Туркия Ўзбекистонни дўст бўлмаган давлатлар сирасига киритди

Туркия парламенти
Image caption Ўзбекистон ва Туркия муносабатлари ҳамон совуқлигича қолмоқда

Туркия парламенти Ўзбекистонни парламентлараро дўстлик гуруҳи тузилмайдиган давлатлар сирасига киритган.

Парламент бу сафар 5 давлат билан дўстлик гуруҳи тузилмаслигини билдирган.

Исроил, Сурия, Юнонистон ва Ливия қаторига Ўзбекистон ҳам киритилган.

Парламент қардош халқ Ўзбекистон билан нима учун дўстлик алоқаларини узиши борасида бирор изоҳ бермаган.

Ўзбекистонлик кузатувчиларга кўра, Туркиянинг Ўзбекистонга яқинлашиш йўлида 20 йилдан ортиқ олиб борган сиёсати натижа бермаган ва турк тадбиркорларининг ўтган йил Ўзбекистонда босимларга учраши ушбу қарорга келишга сабаб бўлиши мумкин.

Парламент томонидан дўстлик гуруҳи тузилмаслиги айтилган давлатларга сўнгги вақтларда минтақавий ҳодисалар туфайли Исроил ва Сурия киритилган.

Юнонистон парламенти билан дўстлик ришталари бўлмаслиги айтилган. Яқинда инқилобни бошидан кечирган Ливияда парламент бўлмаганлиги учун дўстлик гуруҳи бўлмайди.

Ўзбекистон парламенти билан дўстлик алоқалари нима сабабдан бўлмаслиги борасида бирор изоҳ берилмаган.

Ўзбекистон ташқарисидаги мухолифат лидерларидан Муҳаммад Солиҳ парламентнинг ушбу қарори кутилган бир амал эканлигини айтади.

Сиёсатчига кўра, Туркия Ўзбекистон мустақилликка эришганидан буён муносабатларни яқинлаштириш пайида бўлди.

Аммо Ўзбекистон ҳукумати томонидан бу интилишлар илиқ қарши олинмади ва бунга тескари бир сиёсат юритилди.

"Сўнгги сабаб кейинги йилларда, айниқса, ўтган йили Ўзбекистонда қолган қутган турк ишбилармонларининг ҳайдаб чиқарилиши таъсир қилди. Туркиянинг Ўзбекистонга нисбатан қардошлик муносбатларини давом эттиришга бўлган интилишига қарамасдан унга қарама қарши шаклда, Туркиянинг сабр косасини тошдириш учун провакацион шаклдаги ҳаракатларни қилгани учун парламент бу нарсани қабул қилган бўлиши мумкин," дейди Муҳаммад Солиҳ.

Ўзбекистон ичида ҳам Туркияга нисбатан муносабатларнинг яхши эмаслигини сезиш қийин эмас.

Тошкентдаги турк корхонасида ишлайдиган тадбиркорнинг айтишича, икки давлат орасидаги муносабатлардаги мавҳумлик матбуотда ҳам билинади.

"Агар муносабатлар очиқ бўлганида ОАВда айтиларди. Оддий мисол Жанубий Корея билан бўладиган муносабатлар очиқ-ойдин айтиб келинади. Лекин Туркия билан муносабатлар ойдин айтилмайди," дейди тошкентлик тадбиркор.

Туркия ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатларда совуқлик 90-йилларнинг бошида Ўзбекистондан қочиб чиққан муҳожирларнинг Туркиядан паноҳ топиши туртки бўлгани айтилади.

Айни кунларда ҳам Туркия ўзбек мухолифат намоёндаларига ўз заминидан жой берган.

Мухолифат лидерларидан Муҳаммад Солиҳга кўра, маълум вақт Анқара расмийлари ўзбек мухолифатчиларини Туркиядан чиқариб ҳам юборган, аммо бу амал муносабатларни илиқлаштира олмади.

Айни вақтда Ўзбекистон расмий идоралари Туркия билан савдо алоқалари йилдан йилга яхшиланиб бораётганини таъкидлашади.

Ўзбекистон Давлат статистика қўмитаси томонидан келтирилган маълумотларга кўра, Туркия ва Ўзбекистон ўртасидаги савдо алоқалари йилдан йилга ўсиб келмоқда.

Туркия Ўзбекистоннинг ташқи савдо бўйича энг фаол 8 давлат ичига кирган.

Бироқ мухолифатдаги Муҳаммад Солиҳга кўра бугунги кунга келиб турк корхоналари Ўзбекистонда ўзининг 90-йиллардаги салоҳиятини йўқотди.

"Жуда оз қолди, яъни Туркиянинг катта бир ширкатлари қолгани йўқ. Бир иккита Каримов дастурхонига яқин, унга пора бериб кун кечираётган 5-6 ширкат бўлиши мумкин. Аммо 90-йилларда ширкатлар жуда кўп эди. Улардан ҳозир 80-90 % қувиб чиқарилди,” дейди Муҳаммад Солиҳ.

Жаноб Солиҳга кўра, Ўзбекистон расмийлари Туркиянинг ушбу қарорига ўхшаш тарзда жавоб бериши мумкин.

Лекин бундан кўпроқ Ўзбекистон йўқотиши мумкин, дейди мухолифат раҳбари.

"Ўзбекистон Туркияга нисбатан бутун амалларини қилиб бўлди. Улар ҳам Туркияни душман деб эъолон қилиши мумкин, аммо бундан Туркияга на иссиқ ва на совуқ бўлади. Туркия - буюк бир давлат. Кейинги 3-4 йил ичида Туркия нафақат ўз минтақасида, балки дунёда лидер давлатга айланди. Туркия билан муносабатларни ёмонлаштириш фақат Ўзбекистонга зарар қилади, Туркияга эмас," дейди Муҳаммад Солиҳ.

Ўтмишда қолган дўстлик

Туркия Ўзбекистон мустақиллигини биринчи бўлиб тан олган давлат ҳисобланади.

Ўзбекистон билан Туркия ўртасида 90 йилларнинг бошларида абадий дўстлик битими имзоланган.

Томонлар икки давлат ўртасида визасиз қатновни йўлга қўйганди.

Бироқ Ўзбекистон бир томонлама ушбу келишувни бекор қилди ва Туркия фуқароларидан виза талаб қила бошлади.

Мамлакатдаги ўзбек-турк лицейларининг фаолиятига 2000 йилга келиб чек қўйилди.

Ўзбекистондан Туркияга олий таълим олиш учун талабаларни гуруҳ гуруҳ ҳолида юбориш дастурлари ҳам тўхтатилди.

Ўзбекистон расмийлари Туркия билан маданий ва таълим соҳалардаги алоқаларнинг совуқлашиб кетганига бирор расмий изоҳ беришмайди.

Турк лицейларида таълим олган айрим шахслар Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан мамлакатда ноқонуний деб топилган "Нурчилар" оқимига алоқадорликда айбланиб, турли йил қамоқ жазоларига ҳукм қилинмоқда.

Ўтган йили Ўзбекистонда фаолият юритаётган йирик турк ширкат вакиллари ва раҳбарларига нисбатан ҳам айни айблар янграган эди.