналари бу йил қишда табиий газ бўлмаслиги ҳақида огоҳлантирилмоқдалар, кўмир ғамлаш маслаҳати берилмоқда.

Бунинг сабаби нимада бўлиши мумкин?

Расмийларга кўра, бу Ўзбекистон президентининг кузги-кишки мавсумга тайёргарлик кўришга бағишланган қарорининг ижросидир.

Бироқ кузатувчилар "қиш қаттиқ келган" олдинги йилларда ҳам бундай кенг миқёсдаги тайёргарлик кузатилмаганига эътибор қаратадилар.

Uzmetronom мустақил Интернет рўзномасининг жўн ҳисоб-китоби бўйича, Тошкент вилоятида 500 дан ортиқ ташкилот ва муассаса, жумладан нон заводлари марказий газ тизимидан узиб қўйилиши натижасида 25 минг киши ишсиз қолиши мумкин.

Бундан олдин Андижон аҳолиси бу йилги қишга кўмир ғамлаб қўйишлари лозимлиги ҳақида огоҳлантирилганлар, бугун Қашқадарё ва Фарғона вилоятида истиқомат қиладиган кишилар ҳам ўзларига қишда газ бўлмаслигини айтишганини маълум қилишмоқда.

Uzmetronom Ўзбекистон гази мавзусида бундан олдин ҳам бир неча мақолалар эълон қилган, Интернет-сайт бош муҳаррири Сергей Ежков айтишича, бундай чора кўрилаётганининг асл сабаби табиий газнинг қоғозларда бору, амалда йўқлигидадир.

"Афтидан, бошқарувдаги непрофессионализм ва коррупция Ўзбекистоннинг нефт ва газ соҳасининг талаб қилинганидек ривожланишига тўсиқ бўлаяпти. Ўзбекистоннинг газ заҳираси камайиб қолгани йўқ. Мен юқорида тилга олган муаммолар алал-оқибат йилига қазиб олинадиган газ камайишига олиб келган", дейди журналист Сергей Ежков.

Ўзбекистоннинг нефт ва газ заҳиралари ва бир йил мобайнида қазиб олинган табиий бойликлар ҳақидаги расмий статистик маълумотлар ошкор этилмайди, Ўзбекистоннинг 4-5 триллион кубометр газ заҳираси борлиги, йилига 60-70 миллиард кубометр газ қазиб олинаётгани айтилади.

Ўзбекистон қўшнилари Қирғизистон, Тожикистон, Қозоғистон ва Россияга аввалдан газ сотиб келган, яқиндан эса Хитойга ҳам газ етказиб бериш битимини имзолаган, ҳозир Ўзбекистон йилига 10 миллиард кубометр газни четга сотаяпти, деб кўрилади.

Оддий ўзбекистонликлар эса шоирнинг 20 йил олдин чизган манзараси - "газини тиллога сотиб тезак ёққан ўзбеким" аҳволига тушганларига анча бўлган.

Нефт-газ соҳаси мутахассисларига кўра, Ўзбекистоннинг газ заҳиралари Туркманистонникидан фарқли ер сатҳига яқин эмас, чуқур жойлашган ва бир конда кўп ҳажмда табиий газ тўпланмаган.

Бундай конлардан газ қазиб чиқариш эса қиммат технологияларни талаб этади.

Ўзбекистоннинг гази яқин йилларда тугаб қолиши ҳақида бундан 10 йилча олдин хабарлар пайдо бўлган.

Ушбу хабарларда асос бўлган-бўлмаган тақдирда ҳам бугун Ўзбекистоннинг газга бой қўшниси Туркманистондан газ сотиб олишни бошлаши мақсадга мувофиқ, деган фикрлар билдирилмоқда.

Ана шу фикрга Ўзбекистоннинг нефт ва газ соҳасига қатор йиллар етакчилик қилган иқтисодий таҳлилчи Анвар Ҳусаинов ҳам қўшилади.

"Ўзбекистон ўзи йирик газ конларига эга бўлган ва газни экспорт қиладиган мамлакат бўлиши билан бирга йирик газ сотиб оладиган хавридорга айланиши керак. Ана ўшанда келажак истиқбол яхши бўлади. Биз ниҳоятда кўп газ заҳирасига эга мамлакат бўлган Туркманистон билан қўшнимиз. Туркманистон газ конларидан бошланган газ қувурлари Ўзбекистонни кесиб ўтади. Мана ҳозир Туркманистон бу қувур орқали Хитойга газ узатишни бошлади. Биз Туркманистон газининг харидорига айланишимиз керак", дейди иқтисодий таҳлилчи Анвар Ҳусаинов.

Ўзбек расмийларининг бу йилги қишки мавсумига тайёргарлиги ортида "Араб баҳори" таъсирини кўраётганлар ҳам бор.

Боиси, олдинги йилларда қишнинг аёз кунларида газ ва электрсиз қолиш аҳоли норозилигига олиб келган.