Ўзбекистондаги Интернет фойдаланувчилари: ўғил болага қиз бола, қиз болага ўғил бола керак

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Ўзбекистондаги Интернет фойдаланувчиларининг аксари танишув сайтларига киришади

Ўзбекистон матбуоти хабар тарқатишича, мамлакатдаги асосий Интернет алоқаси таъминотчиси "Ўзбектелеком" ширкати нархларни яна бир бор туширган.

Айтилишича, бу "Ўзбектелеком" томонидан шу йилнинг ўзида олтинчи бор нархларнинг туширилиши ва шу кеча-кундузга келиб 2011 йил бошига солиштирганда деярли ярмига арзонлаган.

Энди 1 Мбит/с учун ҳақ 573 АҚШ доллари этиб белгиланган.

Лекин Интернет хизмати Ўзбекистонда "Ўзбектелеком"дан ҳақиқий фойдалнувчига етиб боргунча қатор бошқа воситчилар орқали ўтади.

Расмий маълумотларга кўра, Интернетга уланиш хизматини кўрсатадиган ташкилотлар сони 900 дан ошган.

Шу йилнинг 1 октябрида Ўзбекистонда Интернет фойдаланувчиларнинг сони 7 миллион 900 минг кишига етгани хабар қилинган.

Би-би-си Ўзбекистонда Интернет хизматининг арзонлашиши оддий Интернет фойдаланувчиларини кўпайтирадими, деган савол билан журналист ва инсон ҳақлари ташкилотининг веб-сайти муҳаррири Баҳодир Элибоевга мурожаат қилди.

Баҳодир Элибоевнинг фикрича, мамлакатда Интернет фойдаланувчилари сони бу хизмат арзонлашса-арзонлашмаса ҳам кўпаяверади.

"Чунки Ўзбекистонда Интернет фойдаланувчилар асосан ёшлардир. Уларнинг ёши 15 дан 35 ёшгача дейиш мумкин. Ўзбекистон ҳам ривожланаяпти, дунёга очилаяпти. Кимдир чет элда таҳсил олишни истайди, кимдир Американинг "Грин карди"га қизиқади. Шунинг учун ҳам бундан кейин Ўзбекистонда Интернет фойдаланувчилари сони ошиб бораверади", дейди журналист ва инсон ҳақлари фаоли.

Сўз эркинлиги халқаро ташкилотлари Ўзбекистонда Интернет саҳифаларига тўсиқ қўйилишини танқид қилиб келадилар.

Мамлакатда Ўзбек мухолифати веб-сайтлари, мустақил оммавий ахборот воситаларининг Интернет саҳифалари очилмайди.

"Ўзбекистонда кишилар Интернетдан қандай мақсадда фойдаланадилар", деган саволга Фарғона вилоятида истиқомат қиладиган фаол уч мақсадни тилга олади.

"Кўпчилик учун Интернет янги нарса. Улар замон билан ҳамқадам бўлиш мақсадида Интернетга кирадилар. Кейин танишув сайтларига кирадиганлар кўпчиликни ташкил этади. Ўғил болага қиз бола керак, қиз болага ўғил бола керак. "Одноклассники.ру" порталига кирадиганлар, "Mail.ru электрон почтасидан фойдаланишади. Кейингиси, Интернет телефон алоқасидан арзон бўлгани учун одамлар чет элдаги яқинлари билан Интернет орқали мулоқот қилишади", дейди Баҳодир Элибоев.

Журналист ва Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари Ташаббус гуруҳи веб-саҳифаси муҳаррири Баҳодир Элибоев билан суҳбат

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди